Фаёзтепа мажмуаси

Фаёзтепа мажмуаси
34 views
07 February 2019 - 7:00

Фаёзтепа— мил. 1—3-а.ларга оид будда монастир ибодатхона мажмуаси (вихара). Термиз ш. яқинидаги Эски Термиз шаҳар харобаларининг шим.ғарбида. Ҳоратепалан 1 км шим.шарқда жойлашган. Фаёзтепанинг очилиши 1968 й. баҳорида чўпон Абсад Бекнаев томонидан мергелий оҳак тошидан ишланган будда санамини Кўчма қум устидан топиб, Термиз ўлкашунослик музейига топширишидан бошланди. Ёдгорлик 1968—76 й.ларда археолог Л. И. Альбаум томонидан ўрганилди.

Фаёзтепа майдони кўчма қумлар уюмидан тозалангач, унинг меъморий тарҳи очилиб, юз қисмдан иборат монументал иншоот, яъни марказий қисмида — ибодатхона, унинг шим.ғарбида мона-стир, жан.шарқида эса хўжалик қурилиш иншоотларидан иборатлиги аниқланган.

Мажмуанинг умумий майд. 1,5 минг кв. м га яқин. Ибодатхона таркибининг асосий қисмларидан бири— ступа бўлиб, у бошқа ибодатхоналардан фарқли ўлароқ, ибодатхона ҳовлисининг марказида эмас, балки унинг ташқарисида, муқаддас саждагоҳ билан бир параллел чизикда жойлашган. Улар ўзаро ҳовли майдонини кесиб ўтган ғишт ва мергелий тоши тўшалган йўлакча билан боғланган. Ибодатхонанинг муқаддас саждагоҳида Будда ҳайкали (Бодхисатва) жойлашган, саждагоҳ деворлари ранг-баранг деворий суратлар билан безатилган. Деворлар ости бўйлаб ўз вақтида будда ҳайкаллари (бал. 4 м) қўйилган. Кўпчилик ҳайкаллар қизил ранг билан бўялган, сўнг устидан олтин суви юргизилган. Саждагоҳ жан. Деворида қизил кийимда Будда тасвири сақланган. Унинг 2 томонидан елкаларига елкапўш ташлаган узун кийимдаги 2 одам расми туширилган. Улардан бири Буддага қараб сажда қилмоқда. Саждагоҳнинг шарқий деворида ҳам қандайдир деворий расмлар изи кўринади. Хонадаги сувоқ парчаларида ҳар хил одамларнинг расмлари учрайди. 60×80 см ли щ бир сувоқ парчасида Буддага юзланган 2 та эркакнинг расми топилган.

Ҳар 2 шакл қиёфасига кўра, бақтриялик Будда ихлосмандлари бўлиб, уларнинг Буддага сажда қилиш ҳолати тасвирланган. Ушбу хонада ганчкори ҳайкал бўлаклари кўплаб учрайди. Ҳатто хонанинг шарқий девори остида ҳайкаллар учун пишиқ ғиштдан махсус тагкурси қурилган, унинг усти эса мергелий тош парчалари билан силлиқ қилиб қопланган. Ҳайкалларнинг кўпчилиги эса сомон қўшилган лойдан ясалиб, уларнинг сиртига ганч қоплама берилган.

Ҳайкалларнинг боши махсус қолипда қуйилган. Қўл ва оёқлари алоҳида ясалиб, сўнг улар ҳайкал танасига ёпиштирилган. Фаёзтепа ҳайкаллари орасида ганчдан ишланган Будданинг бош қисми диққатни ўзига тортади. Унинг тутамланган қопқора сочлари, фусункор чеҳраси унга гўзаллик бағишлайди. Буддани бундай ишланиши кушонлар даври ёдгорлигида биринчи бор учраши эди. Ушбу муқаддас саждагоҳ эшиги қаршисида яхлит мергелий тошидан ясалган ноёб санъат асари— триада топилган. Триада марказида ипак мантияга ўралган Будда арка ва муқаддас бодха дарахти шохлари остида ўтирибди, 2 ёнида тик турган роҳиблар эса унга илтижо қилиб турган ҳолатда тасвирланган. Саждагохдан 2 Канишка ва битта Васудева тангалари топилган.

Ибодатхона ҳовлиси тўғри тўртбурчак шаклида, майд. 33×20 м, унинг тўрт томони бўйлаб будда роҳибларининг эшиклари ҳовлига қаратилган хоналари жойлашган. Ибодатхона ҳовлиси ушбу хоналарнинг ҳовли томон деворлари бўйлаб яхлит узун айвон б-н ўраб олинган. Айвон деворлари рангбаранг деворий расмлар билан безатилган. Рангли деворий безаклар айвон деворининг пастки қисмидагина сақланган. Айвон ости бўйлаб супа жойлашган.

Ибодатхона ҳовлисининг шим.ғарбий қисмида, мергелий тош парчаларидан трапеция шаклида қурилган ҳовузча бўлиб, унинг томонини пастки қисмида сув оқизишга мўлжалланиб тешикча ясалган. Тешикча жағлари кенг очилган шер боши қиёфасида ишланган. Бундай ҳовузларда тоза сув сақланган. Шер кушонлар даври санъатида Будданинг куч ва қудрат тимсоли сифатида ўз аксини топган. Диний мажмуанинг 2 қисми— монастир бўлиб, у ибодатхона билан ҳовли ғарбий деворидан очилган эшик орқали боғланган. Монастир майдонида жойлашган хоналарда роҳиблар ва монастир талабалари истиқомат қилишган, монастирда ўқув хоналари ва заллари, зиёратчилар тўхтаб ўтадиган ётоқхоналар жойлашган. Хоналар деворларида пилта чироқ ёритқичлари учун токчалар ишланган. Айрим хоналарнинг девори остида Будда ҳайкаллари ва уларни ўрнатиш учун супа тагкурсилар қурилган.

Демак, роҳиб ва талабалар ҳамда зиёратчи сайёҳлар марказий ибодатхонада диний маросимлар тўхтаган вақтда ўз ибодатларини монастир саждагоҳларида амалга оширганлар. Ибодатхонанинг жан.шарқида унинг хўжалик қисми жойлашган. Унинг майдони квадрат шаклида, ҳажми 34,5×33,5 м. У ибодатхона б-н 3 эшик орқали боғланган. Ибодатхонанинг хўжалик қисмида15 та хона очилган, уларнинг кўпчилигида ўчоқ қолдиқлари топилган. Мажмуа деворлари пахса б-н тикланган, хоналардаги сўрисупалар ва деворларнинг таъмири ғишт б-н урилган. Ҳамма хоналар сомон сувоқ қилинган, фақат иккита хона деворлари ганч б-н сувалган. Бу 2 хона ибодатхона хўжалик қисмининг саждагоҳлари бўлган деб фараз қилинади. Иккита хонадан тандир қолдикқлари ва қалин кул уюми топилган. Тандирли хоналарни қазиш вақтида кўплаб ҳайвон суяклари, хум, коса, нимкоса, сопол қадаҳ парчалари чиққан. Хумлардан бошқа барча идишлар кулолчилик чархида ясалган ва оч қизил рангли ангоб б-н қопланган. Сопол сирти арча баргли, дисксимон нақшлар б-н безагилган. Шунингдек, сопол парчаларига яланг оёқ Будда товон излари туширилган.

Сополлар ичида пилта чироқлар ва сопол қозонлар кўплаб учрайди. Бир хонадан сопол қувур топилган. Ф.га Амударёдан сув келтирилганлигига ишора қилувчи канал изи ўрганилган. Ушбу каналга Амударёдан чиғир орқали сув чиқарилган деб фараз қилинади. Ибодатхона хўжалик қисмининг катта ҳовлиси айланаси бўйлаб кенглиги 0,7 м ли супа қурилган. Уни қазиш вақтида сон-саноқсиз турли ҳайвон суяклари топилган, кўплаб сопол коса ва қадахҳ, парчалари учратилган. Ушбу ҳовли Будда ва унинг роҳибларига атаб қурбонлик қиладиган жой сифатида талқин қилинади.

Фаёзтепа мажмуасининг деворлари, асосан, пахса ва ғиштдан қурилган, айниқса, монастир ва ибодатхона деворларининг баландлиги3 м гача сақланган. Ибодатхона хўжалик қисмининг жан.шарқий деворлари яхши сақланмаган. Барча деворлар сомонли лой б-н сувалган бўлиб, кўп ҳолларда сувоқ устига оқ рангда жило берилиб. унинг усти рангли расмлар б-н безатилган.

Фаёзтепа Эрон сосонийларининг босқинчилик ҳужумлари натижасида харобага айланган. 5-а. —6-а.нинг 1-ярмида ибодатхона вайроналаридан эфталийлар дахма сифатида фойдаланганлар. Араблар истилоси даврида Фаёзтепа бутунлай вайрон қилинган, кейинчалик у кўчма қумлар остида қолиб кетган.

Аҳмадали Асқаров, Ўзбекистон Миллий энциклопедияси

facebook.com