Энг қудратли ва келажаги катта инвестиция бу инсон билимига тикилган маблағдир

Энг қудратли ва келажаги катта инвестиция бу инсон билимига тикилган маблағдир
65 views
13 February 2019 - 9:22

Инновация, глобаллашув, интеграция, илм-фан, маърифат шамоллари эсаётган бир пайтда кўлмак сувда қолиб кетаётган, ижтимоий ҳаётни биринчи ўринга қўяётган баъзи одамлар балки ақлини йиғиштириб, ўша пулларини болаларининг интеллектуал салоҳиятини оширишга сарфласа, яъни инвестициялаштирса ҳамма ҳавас қилгудек мутахассисни eтиштиради, қариганда ўзи ҳам роҳат-фароғатда яшайди.

Бугунги замонда энг қудратли ва келажаги катта инвестиция бу инсон билимига тикилган маблағдир. Келинг илм билан тараққий этган ва илмсиз тараққий этган давлатларнинг ва уларнинг аҳолисининг турмуш тарзини солиштириб кўрайлик.

Тўй, бешик тўйи, ҳашаматли уй, қиммат мебел, тоғора деган нарсалар уларда деярли биринчи ўринда турмайди, ғарбда урф-одатлар ритуал даражасига кўтарилмаган. Биз каби ҳашаматли тўйхоналар ҳам қуришмаган. Ижтимоий ҳаётга берилган халқ, бошқаларнинг кетмонини чопиши мумкин. Хонликлар даври бизга сабоқ бўлиши лозим.

Япония, АҚШ, Европа давлатларидаги инновацион янгиликларни ақл кўзгусидан ўтказайлик. Улар ҳар бир соҳани янгиликлар билан қулайлаштиради ва осонлаштиради. Инновациялар аслида “ҳамма нарса инсон учун” деган ғояга жавоб бермоқда. Демак бугун дунё илмий кашфиётлар орқали бошқарилмоқда.

Глобаллашув катта имконият яратса ҳам у ўзи билан тўфон ва тайфунларни ҳам олиб келади! Бу ҳаёт учун кураш саҳнасини эслатади. Глобаллашув деган аждарҳони енгиб, унинг оғзидаги жавоҳирларни қўлга киритиш керак. Бизникиларга бу нарса етиб бормаяпти.

Қачонки инсон ҳаридоргир ва рақобатбардош кадр бўлар экан, ана шу шамоллар даври ҳам унга писанд эмас, у ана шу шамолларни ҳам илми билан тўсиб қўяди, иқтисодий жиҳатдан ҳам тўкис бўлади.

Шоҳиста Ўлжаева

facebook.com