Қўшиқ

Қўшиқ
51 views
17 February 2019 - 7:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ҚЎШИҚ

Баланд чиқиб назар солсам ҳар ёққа,
Ёр қораси кўринмайди кўзимга.
Қорақалпоқ қўшиғи

Хоразмда ошиқ-маъшуқлар
Муштоқ бўлиб кутганда ёрни
Баланд чиқиб назар солмоққа
Танлайди бир юксак минорни.

Минорлардан кафтдек кўринар
Бутун йўллар, бутун Хоразм,
Энтикарлар ёр келмоқда деб
Кўринса бир йўлчи қораси.

Соғинишда ўтди кўп ойлар,
Соғинишда ўтди кўп йил ҳам.
Биз ҳам чиқдик, биз ҳам юксалдик
Минорларга муштоқлик билан.

Чечаксифат, лолаларсифат
Азобларни қилиб дилга нақш —
Ҳижрон шундай меҳрибон эди,
Ҳижрон эди шундай умидбахш.

Ҳижрон энди шафқатсиз, ёвуз
Ҳижрон энди бамисли ўлим.
Сендан умид узиб бу замон,
Ёмон тушган аламга йўлим.

Афв эт мени. Энди қайтмайман,
Ҳижронлардан юрагим ҳорган…
Умидингни узавер, жоним,
Сен чиқавер Калта минорга.