Амир Темур ва Франция қироли ўртасидаги ўзаро ёзишмаларга доир баъзи маълумотлар

Амир Темур ва Франция қироли ўртасидаги ўзаро ёзишмаларга доир баъзи маълумотлар
25 views
05 February 2019 - 9:00

Соҳибқирон Амир Темур томонидан ҳамкор қиролларга ёзилган хатларида хориждан келган ва чет элларга кетаётган тадбиркор-савдогарларнинг соғлиги, ҳаёти, мол-мулкининг дахлсизлигини таъминлаш алоҳида таъкидланган, улардан бож солиғи олмаслик масаласи кўтарилган. Амир Темур томонидан ҳамкорларига тинчлик-хотиржамлик, соғлиги, мол-мулкига кафолат берилиши ўша давр учун катта воқелик эди ва у бугунги кун учун ҳам аҳамиятлидир.

Тарихдан маълумки, цивилизациялар катта салтанат худудларида, иқтисодий ва минтақавий барқарорлик ҳукм сурган, узоқни кўра оладиган, халқ фаровонлиги йўлида жидду жаҳд кўрсатган, илм-фан ҳомийси бўлган давлат раҳбарлари даврида яратилган. Барча соҳаларга бирдек эътибор, имтимоий адолат тамойили, тадбиркорликнинг ривожланишидан манфаатдорлик, умуман обод турмуш концепцияси Амир Темур сиёсатининг натижаси сифатида Темурий Ренессансига асос бўлиб хизмат қилган. 27 давлатни ўз ичига олган салтанатда ички ва ташқи савдо-сотиқ алмашинувлари мамлакат иқтисодини юксалтиришга муҳим ижобий таъсир кўрсатган. Ташқи савдо ички ишлаб чиқаришнинг ривожланишига таъсир кўрсатган.

Амир Темур кўпгина шарқ ва ғарб давлатлари раҳбарларига битган мактубларида ҳам аввало ҳалқаро савдо-сотиқ ва тадбиркорларга катта имтиёзлар бериш лозимлиги ва давлат тараққиётига айнан хусусий тадбиркорлар катта таъсир кўрсатиши мумкинлиги хақида алоҳида таъкидлаб ўтган.

Амир Темур Франция қироли Шарл VIга йўллаган мактубида «Сизнинг савдогарлар биз томонга келсинлар ва биз уларни иззат-икром билан кутиб олайлик ва бизларнинг савдогарларимиз Сизлар томонга бориб иззат-икромда бўлсинлар.

Токи, ҳеч ким уларга зўрлик қилмасин ва ортиқча солиқ солмасин.

Дунёни савдогарлар фаровон қиладилар[87]”, – дея ҳамкорлик таклифларини киритганди. Европа қиролларига ёзилган кўплаб хатларида Амир Темур савдо-сотиқ муносабатларини ривожлантириш, ҳар икки қитьа халқларининг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш таклифини ўртага ташлаган. Ва албатта бу каби таклифлар Европа қироллари томонидан қизғин қўллаб-қувватланган. Хусусан, Англия қироли Генрих IV нинг Амир Темурга ёзган жавоб мактубида қуйидаги сўзлар битилганди: … сизга ўзаро алоқаларимиз доирасини тобора кенгайтириш, мамлакатимиз савдогарларининг бир-бирлари билан, қадим ота-боболаримиз даврида бўлганидек, борди-келдиларини тикламоқ ва бунга шарт-шароит яратмоқ ниятида эканимизни билдирмоқчимиз. …. илтифот билан сўрардикки, бундан буён бизнинг савдогарларимиз сизнинг ерларингизда хавф-хатарсиз, эмин-эркин юришлари учун шароит яратиб бергайсиз88. (Англия қироли Генрих IV нинг Амир Темурга мактуби / Амир Темур ва Франция. –Б.524.)

Амир Темурнинг ички ва ташқи сиёсатидаги миллатлараро муносабатларнинг мувофиқлиги тараққиёт омилларидандир, зеро унинг кўп миллатли ва турли диний конфессион салтанатидаги бу жиҳат ўша даврнинг энг аҳамиятли жиҳатларидан биридир.

Шоҳиста Ўлжаева

facebook.com