Ҳижобга тақиқ масаласини кўраётган судья kun.uz нинг ишлашига қаршилик қилди

Ҳижобга тақиқ масаласини кўраётган судья kun.uz нинг ишлашига қаршилик қилди
44 views
05 February 2019 - 15:30

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Маъмурий ишлар бўйича Шайҳонтохур туман суди раиси Санжарбек Зулунов суд жараёнини ёритиш учун борган kun.uz мухбирини ундан чиқаришга ҳаракат қилган. У журналист суд залидан чиқмаса Миллий гвардияни чақиришини айтиб таҳдид қилган.

Ислом академияси қошидаги лицейга рўмол билан киритилмаган қизнинг отаси, адвокат Абдувоҳид Яқубов судьяга ишончсизлик билдирди.

“Судья суд бошланишидан олдин кун.уз мухбирига чиқиб кетинг, деди. Қўриқчи милицияга олиб чиқинглар, деди. Аммо кун.уз мухбири жараённи ёзиб олиш учун мосламалари йўқлигини, судда иштирок этишга ҳаққи боллигини айтди. Яна ўз ҳуқуқларини тушунтирди”, дейди судда иштирок этган кузатувчилардан бири.

Судья кун.уз мухбирини залдан олиб чиқиб кетиш учун миллий гвардияни чақиришини маълум қилган.

“Кейин ўзи ҳам миллий гвардиянинг бу ерда алоқаси йўқлигини тушуниб қолиб, бошқа чақирмади. У мухбирга судда иштирок этиш, этмаслигингни мен ҳал қиламан, деди. Кун.уз мухбири ҳуқуқларини яхши биларкан, сиз фақат аудио ёки видеога ёзиб олишни ҳал қиласиз, суд очиқ бўлгани учун унда иштирок этишни тақиқлай олмайсиз, деб тушунтирди”, дейди судда иштирок этганлардан яна бири.

Кун.уз мухбири Алишер Рўзиохунов билан алоҳида хонада гаплашган судья Санжарбек Зулунов унинг судда иштирок этишига бошқа қаршилик кўрсатмаган.

Халқаро Ислом академияси қошидаги лицейда ўқийдиган қизнинг отаси Абдувоҳид Яқубов ўша куни судья Санжар Зулуновга ишончсизлик билдирди.

“Иккита сабабни келтирдим. Биринчиси 2018 йилнинг 28 ноябрида чиқарган ажримида, судья Зулунов ҳали ишни ўрганмасдан Якубов ва қизининг ҳуқуқи бузилмаган, деган гапни ёзган. Судья ҳали ишни ўрганмасдан туриб бундай ёзиши қонунларга зид. Иккинчидан, бугун журналистларнинг ишига қаршилик қилишга ҳаракат қилди. Шунинг учун ишончсизлик билдирдим”, дейди Абдувоҳид Яқубов.

Маъмурий ишлар бўйича Шайҳонтохур туман суди раиси Санжарбек Зулунов ишонсизлик масаласини Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди ҳал қилишини айтиб, адвокатни шаҳар судига юборади.

Бироқ маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди судьяга ишончизлик масаласини туман суди ҳал қилишини айтиб, уларни яна Шайҳонтохур судига юборади.

Маъмурий ишлар бўйича Шайҳонтохур суди ишга янги судья тайинлади. Суд 7 феврал куни бўлиб ўтади.

Фуқаро Абдувоҳид Яқубов Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси, Академия қошидаги академик лицей, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги мансабдор шахсларининг ўқув юртида рўмол ўраб юришга оид тақиқ ҳамда рўмол ўраган қизларни ўқишга киритмаслик ҳаракатларидан шикоят қилган.

Фуқаро Абдувоҳид Яқубовнинг аризаси 2018 йилнинг 28 ноябр куни Шайхонтоҳур туман суди томонидан қайтарилганди.

Бош прокуратура хабарида айтилишича, суд талаба ва ўқувчи қизларга рўмол ўраган ҳолда таълим олиш ҳуқуқларини тақиқловчи ҳужжатлар чиқарилиши аризачи А. Яқубовнинг ҳуқуқи бузилишига олиб келмайди, деган важни кўрсатган.

Бундан ташқари аризачининг қизи “таълим муассасасига рўмол билан ўқишга киритмаслик бўйича амалга оширилган ҳаракатлар аризачи А.Якубовнинг ҳуқуқ ва манфаатларига бузилишига олиб келмаслиги асосида А.Якубов ушбу мазмундаги талаб билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эмас, деган хулоса билан ариза қайтарилган”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Бироқ прокуратура ушбу қарорни Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид эканлигини эътироф этган.

Президент Мирзиёев фармони билан ташкил қилинган Тошкентдаги Халқаро Ислом академиясида талабалар ҳижобини ечишга мажбурлангани ҳақида Би-би-си хабар берган эди.

Ҳижоби ечтирилган муслималар ўқишга парик кийиб келишга мажбур бўлган.

Би-би-сига келиб тушган маълумотларга кўра, 100 дан ортиқ муслимага ҳижоб ёки ўқишни танлаш талаби қўйилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Халқаро Ислом академиясида камида тўрт талаба шу сабаб ўқишдан ҳайдалган.

“Ҳар томонлама босим ўтказишди. Рўмолини ечмаган ётоқхонадаги талабаларнинг юкларини ташқарига олиб чиқиб қўйишган, ичкарига қўймаймиз, деб. Қаршилик кўрсатган талабаларга ўқишдан ҳайдалиш кўриб чиқилсин, деган мазмунда рапорт тайёрлаб қўйилган. Қизлар йиғлаб-йиғлаб ҳижобини ечишди. Бошига парик ва бўйнига шарф боғлаб боришибди”, деганди ўша вақти босимга учраган талаба қизлардан бирининг яқини.

Қизи ўқишдан ҳайдалган оналардан бирининг Би-би-сига айтишича, маъмурият қизининг ҳижоби билан иши йўқлигини, балки академия ички қоидаларига амал қилишни талаб қилишаётганини айтган.

“Бироқ академия ички тартиб-қоидаларида айнан рўмолсиз юриш талаб қилинган. Давлат бюджети асосида ўқишга кирган қизимни ундан ҳайдашди”, дейди у.

Ҳижоб можароси

Ўзбекистонда ҳокимият тепасига Шавкат Мирзиёев келиши билан диний эркинликлар берила бошланганди. Натижада Ўзбекистон Қуръон мусобақалари ташкил қилинди. Ислом академияси ташкил қилинди. Ҳадис илми мактабларига асос солиш ҳақида хабарлар берилди.

Бироқ ҳукуматга динга, хоссатан, мусулмонларга нисбатан сиёсати сўнгги вақтларда Каримов давридагидек ҳолатга келаётгани кузатилмоқда.

Болаларга Қуръон ва тажвиддан дарс берган анъанавий ҳужралар аниқланиб, уларни юритганлар ва таълим олган болалар марказий телеканаллар орқали халққа сазойи қилинди.

Ҳукумат ўрта мактабларда бош кийимни тақиқловчи 666 рақамли қарорни қабул қилди.

Бу қарор асосида мактаблардаги ҳижоб ҳам тақиқланди.

Қарорга ўз муносабатини билдирган 30 га яқин блогер 24 августдан бошлаб 10 ва 15 суткалик маъмурий қамоқларга ташланди.

Facebookка киришда тўсиқлар пайдо бўлди.

Ҳижоб ва соқолга бўлаётган тазйиқларни Мирзиёевга меҳробдан туриб мурожаат қилган имом Фазлиддин Парпиев ишдан олинди.

ЎХҲ ахборот бўлими