“Аё, дўзах мани куйдур, халойиқ куймасун ҳаргиз”

“Аё, дўзах мани куйдур, халойиқ куймасун ҳаргиз”
32 views
28 January 2019 - 9:00

“АЁ, ДЎЗАХ МАНИ КУЙДУР, ХАЛОЙИҚ КУЙМАСУН ҲАРГИЗ”

Раҳимбобо Машраб (1640-1711) валий эрдиларми?

“Раҳимбобо шартаки, айтмиш сўзидан тонмас, баланд бўйли, сарви қомат, кенг пешона, сочлари фатила-фатила, ола кўзларидан мудом ўт чақнаб, назари тушмиш кимсани жону жаҳонини ўртаб юборгудек. Вужуди, наинки вужуди, жумла йўқу бори гўё ашъор оташига йўғрилуб, мудом шу оташда куюб ўртангувчи эрди. Ва хушовоз хонанда, сетор ва танбурни бағоят нозик ва нафис чертар эрди. Раҳимбобонинг ҳақ сўзи, оташнок ашъори нопок дилларни куйдургувчи эрди” …

Раҳимбобо Машраб ҳаёти ва фаолияти ўзига хос, мураккаб бир ҳолатда кечган. У болалигидан ёши улуғ кишиларни шошириб қўювчи зукколиги, ўткир ақли ва истеъдоди билан тенгдошларидан кескин ажралиб турган. Маънавий покликни ўзига шиор қилиб олган Машраб нафсоний истаклардан тўла воз кечган, оила ва мол–дунё қилмаган. Ноҳақликка муросасиз бўлганлиги, золим амир–амалдорлар ва риёкор зоҳидларни танқид қилган.

Шоҳ Машраб ўз даврининг улкан мутафаккири, буюк сўз устаси, халқнинг чинакам ғамхўри, Тангрининг девонавор ошиғи, кароматсоҳиб валиюллоҳи эди. Унинг тафаккур доираси замон ва макон қолипларига сиғмади.

1711 (ҳижрий 1123) йилда Шоҳ Машраб Балх шаҳрига боради. Шаҳар ҳокими Маҳмуд Қатағон билан кескин баҳсга киришади ва халқни қийнагани учун “ Сан юртга ўлтурдинг”деб ҳақорат қилади. Аламига чидай олмаган Маҳмуд Шоҳ Машрабни дорга осишга ҳукм қилади. Машраб Насимий ва Ҳаллож каби дор остида сўнгги сўзини айтди:

Чун қўлум бирлан аёқим боғламоқ ҳожат эмас,
Ман ўлумга розидурман, тургали тоқат эмас.
Мунча шиддат бирла бошим кесгали зўр айлама,
Баски, одам қони тўкмак санга ҳам тоат эмас.

Умр чун барқи ҳаводис, ғофил одам билмади,
Ойу кун оромига бир лаҳзае фурсат эмас.
Лашкари хунрез бўлса сабру ором қайда бор?!
Мажнуни девоналардин шоҳға (ҳам) роҳат эмас!

Чун муборак бўлсун, эй, Машраб, қизил қонинг санинг,
Хўб иш бўлди санга, жон берганинг офат эмас!

Шу тариқа Тангрининг эрка бандаси шаҳидлик даражасига эришди. Шоҳ Машрабнинг қабрлари ҳозирги Афғонистоннинг шимоий шарқида Қундуздарё юқори оқимида жойлашган Ишкамиш шаҳридан жой олди. Валлоҳу аълам…

facebook.com