Мурод Човушнинг китоби нашрдан чиқди

Мурод Човушнинг китоби нашрдан чиқди
62 views
06 February 2019 - 14:21

Мурод Човушнинг “Ҳеч” асарини раҳматли Рауф Парфи ўзининг қўлбола нашриётида чоп этган пайтда ўқиб чиққанман. Янги нашр анча кўркам, сўнгги йилларда ёзган асарлари қўшилган, бойитилган, Рауф Парфи чизмалари сақлаб қолингани эса қувонарли. Зотан, шоир “Ҳеч” қаҳрамони кечинмаларида зулматдан нур таратиб турган умидлардан биридир.

Мурод Човуш

“Ҳеч” дастлабки муҳокамада тушкунлиги учун мунозарага учрагани эсимда, аммо у ўзбек адабиёти бир томондан мутлақ турғунлик тузуми хизматига тиз чўктирилган, бошқа томондан эса оддий сариқ матбуот талаби даражасига тушиб қолган даврда яратилган энг ёруғ асарлардан дейишга тўла жазм этаман.

Мурод, матнда ҳам, сужетда ҳам мукаммалликка интилмаган, аксинча бу андозаларни бузган, сўз ўз вазифасини унутган жамиятда силлиқ жумлалар тузишни инкор қилади. У сужет, матн инжиқликларини енгган, чегаралари бузиб ташланган эрк, ҳадсиз ҳудудсиз маконда ўқувчини муаллақ қолдиради.

“Ҳеч”, шубҳасиз, уйғониш илинжидаги жамиятга янги ўзбек адабиёти томонидан тақдим этилаётган ажойиб туҳфа, бунга ўқувчининг ўзи гувоҳ бўлади.

Малик Мансур