«Жаслиқ» маҳкуми Искандар Худойбергановнинг аҳволи оғирлашди

«Жаслиқ» маҳкуми Искандар Худойбергановнинг аҳволи оғирлашди
89 views
02 February 2019 - 11:41

Ўн саккиз йилдан ортиқ Ўзбекистоннинг «Жаслиқ» қамоқхонасида қолаётган 44 яшар сиёсий маҳкум Искандар Худойбергановнинг аҳволи ўта оғирлашган. Бу ҳақда «Элтуз»га 1 февраль куни маҳкумнинг Швецияда яшаётган синглиси Дилобар Эркинзода хабар берди.

«Милиция кийимидаги «Жаслиқ»дан келган бир шахс (қамоқхона ёки ГУИН ходими), бугун амакимнинг уйига келиб, «Искандар Худайберганов қариндошингизми?», деб сўраган, яъни акам ҳақида суриштирган. Ҳа, деган жавобни олгач, «Мен унинг олдидан келаяпман, аҳволи ўта оғир, жиддий касалланган, яқинларидан ким қамоқхонага бора олади?», дея сўрашган», деди Дилобар Эркинзода «Элтуз» мухбирига.

Бироқ, амакиси билан фамилиялари бир хил бўлмагани сабабли, ГУИН ходими унга ва бошқа қариндошларига учрашув бермаслигини билдирган.

«Қамоқхона ходими, амакимга чет элдаги яқин қариндошлари билан боғланиб, вазиятни тушунтиринг ва улар зудликда адвокат билан етиб боришсин қамокхонага, дея тайинлаб кетишган» деди маҳкумнинг синглиси.

Дилобар Эркинзоданинг «Элтуз»га билдиришича, муаммони ҳуқуқий асосда ҳал қилиш учун улар Тошкентдан адвокат ёллашган. Швед жамоатчилиги, жумладан Халқаро Амнистия вакилларига хабар етказилган.

Искандар Худойберганов 2002 йили жиноят кодексининг 14-та моддаси, жумладан жиноий уюшма тузиш, Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз, террорчилик, қотилликда айбланган. Айбловга кўра у «Ўзбекистон Исломий ҳаракати» (ЎИХ)га аъзо бўлган.

Судда иштирок этган «Хьюман Райтс Вотч» ташкилоти вакили Искандар Худойбергановнинг терговда калтаклангани, электр токи билан қийнашгани, МХХ ҳибсхонасига ўтказишганидан сўнг ухлашга қўйишмагани, «игнага ўтирғазишгани» ҳақидаги кўргазмаларини қайд қилган.

Дилобар Эркинзоданинг ўз акасини озод этиш учун олиб борган кампанияси, кўп жиҳатдан 2008 йили Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор этилишига ёрдам берган эди.

«Ўлим жазосига қарши моратория» натижасида Худойбергановга белгиланган қатл, узоқ муддатли қамоқ жазосига алмаштирилганди.

Юзага келган сўнгги вазият бугунги кунда Швециядан сиёсий бошпана олиб яшаётган маҳкумнинг ота онаси ва ёлғиз синглисини жиддий ташвишга солмоқда.

Манба: Eltuz.com