Анаҳарсис – Туронлик буюк мутафаккир

Анаҳарсис – Туронлик буюк мутафаккир
36 views
02 February 2019 - 8:00

АНАҲАРСИС – ТУРОНЛИК БУЮК МУТАФАККИР

Мустақилликка эришгандан сўнг олиб борилган илмий тадқиқот ва изланишлар натижаси юртимиздаги маънавий-фалсафий фикрлар тараққиёти тарихининг илдизлари қадимги юнон цивилизацияси билан тенглаша олишини кўрсатди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Фалес билан бир мақомда турадиган, Салон билан баҳслашган мутафаккир файласуф Анаҳарсис Марказий Осиёдан етишиб чиққан эди.

Ҳаттоки Собиқ Иттифоқ давридаги адабиётларда ҳам қуйидаги мулоҳазаларни тан олишга мажбур бўлишган. “Қадимги Грециянинг машҳур мутафаккири Суқрот яқин вақтгача “ахлоқ фалсафасининг отаси” ҳисобланиб келинган эди. Шарқ маданияти билан чуқур танишиш натижасида XX-аср олимлари бу фикрдан қайтишга мажбур бўлиб, этика тўғрисидаги фикр ва мулоҳазалар анча бурун, яъни, бундан 26 аср олдин Шарқ мамлакатларида пайдо бўлган, деган фикрга келдилар” [2].

Ш.Хаитов бунда айнан Ўзбекистон заминини ҳамда унинг буюк файласуфлари, уларнинг асарлари (“Авесто”), хусусан, Анаҳарсис назарда тутилган бўлиши керак, дейди.

Юнон зодагонлари ва файласуф – нотиқларини ўзининг сўзга чечанлиги билан лол қолдирган Анаҳарсис ўта билимдон, истеъдодли, ҳозиржавоб, зукко, мантиқ илмини мукаммал эгаллаб, уни уни ҳаётда жуда яхши қўллай билган. Муаллифнинг ёзишича Анаҳарсис, борлиқ, билиш назарияси масалалари ва ҳақиқат мезонлари тўғрисида, инсон билимининг чексизлиги, нарса ва ҳодисалар моҳияти тўғрисида, ҳар қандай фикрга, ғояга нисбий ҳақиқат тарзида шубҳа билан қараш ҳақида асарлар ёзган. У биринчи бўлиб кема лангарини, кулолчилик чархини кашф қилган, деб эътироф этишади [4]. Ҳақиқатдан ҳам Юнонистонда етти донишманддан бири сифатида эътироф этилиши, бу Анаҳарсиснинг энциклопедик билим соҳиби бўлганлигини билдиради.

Анаҳарсис Марказий Осиё ҳудудида яшаган скиф миллатига мансуб бўлган. Анаҳарсиснинг аждодлари Амударё ва Сирдарё оралиғида яшаган бўлиб, эрон манбаларида – саклар ёки европа манбаларида эса скифлар деб юритилган. Анаҳарсисни скиф миллатига тегишли эканлигини Лаэртлик Диоген ўзининг “Машҳур файласуфларнинг ҳаёти, таълимоти ва ҳикматли сўзлари ҳақида” деган асарида кўрсатиб ўтади.

Марказий Осиёдан етишиб чиққан машҳур файласуф Анаҳарсис Юнонистонда бўлган ва маҳаллий аристократия вакилларини доимо лол қолдирган. Унинг Салон билан савол-жавобларини юнон файласуфи Гермипп қайд қилиб ўтган. Тадқиқотчилар мазкур асос ва далиллардан келиб чиқиб Анаҳарсисни дастлабки файласуфлардан бири деб, фалсафа фанини ўзбекистонлик Анаҳарсисдан бошланган деган фикрни илгари суради. Бундай фикрга келиш учун Ш.Хаитов асосан ғарбнинг қадимги давр мутафаккирлари ёзиб қолдирган манбаларга таянади. Масалан, Клавдий Элианнинг “Древные автори о Средней Азии”, Лаэртлик Диогеннинг “Машҳур файласуфларнинг ҳаёти, таълимоти ва ҳикматли сўзлари ҳақида, Аристотелнинг “Никомах этикаси”, шунингдек Гермипп, Дамон Кренскийнинг ёзиб қолдирган асарлари шулар жумласидандир.

Юқоридаги мулоҳазаларга таяниб Марказий Осиёда фалсафий фикрлар тараққиётиниинг ибтидоси қадимги Юнон фалсафаси билан тенгдош эканлигини таъкидлашга ҳақли деб ўйлаймиз. Анаҳарсисдек файласуфни Ўзбекистон заминидан етишиб чиккан бу тасодифий бир ҳодиса эмас , балки бу замин сарҳадида бутун дунё тан олган Абу Наср Фаробийдек файласуфлар, Абу Райхон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Аҳмад Фарғонийдек қомусий олимлар, Алишер Навоий каби буюк сиймолардан ташқари 100лаб Бухорийлар, 20дан ортик Пайкандийлар, юзга яқин Хоразмийлар, 20га яқин Термизийлар, 80га яқин Самарқандийлар, 20дан зиёд Фарғонийлар, 11та Марғинонийлар, 10лаб Тошкандийлар, 10 лаб Зоминийлар, Ғиждивонийлар, Нашабийлар, Насафийлар, Навоийлар, Накшбандийлар каби олим ва файласуфлар самарали ижод этганлар…

Фойдаланилган адабиётлар
1. Хаитов Шавкат. Муроса ва Ўзбекистон фалсафаси тарихига кириш. :Фалсафа ва
2. Хаитов Шавкат. Муроса ва Ўзбекистон фалсафаси тарихига кириш. …262 бет.
3. Ж.Бозорбоев. Етти донишманднинг бири. //Тафаккур, 2009й.1 сон. 84-86 бетлар
4. Хаитов Шавкат. Муроса ва Ўзбекистон фалсафаси тарихига кириш. … 266 бет.
5. Ўша асар 261 бет.

А.Азизқулов, С. Рўзимуродов

facebook.com