Провайдер абонентларга Facebook ва YouTube’га кириш учун пулли хизмат таклиф қилди

Провайдер абонентларга Facebook ва YouTube’га кириш учун пулли хизмат таклиф қилди
18 views
01 February 2019 - 11:35

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистонда Facebook ва YouTube очилмаётгани ортидан провайдерлар бу тармоқларга кириш бўйича пулли хизматларни таклиф эта бошлаганлар.

Маҳаллий матбуотнинг 31 январда хабар беришича, ISTV интернет -провайдери Facebook ва YouTube тармоғига VPN’cиз ҳамда IP манзилни ўзгартирмай тўғридан-тўғри кириш имкониятини берувчи “Открыв@шка” пулли хизматини йўлга қўйди.

Хабарда айтилишича, провайдер мазкур хизматдан фойдаланган одамларга интернет тезлиги масаласида ҳам муаммо бўлмаслигини ваъда қилмоқда.

15 январь куни Ўзбекистонда 128 кундан буён кириш номаълум сабабларга кўра тақиқлаб қўйилган Facebook ижтимоий тармоғи ва YouTube халқаро видеопортали ниҳоят ишлай бошлаган эди. Бироқ ўша куни орадан 7-8 соат ўтар-ўтмас, яъни соат 18:00 дан кейин яна Facebook ва YouTube’га кириш имконияти тўсиб қўйилди.

Ўзбекистонда 2018 йилнинг сентябрь ойи бошида Facebook’дан фойдаланишда муаммолар юзага келганди, октябрь ойидан эса YouTube порталига ҳам ёрдамчи воситаларсиз кириб бўлмай қолганди.

Шундан кейин ўзбекистонликлар орасида хусусий виртуал тармоқ – VPN’дан фойдаланиш оммалашган, фойдаланувчилар шу восита орқали блокланган сайтларга кира бошлашганди.

ЎХҲ ахборот бўлими