Сиз қандай инсонни қўллаш учун қўл қўйганингизни билишингиз керак….

Сиз қандай инсонни қўллаш учун қўл қўйганингизни билишингиз керак….
82 views
04 February 2019 - 5:00

РАҲМАТ СИЗГА, ОДАМЛАР….

СИЗ ҚАНДАЙ ИНСОННИ ҚЎЛЛАШ УЧУН ҚЎЛ ҚЎЙГАНИНГИЗНИ БИЛИШИНГИЗ КЕРАК….

2019 йилнинг 3 февраль куни, ғазал мулкининг султони ва давлат арбоби ҳазрат Алишер Навоий таваллуд куни – 9 февраль олдидан ёш навоийшунос олим Акром Маликнинг озод этишларини сўраб Ўзбекистон Президенти номига мурожаат – илтимоснома йўлладик.

Ёш иқтидорнинг ҳимояси учун петиция эълон қилдик.
Мени қувонтирган нарса шуки, 4-5 соат ичида Акромни озод этиш борасидаги мурожаатимизга 300 га яқин дўстларимиз ҳайриҳоҳлик билдиришди.

Халқимизнинг ёш навоийшунос олим ҳаётига лоқайд эмаслиги мени ниҳоятда севинтирди….

Энди Акром ҳақида икки оғиз сўз:
Мен ҳам аксариятингиз каби бир йиллар илгари Акром деган олиб бола борлигини билмагандим.

Акром Маликов деган ёш навоийшунос олим йигитча қамалиб қолганини эшитгач, унинг уйини излаб бордим ва ота-онаси билан танишдим.

Содда, самимий қишлоқ кишилари….

Бунингдек одамларнинг боласи ёмон бўлишига ҳечам ишонмагандим.
Хато қилмаган эканман.
Акром билан танишгач, адашмаганимга ишонч ҳосил қилдим.

Халқимизда “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин” деган ҳикмат бор.
Акромнинг олимлиги ўз йўлига.
Бугун мен унинг одамийлик қиссасидан бир шингил ҳикоя қилсам дегандим….

Аслида буни ёзишим керакми, йўқми, шуни ҳам билмайман ҳатто.
Ёзсам, қамоқдаги кишига зиёним етиб қолмасмикин деб ҳам қўрқаман.

Чунки панжара ортидаги ҳаётнинг ўз ёзилган, ёзилмаган қоидалари бор: мен улардан бехабарман.
Ўзим билмаган ҳолда Акромга зарар етказиб қўйишибдан қўрқаман.
Аммо айтмай десам, айтгим, ёзмай десам, ёзгим келаверади….

Негаки, сиз бугун қандай инсоннинг тақдиридан куйиниб қўл қўйганингизни билишга ҳақлисиз деган хулосадаман:

Ёдингизда бўлса, бундан бир ойларча илгари мен “Акромга адвокат ёллаяпмиз” деб ўз фейсбук саҳифамда мақтаниб қўйгандим….

Афсуски, энди Акромнинг адвокати йўқ.
Акромнинг ҳимояси учун адвокат ёллай олмадик.

Биласизми, нега?

Воқеа мана бундай бўлди:
2018 йилнинг декабрь ойида мен Акром Маликовни озодликка чиқариш йўлида адвокат ёллаш таклифи билан чиқдим.
Яхши одамларнинг кўмаги билан бир йил муддатга 6 миллион сўмлик адвокат пули ҳам топилди.

Аммо кутилмаганда Акром сим қоқиб қолди: “Адвокат учун дейилган ўша маблағнинг 5 миллион сўмни менга келтириб берсангиз дегандим….”
“Нега? Қамоқхонада шунча пулни нима қиласан?”

“Бу ерда узоқ йилдирки қамоқда қолаётган бир йигит билан дўст тутиниб қолгандим. Мен каби айбсиз кириб қолганлардан экан. Ёши ўтиб қолган. Бошини иккита қилишга ота-онасининг қўли калталик қиларкан… бироқ шундай бўлсаям ортидан зурриёди қолсин деган илинжда қамоқхонанинг ўзида дўстимизни уйлаб қўйишмоқчи. Келинни келтириб, таништириб кетишди… Яқинда тўй… Биламан, 5 миллион сўмлар тўйнинг харжатлари олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Лекин оз бўлсаям ёрдам бўлсин деб шу маблағни мен дўстимнинг тўйига аташни ният қилгандим…..” деди менга Акром Малик.

Табиийки, аёл киши бўлганлигим сабаблими, мен ҳовлиқиб қолдим: “У йигит қамоқда бўлса! Кейин сенга маблағни қайтара оладими? Ишонасанми? Қайтара олмасачи? Ахир қарз бўлиб қоласан-ку! 5 миллион сўм кичкина пул эмас!…”

“Мен қарз бераётганим йўқ, мен бир боланинг бахти йўлида ҳадя қилмоқчиман. Сиз хавотир олманг, у пулни мен бир йил муддатга қарзга сўраганман. Бир йилгача Худо подшоҳ. Ҳали насиб этса озод бўламан, китобларимни чиқараман, қарзимдан ҳам қутиламан. Бош омон бўлса, дўппи топилади…”

Ҳайратда қотдим.

Мен марсдан тушган эмасман!
Сочларим шу эл орасида оқарган!
Ярим метр ер учун ўз жигарига ўроқ солганларнинг кечмишига гувоҳ бўлдим….
Эри ўз инига илингани учун уч кунлаб кўзига уйқу энмайдиган хотинларнинг қилмишини кўрдим…
Ўз туғишганига фоизга қарз берган опалар билан суҳбатда бўлдим….

“Яхшиям ўртада бурун бор, йўқса у кўз бу кўзни ўйиб оладиган замон бўлди-да” дердилар энам рахматлик андуҳли бош чайқаб….

Нималарга шоҳид бўлмади бу бош!

Бироқ бунақасини ҳечам кўрмагандим: ўзинг қамоқдасан, эртага сени нима кутаётганини билмайсан: тақдир сийлайдими, синайдими – ҳали қоронғу….

Шуни билиб-да, ўзни эмас, ўзганинг тақдиридан ташвиш чекиш, чека олиш ҳаммага ҳам эмас…

Бунингдек ҳотамтойлик қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди….

Бошқа мамлакталарни билмадиму, бизнинг жамиятда бунингдек тоифадагиларнинг ўз номи бор: “Телба” деб атайдилар, бунингдек ҳотамтойлик қилишга қўл урган кишиларни “ақлдан озганлар” деб номлашади бизда …

Негаки, биз ҳалол одамларни, ҳотамтойларни ҳазм қила олмайдиган аҳволдамиз…

Чунки, одамларимиз орасида меҳр, оқибат, иймон, эътиқод, ҳалимлик, ҳотамтойлик, фидоийлик каби ноёб хислатларнинг кўтарилиб кетганига кўп бўлган….

Янаям ҳайратланарлиси, қамоқда ўтирган Акромнинг панжара ортида ўтириб-да, умидлари бир олам эканлигини айтмайсизми?: “Қамоқдан чиқаман, китобларимни нашр эттираман. Қалам ҳақига қарзимдан қутиламан”….

Акром кимга, нимага бунчалар ишонмоқда? Қамоқдаги ёш олим қалбига бунингдек умидни ким солган?

Эҳтимол, бугунги олиб борилаётган сиёсатга бўлган ишонч унинг қалбига умид уруғини эккандир, ким билсин?…

Ана шунақа….

Бизнинг меҳримиз тушган, бугун қамоқда ўтиришга маҳкум этилган ёш навоийшунос Акром ана шунақа йигит: биргина олимлик эмас касбу кори, одамийликни ҳам маҳкам тутган.

Ана энди ўзингиз айтингчи, мамлакатимиз Акром кабиларга муҳтож эмасми?

Акром Маликов Навоий ижодини шунчаки ўқимайди, балки Навоий асарларидаги мантиқ Акром Малик ҳаётининг мазмунига айланиб кетган….

Раҳмат сизга, одамлар!

Акромнинг ҳаётига бефарқ бўла олмаганингиз, имзоингизни дариғ тутмаганингиз учун ҳам раҳмат.

Ва яна шуни билиб қўйишингизни истардимки, сиз шунчаки бир олим йигитчанинг тақдиридан ташвиш чеккан эмассиз.

Сиз бугун комилликни касб этишга интилаётган келажагимизни қўллашга киришдингиз: Акромни асрашга аҳд қилдингиз….

Умид қиламанки, Акром келгусида сизу бизнинг ишончимизни оқлайди…

Малоҳат Эшонқулова

facebook.com