Туркистон мухторияти ўлкамиздаги илк миллий-демократик давлат эди

Туркистон мухторияти ўлкамиздаги илк миллий-демократик давлат эди
28 views
04 February 2019 - 9:00

1917 йилнинг ноябрида Қўқон шаҳрида ўлкадаги илк демократик давлат – Туркистон мухторияти тузилди. Аммо бу мухторият 1918 йилнинг 15-18 февраль саналарида большевиклар томонидан йўқ қилинди. Атиги 72 кун фаолият кўрсатган Туркистон мухторияти бугунгача эрк, озодлик тимсоли сифатида Марказий Осиё халқлари қалбида яшаб келмоқда.

Аммо бу мухторият 1918 йилнинг 15-18 февраль саналарида большевиклар томонидан йўқ қилинди. Атиги 72 кун фаолият кўрсатган Туркистон мухторияти бугунгача эрк, озодлик тимсоли сифатида Марказий Осиё халқлари қалбида яшаб келмоқда.

1917 йилнинг март ойида Тошкентда ташкил топган «Шўрои Исломия» ва «Шўрои Уламо» жамиятлари ҳаракат дастурида истиқлол ғоялари ифода этилди. Мухторият ғояси ўша йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган «Шўрои Уламо» қурултойида биринчи марта расман илгари сурилди. Жумладан, қурултой қарорида шундай сатрлар бор: «Жаноб Муҳаммадхожи Эшон ва Мулла Сиддиқхожи эшонларнинг бошқарув тузилиши ҳақидаги маърузаларини эшитиб, қурултой аҳли Туркистон Мухториятини таъсис этишга бир овоздан қарор қилди». Бу ғоя худди унумдор тупроққа тушган соғлом уруғ каби тезда уна бошлади. Шу вақтда Туркистон ўлкасида фаолият кўрсатаётган «Турон», «Иттифоқ» (Тошкент), «Мирваж ул-ислом», «Клуб исломия» (Самарқанд), «Мусулмон меҳнаткашлари иттифоқи», «Озод халқ», «Ҳуррият», «Маърифат», «Мафтаҳ ул-маориф», «Сана ул-ислом» (Андижон), «Равнақ ул-ислом», «Гулистон» (Каттақўрғон), «Муайин ат-толибин» (Хўжанд) каби жадид ташкилотлари ҳамда Туркистон федералистлар партияси ўзларининг сиёсий ҳаракатларини айнан шу ғояни оммалаштиришга қаратди. Туркистон федералистлар партияси Россия доирасида Туркистон маҳаллий аҳолисига миллий-ҳудудий мухторият берилиши тарафдори бўлиб чиқди.

Туркистон мухторияти тарихини ўрганган профессор Н.Каримовнинг маълумот беришича, «Октябрь тўнтариши арафасида Кавказдан Сибирга ўн минг нафар Чор Россияси армияси қўшини ўтган. Большевиклар таъсиридан ҳоли бўлган ана шу катта ҳарбий куч Тошкентда тўхтаб турганида Мунаввар Қори ва Убайдулла Хўжаев қўшин қўмондони билан мулоқот қилади. Икки ўртадаги келишувга кўра ўлка марказий мусулмонлар Шўроси, аниқроғи, «Шўрои Исломия» шу қўшин ёрдамида ҳокимият тепасига келиши лозим эди. Сўнг қўшин Марказий Туркистон давлати расман шаклланиб, кучга киргунга қадар шу ерда туриши, ишчи ва солдат шўроларини қуролсизлантириши, кейин эса ўз қурол-яроғини Туркистон ҳукумати ихтиёрига топшириб, тарқалиши зарур эди. Қўшин қўмондони билан келишувга кўра туркистонликлар гарданига фақат молиявий харажатларни олганлар. Бунинг учун эса икки миллион сўм даркор бўлган».

Мунаввар Қори, Убайдулла Хўжаев ва бошқа миллий етакчиларнинг ташвиқотига қарамай, ўлкадаги бой ва савдогарлар бу пулни йиғиб бермаган. Орадан бир йил ўтар-ўтмас большевиклар ўлка бойларининг мол-мулкини мусодара этдилар, кейинчалик уларни узоқ ўлкаларга бадарға қилди.

28 октябрда Тошкент ҳокимияти Ф.Колесов бошчилигидаги большевиклар қўлига ўтди. 27 минг ишчи ва деҳқонлар бу ҳокимиятни қўллаб-қувватлади. Туркистон ўлкаси солдат, ишчи-деҳқонлар советининг 1917 йил 15 ноябрда Тошкентда ўтказилган съездида «Ҳозирги вақтда мусулмонларнинг ўлка инқилобий ҳокимиятини олий ташкилотга киритиш мақсадга мувофиқ эмас», деган қарорга келинади. Бу эса янги хўжайинларнинг ўн миллион туркистонликларнинг миллий ҳақ-ҳуқуқларига қандай паст назар билан қараганликларини ошкор этади.

Мухторият тарафдорлари Тошкентда ташаббусни қўлдан бой бергач, миллий ҳаракат маркази Қўқонга кўчади. Бу ерда Туркистон ўлкаси мусулмонларининг IV фавқулотда съезди ўз ишини бошлайди. Туркистон мухториятининг таъсис мажлиси сифатида тарихга кирган бу сиёсий анжуманда ўлканинг турли ҳудудларидан ўзбеклар, қозоқлар, тожиклар, қирғизлар, туркманлар, руслар, яҳудийлардан иборат 200 нафардан зиёд вакил иштирок этади. Шу мажлисда Туркистон мухторияти тузилади ва бу ҳукумат таркиби қуйидагича эди:

Муҳаммаджон Танишпаев – бош вазир, ички ишлар вазири, 2-чақириқ давлат думаси аъзоси, муваққат ҳукумат Туркистон комитетининг аъзоси, йўл муҳандиси;
Ислом Султон Шоаҳмедов – бош вазир ўринбосари, Бутунроссия мусулмонлари кенгаши марказий қўмитаси аъзоси, ҳуқуқшунос;
Мустафо Чўқаев – ташқи ишлар вазири, Туркистон мусулмонлари марказий шўроси раиси, ҳуқуқшунос;
Убайдулла Хўжаев – ҳарбий вазир, Бутунроссия мусулмонлари кенгаши марказий қўмитаси аъзоси, ҳуқуқшунос;
Юрали Агаев – ер ва сув бойликлари вазири, агроном;
Обиджон Маҳмудов – озиқ-овқат вазири, Қўқон шаҳар думасининг раис ўринбосари, тоғ-кон саноати муҳандиси;
Абдураҳмон Ўразаев – ички ишлар вазирининг ўринбосари, ҳуқуқшунос;
Соломон Герцфельд – молия вазири, ҳуқуқшунос.

Туркистон мухторияти ҳақидаги хабар ўлканинг барча бурчакларида қувонч ва мамнуният билан кутиб олинди. Абдурауф Фитрат «Мухторият» номли мақоласида шундай дейди: «Темур ҳоқоннинг чин болалари ёнида, туркистонли тубчак турклари орасинда, мундан уғурли, мундан муқаддас, мундан суюнчли бир сўзни борлиғига ишонмайман. Туркистон туркни қонини қайнатувчи, иймонни юксалтирувчи бир қувват бор эса ёлғиз шу сўзда бордур: Туркистон мухторияти!

Эллик йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик, қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қопонди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмулди, номусимиз ғасб қилинди, ҳуқуқимизга тажавузлар бўлди, инсонлигимиз оёқлар остиға олинди – тузимли турдик, сабр этдик. Кучга таянган ҳар бир буйруғга бўйсундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадик, яшунтурдик, имонларимизни авраб сақладик: Туркистон мухторияти!

Маҳкама эшикларидан йиғлаб қайтганда, ёруқсиз турмаларда ётганда, йиртғувчи жандарманинг тепгиси билан йиқилганда, юртларимиз ёндурулғанда, диндошларимиз осилғанда онгимиз йўқолди, миямиз бузулди, кўзимиз ёруқсиз қолди, бирор нарсани кўролмадик. Шул чоғда, тушгун руҳимизни кўтармак учун шул қоп-қоронғу дунёнинг узоқ бир ерида ойдин бир юлдуз ялқиллаб турар эди. Бирор нарсага ўтмаган кўзимиз шуни кўра эди. Ул нима эди? Туркистон мухторияти!».

Туркистон мухторияти том маънода ҳуқуқий демократик тамойилларга асосланган ҳукумат эди. Унинг маромномасидаги бандлар шундан далолат беради:
– Ҳар ким ўз фикрини, ҳаёлини сўйламоққа, матбуот ва бошқа воситалар ила нашр ва эълон қилмоққа ихтиёрлидур;
– Жамият ёки бир иттифоқ ясамоқ учун ҳеч кимдан рухсат сўрамоққа эҳтиёж йўқдур;
– Ҳуррияти виждон том маъносила ижро қилиниб, аҳолидан ҳеч ким дини, мазҳаби ва эътиқоди учун тақиб ва тазйиқ қилинмас.

1917 йилнинг 1 декабрида Наманган, 6 декабрида Жалолобод ва Ўш, 13 декабрда Тошкент, ундан кейин Самарқанд ва Каспийорти (ҳозирги Туркманистон) аҳолиси мухториятга қўшилиш ҳақида қарор қабул қилди. Мухториятчилар эса миллий қўшин ва ғазна ташкил этишга киришди. Аммо душманлар ҳам қўл қовуштириб ўтирмади. Большевиклар 1918 йил 19 январда Тошкент-Оренбург йўли очилганидан фойдаланиб, Туркистон мухториятига қарши 11 эшелон, 10 минг кишилик қўшин жўнатди. Ўша пайтда мухториятчилар ихтиёрида 2 минг кишилик чала тайёргарликка эга аскар бор эди, холос. Шу сабабли Қўқон мудофааси узоқ давом этмади. 1918 йил 15-18 февраль қатлиоми билан тугади. Қизил аскарлар – австро-венгриялик ҳарбий асрлар, арман дашноқларидан иборат қурама қўшин Қўқонни ва водийдаги бошқа шаҳарларни таладилар.

Дарвоқе, бундай ҳолат фақат Туркистон мухторияти бошига тушмади. Большевиклар 1917 йилнинг декабрида қозоқ миллий демократлари томонидан Оренбургда ташкил этилган Алаш-Ўрда автономияси ҳукуматини, Озарбойжондаги Мусоватчилар ҳукуматини ҳам шу тарзда тугатгандилар. Лекин тарих большевизм устидан ҳам ўлим ҳукмини ўқиди. Орадан 74 йил ўтгач, бу ўлкалар халқларига истиқлол насиб этди. Юз йил бурун Туркистон мухториятини эълон қилиб, мустақил ўзбек давлатига тамал тошини қўйган аждодларимизнинг эзгу орзу умидлари XX асрнинг 90-йиллари бошига келиб ижобат бўлди.

Абдураҳмон БОДИРОВ

facebook.com