Қизил хўроз

Қизил хўроз
87 views
31 January 2019 - 22:32

(Расмда Вячеслав Охунов 1984 йилда)

Қизил хўроз
(расм дарслари туркумидан)

Ўйлаб қарасам шу кунгача ўнлаб одам¸юзлаб ҳолат менга расмдан дарс берибди. Мен ҳам 1984 йилдан то 1990 йилгача ўрта мактабда расмдан дарс бердим. Ундан кейин ҳам рассомлик борасида биров маслаҳат сўраса аямадим. Менга расм санъатини ўргатган устозларни бир-бир эслаб¸хотираларни қоғозга тушириб қўйишни ҳайрли иш деб билдим….

1984 йили институтни тугатиб Тошкентдан Хоразмга келганимда ҳали очилмаган суратлар галереясига ишга тайинлашди.

Ал Хоразмий юбилейи муносабати билан музейнинг тантанали очилиш тадбири бўлди.

ЮНЕСКО вакили¸ СССР маданият вазири ва Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбарларидан Айтмуродов ва яна ўнлаб киши келган эди.

Ўшанда мен умримда илк бор қўлимга кўрсаткич таëқ олиб экскурсоводлик қилдим.

Галереяда осиғлиқ расмлар мазмунини бу мулозимларга англатиш вазифаси юкланган эди менга.

Экскурсияни бошлаганимнинг иккинчи дақиқасида бу жанобларнинг тасвирий санъатдан ҳеч қандай билими йўқлигини тушуниб етдим.

Бу “ўртоқлар” миясидаги қоронғуликни маърифат фонари билан ëритиш истаги пайдо бўлди ичимда.

Ўша пайтда мен ҳафтада икки марта мактабда расмдан дарс берардим.

Ҳукумат мени 4 йил давомида ўқувчиларга қандай дарс бериш ва уларни диққатини 45 дақиқа мобайнида битта фокусда ушлаб туриш ҳунарига ўргатган эди.

Бу казо казо мулозимлар ўқувчи мен эса ўқитувчи мақомига ўтдим ва уларга қараб овозимни баландлатдим ” Рангтасвир бу кўриладиган поэзиядир буни мен эмас Леонардо айтган” дедим ва атайлаб рассом исмини калта айтдим.

Мулозимлардан бири билағонлигини намойиш қилиш учун “Да Винчими?” деди.

Мен унга қараб “Офарин” дедим. Бошқа мулозимлар бу билағонга ҳавас қилиб менинг оғзимга қарашди.

Энди савлатидан от ҳуркадиган бу мулозимлар эркию тизгини қўлимда эди.

Ўзини дунë тегирмонини айлантираман деб ўйлаган амалдорлар сония ичида мишиқи болаларга дўнди.

“Сиз албатта рассом тасвирлаган хўрознинг нега қизил эканлигини билмайсиз” десам. “Ҳа билмаймиз аммо билишни истаймиз” дея менга термулишди.

“Қизил хўроз бу бошланиш¸ тозаланиш тимсоли. Бу тимсол Ирландия ва Шотландиядаги деворий суратларда акс этган..”

Мулозимлар ошиғич иштиëқ билан бир менга бир расмларга тикилишар эди.

Кўргазмада азиз дўстим Вячеслав Охуновнинг “Ëнғин” деган асари осиғлиқ эди.

Асарда қовун полизда қурилган чайла томида яланғоч ëтган эркак ва аëл тасвирланган эди.

Улар ухлаб ëтишибди¸ чайлага эса ўт кетган.

Мулозимлар бу асарга ошкора ҳадик билан қарашди.

Хатто вилоят раҳбари уруш ветерани Мадиëр Худойберганов терлаб қўлрўмоли билан пешонасини арта бошлади.

Мен мулозимларни асарга диққат билан қарашга таклиф қилдим.

Айтмуротов яқиндан кўрадиган кўзойнагини кийиб асарга тикилиб қаради.

Бундан беш дақиқа олдин кўрганингиз “Қизил хўроз” расмини эсланг дедим.

Улар қобил болакайлар каби дарров эслашди.

“Қизил хўроз бу бошланиш ва тозланиш (Очишения) тимсоли. Унинг қичқириғи билан кун бошланади. Олов ҳам тозаланиш тимсоли. Масалан Островскийнинг романи номини ким эслайди деб уларга атайлаб савол ташадим. Ҳаммаси бир овоздан “Пўлат қандай тобланди” деб жавоб беришди. (Ўша давр мулозимлари китоб ўқирди)

Мен уларга яна савол билан мурожаат қилдим. “Ўзи қандай тобланади пўлат” дея.

Мулозимлар бу саволга аниқ ва тафсилотлар билан жавоб қайтарди. “Пўлат оловда тобланади”.

Уларга қараб бош бармоғимни тепага кўтариб олқиш билдирдим ва расмга изоҳ бердим.

“Бу ерда икки бир бирини севган инсоннинг оловда тобланиши акс этган ” дедим.

СССР маданият вазири севинч кўзлари билан менга боқиб охиста чапак чалди. Бошқалар ҳам менга миннатдорлик билан қарашди. Бутун эскурсия давомида ўзини хозир портлайдиган мина устида ўтирган каби ҳис қилган вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Йўлдош ака кейинроқ алоҳида миннатдорчилик билдирди. Раҳматли Йўлдош аканинг эслашича бу казо казо мулозимлар музейдан чиқиб ҳам картиналар мавзусини муҳокама қилишган. Мен учун бу навбатдаги расм дарси эди .
(Расмда Вячеслав Охунов 1984 йилда)

Шуҳрат Бобожон

facebook.com