Марказий Осиёда коррупция муаммоси кескинлигича қолмоқда

Марказий Осиёда коррупция муаммоси кескинлигича қолмоқда
116 views
29 January 2019 - 14:29

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Маркази Берлинда жойлашган Transparency International ташкилотининг янги ҳисоботи хулосасига кўра, Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиёсида жойлашган аксар давлатда коррупция жиддий муаммолигича қолмоқда.

Ташкилот ҳар йили чоп этадиган “Коррупцияни қабул қилиш индексига киритилган 180 давлатнинг учдан икки қисмидан кўпроғи 100 баллик баҳолаш тизимида 50 дан паст балл олган.

Янги ҳисоботда 16 балл олган Афғонистон рўйхатнинг 172-поғонасига қўйилган. 33 балл олган Покистон эса 117-ўринда.

Ўзбекистон эса 23 балл билан 158-ўринда. Ўтган йилда мамлакат 22 балл билан рўйхатнинг 157-поғонасидан ўрин олган эди.

Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси учун ўртача кўрсаткич 35 баллни ташкил қилган. Бу эса 32 балл олган Африка қитъасидан юқори, холос.

Шарқий Европа ва Марказий Осиё гуруҳига Албания, Босния-Герцеговина, Косово, Македония, Черногория, Сербия, Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Грузия, Молдова, Россия, Украина, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон киритилган.

88 балл олган Дания коррупция энг кам давлат деб топилиб, рўйхатнинг биринчи қаторига қўйилди. Иккинчи ўринга 87 балл олган Янги Зеландия қўйилган.

Янги ҳисоботга киритилган давлатлар учун ўртача балл 43 баллни ташкил қилган.

“[Шарқий Европа ва Марказий Осиё]да ҳар бир давлатга 100 балл ичидан 45 ёки ундан ҳам кам балл берилди. Бу эса коррупцияга қарши курашда деярли прогресс йўқлигини кўрсатади”, дейилади ҳисоботда.

“Сиёсий ироданинг йўқлиги, заиф институтлар, ҳамда чекланган сиёсий ҳуқуқлар коррупция ҳеч бир қаршиликсиз кенг тарқалишига замин яратади”.

Ҳисоботда жаҳондаги умумий вазият ҳам ачинарли эканлиги эътироф этилган. Хусусан, Transparency International мутахассисларига кўра, аксар давлатларда коррупцияни қаттиқ назоратга олиш йўлида чора кўрилмаётгани дунё бўйлаб “демократия бўҳронини” келтириб чиқармоқда.

Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасининг энг коррупциялашган давлати деб Туркманистон топилди ва 20 балл билан рўйхатининг 161-поғонасига қўйилди.

Россия тўплаган балл ўтган йилга солиштирганда 29 дан 28 га тушган ва мамлакат Эрон билан бир қаторда 138-ўринга қўйилган.

Минтақада энг коррупция оз давлат деб 58 балл тўплаган Грузия топилган (41-поғона).

Арманистон 35 балл билан 105-ўринга қўйилган бўлса-да, ҳисоботда Никол Пашинян ҳукумати жорий қилиб келаётган ислоҳотлар ҳақида оптимизм изҳор қилинган. Коррупцияга қарши курашган собиқ журналист ҳамда мухолифатчи Пашинян ўтган йилда оммавий норозилик намойишлари ортидан ҳукумат тепасига келган эди. Transparency International ходимлари сўзларига кўра, Арманистонда янада кўпроқ натижага эришиш учун суд тизимини ислоҳот қилиш ҳамда фуқаровий жамият ролини ошириш керак бўлади.

Transparency International, шунингдек, сайланган сиёсатчиларни коррупция туфайли юзага келадиган норозилик намойишлари ҳақида унутмасликка чорлаган.

Европа Иттифоқига аъзо Руминия (47 балл) ва Болгария (42 балл) рўйхатнинг мос равишда 61- ва 77-поғонасига қўйилган.

АҚШ эса 2011 йилдан бери илк маротаба энг коррупция оз 20 давлат қаторига киритилмади: 71 балл тўплаган Америка ўтган йилга солиштирганда тўрт поғона пастлаб, 22-ўринга тушиб қолган.

ЎХҲ ахборот бўлими