Имомларни ҳаддидан ошишлари тобора авжига чиқяпти

Имомларни ҳаддидан ошишлари тобора авжига чиқяпти
33 views
27 January 2019 - 11:22

Жума кунлари Имомларни ҳаддидан ошишлари тобора авжига чиқяпти. Ҳар жума дилни хира қиладиган Амри мункар, наҳий маъруфларга дуч келяпмиз.

8 – декабрь арафасида жума маърузаларида янграган гаплар мусулмонлар ва дин устидан очиқчасига кулиш эди. Таб тортмасдан конституцияни Қуръонга боғлаб қўйиш, конституцияни Қуръонга тенглаб қўйиш ҳолатлари кузатилди. Янги йил ҳалолланди.

Хуллас, Имомларни бу каби гапларни уялмасдан, мусулмонлар юзига қараб туриб айта олишларига биз сабабчимиз. Ҳа, тўғри, Имом Аллоҳдан қўрқиши керак. Имом Аллоҳдан қўрқмасдан, раҳбарлардан қўрқиб хоҳлаганини гапира оляптими, демак, биз айбдормиз. Имомлар бизни ҳурмат қилмагани, бир тийинга олмагани учун хоҳлаган гапини гапиряпти. Хоҳлаганича юқоридагилар чалган куйга ўйнаб беряпти. Ўзи ўйнагани етмай, бизни ҳам ўйнашга мажбур қиляпти. Имом халқнинг, мусулмонларнинг вакилидир. Бизни Имомлар эса юқоридагиларни вакили. Юқоридагилар истаган динни бизга етказиш учун воситачига айланяпти. Халқни дардини ҳис қилмаса, халқни тушунмаса, халқ тарафда турмаса, халқни муаммоларини юқорига чиройли шаклда етказиб ҳал қилишни истамаса у қандай Имом бўлди? У Имом қандай қилиб Росулуллоҳга меросхўрлик мақомини олди?

Бош Имом хатиб Имомлик қиладиган масжидда Жумани ўқидим. Имом домла конституцияни мақтаб ётиб, бирданига ролга кириб “Конституцияга – муқаддас. Конституцияни ҳар бир моддаси Қуръондан олинган. Қуръонга мос тушади“, деди. Ёнимда ўтирган ёши катта амаки овозини чиқариб “Астағфируллоҳ“, деди. Мен ҳам амакига қўшилдим. Бир вақтни ўзида беш-олти киши баробарига “Астағфируллоҳ“, дедик. Имомни фикри чалғиди. Биз тарафга эътиборини қаратди.

Юқоридаги гапларни нима учун ёздим? Ўйлаб қолдим, Росулуллоҳ мункарни қўлимиз билан қайтаришга буюрганлар. Имомни хиёнати учун минбардан судраб тушиб, кетига тепиб юбориш қўлимиздан келмайди. Сабаби, ўнлаб қулоқлар масжидни кузатади. Қолаверса, бу ишни қилганга: 159, 244 нақд.

Қўлимиз билан қайтаришни эплай олмас эканмиз, ҳеч йўқ оғзимиз билан қайтарайлик. Имом алжирашни, Амри мункарни бошлаб юборганда чиқиб кета олмаймиз. Ҳамма ердаги хўрозлар бир-ҳил қичқиришга ўтиб олган. Ҳўшшайиб жим ўтиргандан, барчамиз: “Астағфируллоҳ“ни овоз чиқариб айтайлик. Масжид ичидан юзлаб, минглаб инсонлар “Астағфируллоҳ“ деса, масжид ичи бу овозлардан гурсиллаб кетади. Табиийки Имомни оғзи юмилади.

Шу иш орқали жамоатчилик назоратини ўрнатамиз. Қулоқлар ҳам юзлаб одамларни эслаб қола олмайди. Бир киши ёки икки кишини эслаб қолади. Лекин ҳамма баробарига айтса, қулоқлар “тасбеҳ ўгириляпти“, деб ўйлаб, бизга қўшилиб “Астағфируллоҳ“, дейди.

Амалда қўллаб кўрсак бўлади, назаримда.

Буни ўқиган, эшитган, билган ҳар бир инсон ҳамма яқинларига эринмай етказса, бир жумада бўлмаса ҳам тўрт, беш жумада натижага эришсак бўлади.

АСТАҒФИРУЛЛОҲни айтиб тавба қиламиз, савоб оламиз ҳамда мункарни эшитишдан қутуламиз.

Мен бошлаб бердим: АСТАҒФИРУЛЛОҲ.

Саййид Ислом

facebook.com