“Золим эди, зулм билан умри ўтди“

“Золим эди, зулм билан умри ўтди“
34 views
01 February 2019 - 11:27

Бугун жанозада қатнашдим. Ҳар сафар жанозага борсам, кун бўйи мазам қочиб юради. Нимагадир қаттиқ таъсир қилади. Амалларим ғариб эканлигидан ўлимни эслаб, қўрқиб кетсам керак, эҳтимол.

Марҳум ҳақида унча яхши маълумотга эга эмас эдим. Одатда одамлар қабристонга маййит элтиб қўйилгунга қадар марҳум ҳақида гапириб кетишади. Ҳар сафар бир ҳил сценарий бўлади. Қандай вафот топгани, касал бўлган-бўлмагани, қандай инсон бўлгани ва нима амаллар қилганини ёши катта отахонлар гапириб кетишади.

Кимнидир кулиб, кимнидир йиғлаб, яна кимнидир шунчаки бепарволик билан эсланади. Кимгадир эса лаънат айтилади.

Бугун ана шундай суҳбатларни учтасига гувоҳ бўлдим. Уч даврада марҳумни бир-ҳил сўзлар билан эътироф этишди: “раҳматли жуда яхши одам эди. ҲEЧ КИМГА ОЗОР БEРМАС ЭДИ. ҲEЧ ҚАЧОН ДИЛ ОЗОРЛИК ҚИЛМАГАН, БИРОВНИ КЎНГЛИГА ОЗОР БEРМАГАН инсон эди“.

Бир қарашда оддий гап эди. Аммо инсон юз йилми, эллик йилми қанча умр кўрмасин ўзидан яхши из қолдира олиши керак. Сахий эди, яхши инсон эди, бой эди, ҳурматли эди, фалончи-пистончилардан эди, қори эди, олим эди, деган сўзлардан кўра “БEОЗОР ОДАМ ЭДИ. Ноҳақдан ҳеч кимга озор бермас эди. Қўлидан келса ҳаммага яхшилик қилар эди“, деб эсланмоқлик энг катта бахт бўлса керак.

Инсон олим бўлиши мумкин, инсон энг катта илм эгаси бўлиши мумкин, инсон амалдор бўлиши мумкин, аммо шу билан бирга золим бўлиши ҳам мумкин. Аксар инсонларда бойлик, куч, қудрат, амал, илм келгани сари зулми ортиб бораверади. Ҳалимлик, тавозелик сифатлари бегона бўлиб бораверади.

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Қўли билан ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир.“ (Имом Бухорий ривояти)

Кеча бир инсонни туғилган куни бўлди. Уни эслаганда юқоридаги гапларни буткул акси айтилади. Минглаб инсонларни ёстиғини қуритган, минглаб инсонларга зулм қилган, минглаб оталарни боладан, акаларни укадан, оналарни боладан ажратган инсонни эслаганда доим “Аллоҳ кифоя қилсин“, дейман. “Золим эди, зулм билан умри ўтди“, деб эслайман.

Аллоҳ бизни зулм қилишдан асрасин. Ортимиздан эсланганда “Беозор эди. Ҳеч кимга озор бермас эди“, деб эсланмоқликни насиб этсин. Шу одамлар қиёматда ҳам фойдамизга гувоҳлик берсин.

Аллоҳ золимлардан бўлишимиздан асрасин. Золимга хизматчи бўлишдан паноҳ берсин. Золимни зулмига рози бўлувчилардан қилмасин.

Саййид Ислом

facebook.com