Атиргул

Атиргул
36 views
03 February 2019 - 7:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

АТИРГУЛ

Сўққабошнинг остонасига
Бекитиқча ташланган етим…
Сени кўриб, тушдим ларзага,
Сени кўриб, титрадим-кетдим.

Кўрмагандим кўп вақтлар бўлди
Бундай алвон, сўлим дийдорни.
Борми, ахир, бундан ортиқ бахт,
Бундан ортиқ саодат борми?

Ким хаёлга келтирди экан
Бу ерларга сени экишни.
Мен лол қотдим… билмаётирман
На қувониш, на ғам чекишни.

Ағдар-тўнтар бўлди борлиғим,
Бу қандай ҳол, бу қандай фасл.
Салом сенга, қатағон ишқнинг
Эй ловуллаб турган меваси.

Чигит кўмилганди бағримга
Ҳар эгат бир дардли сатр-ку.
Уруғингни қайси бир лайлак
Ташлаб кетди, айтгил, атиргул.

Ҳеч ким сени топтамай ўтсин,
Илтижоман, ўтинч, ноламан.
Юз йил боши ғўзадан чиқмай.
Бир атиргул унган даламан.

Бўғзимдаги сиртмоқ кесилди,
Билдим, надир толе, надир гул…
Гала-гала лайлаклар келсин.
Атиргулим, жоним атиргул!

* * *

Бир ўлкаки…
Ойбек

Бир ўлкаки, қаро, тимқаро,
Кўзлари оқ, оқдир тишлари.
Бир омади — совқотмайди ҳеч,
Терга ботиб ўтар қишлари.

Шундай қизғин меҳнатга ёрдир,
Бир лаҳза ҳам бекор вақти йўқ.
Ҳамма-ҳамма нарсаси бордир,
Бечоранинг фақат… бахти йўқ.