Каримов даврида бекор қилинган сиёсатшунослик фанини Мирзиёев тиклади

Каримов даврида бекор қилинган сиёсатшунослик фанини Мирзиёев тиклади
30 views
31 January 2019 - 21:05

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёевнинг Германия Канцлери Ангела Меркель билан учрашувида кўтарилган бир савол ортидан 8 кун ўтиб Ўзбекистонда сиёсатшунослик фанини ўқитиш қайта тикланган. Германияда таҳсил олувчи Туронбек Казаков икки давлат раҳбари суратга тушиш учун журналистлар қаршисига чиққанида Мирзиёевдан 2015 йили ман қилинган сиёсатшунослик фанини қайта тиклашни сўраганди.

“Мен, “Шавкат Миромонович, савол берсам майлими”, дедим. Сиз қаердан бўласиз, деди. Мен Туронбекман, Самарқандданман, саволим эса Ўзбекистонда 2015 йили сиёсатшунослик фани ман қилинган. Ўша сиёсатшунослик фанини қайта тиклаш мумкинми? Шавкат Миромонович жавоб бермоқчи эдилар, мен саволимни Ангела Меркелга таржима қилиб бердим. Ўшанда Меркель, “узр, бу саволингизга ҳозир жавоб беролмаймиз, лекин саволингизни юқорида бўладиган суҳбатда Шавкат Миромонович билан муҳокама қиламиз”, деб Шавкат Миромоновичнинг жавобларини бўлиб қўйди”, деганди учрашувдан чиққан Туронбек Казаков Би-би-си билан суҳбатда.

Савол берилганидан сўнг Германияда сиёсатшунослик бўйича магистратурада ўқиётган Туронбекнинг олдига Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасидан ходимлар келади ва у билан қизиқа бошлайди.

Саволдан сўнг Туронбек Казаков билан элчихона ходимлари қизиққан
Саволдан сўнг Туронбек Казаков билан элчихона ходимлари қизиққан

Элчихона ходимлари Туронбек Казаковни бу каби саволлар бериш унинг келажакдаги карьерасини савол остига қўйиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Ушбу савол Германия Канцлери ва Шавкат Мирзиёев ўртасида муҳокама қилингани ёки қилинмагани маълум эмас.

Бироқ учрашувдан 8 кун ўтиб, 29 январ куни Шавкат Мирзиёев Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида Сиёсатшунослик кафедраси очиш тўғрисида қарор чиқарди.

2015 йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буйруғига кўра, ушбу фан мавзулари “бир бирини такрорлагани ва Ғарбда кенг тарқалган назариялар тўғрисида маълумот беришга асослангани” учун фан сифатида бекор қилинган.

Талабаларни бу йўналиш бўйича ўқишга қабул қилиш 2000 йилда тўхтатилган эди.

Президент қарорида айтилишича, кафедра 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб талабаларни қабул қилади.

Сиёсатшунослик бўйига бакалаврга 20 талаба ўқишга қабул қилинади. Шундан 5 таси давлат гранти асосида бўлади.

“Амалий сиёсатшунослик” бўйича 10 талаба магистратурага қабул қилинади. Шундан иккитаси давлат гранти асосида.

Шунингдек, “Сиёсий фанлар” таянч докторантура йўналиши учун 4 та, докторантурада 2 та.

Ўзбекистон олийгоҳлардаги сиёсатшунослик кафедралари ҳеч қандай расмий изоҳларсиз 2010 ўқув йили учун талабаларни қабул қилишни тўхтатди.

2013 йилдан бошлаб эса кафедра ва факультетлар ёпила бошлаган.

Сиёсатшунослик – Ғарб назариясини ўқитгани учун бекор қилинсин

2015 йили Ўзбекистонда сиёсатшунослик фани бекор қилингани расман эълон қилинди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буйруғига кўра, ушбу фан мавзулари “бир бирини такрорлагани ва Ғарбда кенг тарқалган назариялар тўғрисида маълумот беришга асослангани” учун фан сифатида бекор қилинган.

Буйруқ чиқариш учун асос бўлган хулосага кўра, ушбу фан бўйича Ўзбекистонда чоп қилинган китобларда Ўзбекистонга хос бўлган тараққиёт йўли, “Ўзбек модели”нинг асосий тамойиллари атрофлича тушунтирилиб берилмаган.

Тошкентдаги 3 олийгоҳда Сиёсатшунослик оид бир неча фандан дарс берган Фарҳод Толипов Президент қарори ҳақида гапириш эрта эканлигини айтади.

“Бу ҳақда ҳали гапиришга эрта, чунки қарор фақатгина Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетига тегишли. Кафедра очилсин дейилган. Лекин бошқа етакчи университетлар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Шунга мен бироз ҳайрон бўлиб турибман. Бошқаларида нимага очилмади, деб бу соҳа олимлари Facebook да муҳокама қилишяпти. Бу биринчи қадам бўлса керак, деб умид қиляпмиз”, дейди у.

Фарҳод Толипов Ўзбекистонда сиёсатшунослик фанига нисбатан бўладиган айрича муносабат нотўғри эканлигини айтади.

“Сиёсатшунослик кафедраларининг очилишини ҳам ёпилишини ҳам ҳиссиёт билан қабул қилганман. Бу фанга нисбатан ўзгача муносабат кузатиляпти. Бошқа фанлардан ажратиб қўйилгандек муносабат билдириляпти. Аслида бу фаннинг бошқаларидан устунлиги ҳам камчилиги ҳам йўқ, тенг”.

Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, бошқача сифатларни сиёсатшуносликка боғлаб тасаввур қилиш ва хулоса қилиш нотўғри.

“Бошқа фанлар атрофида бу каби шов-шувлар йўқ. Нимага айнан шу фан. Номида сиёсат ўзаги тургани одамларни янглиштиряптими. Доим таъкидлайман, сиёсатшунослик бу сиёсат эмас, сиёсатчилар эса сиёсатшунос эмас. Бу фан. Унга нисбатан махсус муносабат билдирилиши мени ҳайратга солган”, дейди у.

Фарҳод Толиповга кўра, Ўзбекистонда бу фанга қизиқувчи ёшлар талайгина. “Улар ўқиш истагида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети бостириб бомайди-ку. Бошқа университетларга ҳам берилиши керак”, – дейди у.

ЎХҲ ахборот бўлими