Шарик қўзғолони

Шарик қўзғолони
47 views
06 February 2019 - 9:00

ШАРИК ҚЎЗҒОЛОНИ – Бухорода Аббосийлар халифалигига қарши кўтарилган қўзғолон (751). Унга Шарик ибн Шайх ал Маҳрий бошчилик қилган. Қўзғолонга умавийлар ўрнига 750 й.да ҳокимият тепасига келган аббосийларнинг халифалик ҳудудидаги араб бўлмаган халқларга нисбатан сиёсатида ўзгаришлар қилмаганлиги; қонуний ҳокимият Али авлодлари қўлига топширилиши лозим, деган шиаларнинг фикрлари сабаб бўлган.

Унда Бухородаги суғдийлар ва араб ахолиси қатнашган. Бироқ қўзғолонда маҳаллий зодагонлар, савдогарлар, кашоварзлар деярли иштирок этмаган. Наршахийнинг ёзишича, қўзғолон рахбари Шарик араб харбийларидан бўлиб, у Бухорода яшаган. Унинг атрофида жуда куп киши йиғилган.

Бухоро амири Абдулжаббор ибн Шуайб, Хоразм амири Абдулмалик ибн Харсама, Барзам (хоз. Карки) амири Муҳаммад ибн Ҳусайн ва бошқалар Шарикка байъат қилиб, уни қўллаб-қувватлашган. Табарийнннг фикрича, Шарик тарафдорлари 30 минг кишидан ортиқ бўлган.

Хуросон волийси Абу Муслим Зиёд ибн Солиҳ бошчилигидаги 10 минг кишилик лашкарни қўзғолонни бостириш учун Бухорога жўнатган. Бухоро шаҳри дарвозалари олдида 37 кун узлуксиз жанг бўлиб, унда бухороликлар доим ғалаба қозониб турган. Бухорхудот Қутайба ибн Тағшода 10 минг одам билан келиб, Зиёд ибн Солиҳ билан иттифоқликда Шарик қўшинига қарши урушга кириши қўзғолон мағлубиятга учрашига сабаб бўлган.

Шарик лашкари катта қийинчиликда қолган. Қўшин ўртасида очлик бошланган. Шундай бўлишига қарамасдан, қўзғолончилар Зиёд ва Тағшоданинг бирлашган қўшинини Бухоро ш.дан бир фарсанг узокликда бўлган жангда мағлубиятга учратишган. Навканд (Навканда) қишлоғида бўлган иккинчи жанг (751 й. ёзи)да эса қўзғолончилар мағлубиятга учрашган.

Шарик ибн Шайх ҳам жанг пайтида отдан йиқилган ва ўлдирилган. Бухоро амири Абдулжаббор бу мағлубиятга қарамай, шаҳарни арабларга топшири шдан бош тортган. Араб лашкарбошиси Зиёд ибн Солиҳ Бухорога келиб, уч кечакундуз давомида шаҳарга ўт қўйдирган. Шаҳар ичида ҳам араб қўшини бухороликларнинг қаттиқ қаршилигига учраган.

Наршахийнинг ёзишича, Зиёднинг буйруғи билан шаҳар аҳолисидан кимни тутсалар, уларни дорга осганлар ва ниҳоят шаҳарни олганлар. Шарикнинг ўғли ва ҳарбий кўмондонлари ҳам ўлдирилган. Сўнгра Зиёд ибн Солиҳ Самарқандга келиб, бу ердаги қўзғолонни ҳам бостиргач, Хуросонга қайтган. Ш.қ. кейинчалик Мовароуннаҳр ва Хуросонда арабларга қарши кўтарилган Муцанна қўзғолони олдидан ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтаган.

Манбалар: Наршахий, Бухоро тарихи, Т., 1966; История ат-Табари, Т., 1987.

Қаҳрамон Ражабов.

facebook.com