Бухоро Амирининг хати

Бухоро Амирининг хати
64 views
14 February 2019 - 7:00

Ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи ярми Осиё тарихига босқинчилик даври бўлиб киради. Бир томондан Буюк Британия мустамлакачилари Ҳиндистонни тўла забт этиб, бошқа қўшни мамлакатларни кўз остига олиб турган, иккинчи томондан, Россия босқинчилари Кавказни бўйсундириб, Туркистонни аста-секин қўлга киритаётган бир давр эди.

1865-1885 йиллари Бухорога Музаффариддин (Саййид Амир Музаффар) амирлик қилган эди. Айрим ғарб ва рус тарихшунослари (масалан, Шуйлер, Костенко, Стремухов ) бу амирга “ўта баджаҳл”, “бойликка ўч” деб таъриф берганлар.

Оврўполик бу тарихчиларнинг Музаффариддинга “ўта баджаҳл” деб берган таърифлари, албатта, бесабаб эмас. Ахир қандай қилиб Юрт бошлиғи ўз тупроғини талон-тарож этаётган келгиндиларга нисбатан баджаҳл бўлмасин?! Оврўполик билармонлар амирни “бойликка ўч'” деганларида, шубҳасиз, Ватан бойлигини қўлларига киритишни орзу этиб, совуқ ўлкалардан келганлар йўлига Музаффариддин қўйган тўсиқлар назарда тутилган. Қайси бир Юрт бошқони босқинчига ўз Ватани бойликларини икки қўллаб тутади, ахир?!

Бу ҳеч бир мантиққа яқин келмайдиган айбдир. Умуман биз, туркистонликлар келгинди мустамлакачилардан ўргани6 олганимиз бир қусурдан ҳали ҳам халос бўла олганимиз йўқ.

Бу дунёдан ўтган ўз бошқонларимиз, сардорларимизни ёмон отлиқ қилиш, ёмонга чиқариш қусридир. Тарихимизга бир назар ташласак, шу нарса аён бўладики, шўро даврида биз йигирма асрлик давлатчилигимиз мобайнида ватанимизга етакчилик қилган бирорта юрт бошлиғи фаолиятига тўғри баҳо бера олмаганимиз равшан бўлади. Туркистонга етакчилик қилган барча сардорларга ҳеч бир асоссиз, тарихий ҳужжатларни ўрганмай туриб, фақат танқид ўқи отилган халос.

Амир Музаффариддин ҳам бундай асоссиз танқид, туҳматдан бебаҳра қолмаган.

Ўша хатарли йиллар ҳар нима қилиб бўлса-да, Музаффариддин Бухоронинг мустақиллигини сақлашга уриниб кўрган. 1868 йили ўз тўнғич ўғли, Қарши беги катта тўра Абдулмалик ўзига қарши бош кўтарганда, ҳатто рус генерали Абрамовни ишга солиб бўлса ҳам, бу кўтарилишни бостиришга ҳаракат қилганди.

1868-1870 йиллари Музаффариддин руслардан Самарқандни амирликка қайтариб беришни талаб этаётган бўлса-да, ўзи русларга ишонмасди. Руслар бир кун келиб бутун Бухорони босиб олишига кўзи етарди.

Музаффариддин душманига нисбатан баджаҳл бўлган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас, бироқ Тангри уни тадбиркорликдан камситмаганди.

Бухоро амирлигининг фожеавий келажагига кўзи етгач, Музаффариддин 1870 йили Ҳиндистонни бошқараётган Буюк Британия ҳокими орқали Буюк Британия қироличасига маҳфий равишда ёзма мурожаат этади, унга махсус элчи орқали нома юборади.

Музаффариддиннинг қуйида келтирилаётган хати Буюк Британия томонидан қўйилган Ҳиндистон ҳокими ва давлат секретари ўртасида олиб борилган маҳфий хатлар орасидан жой олган. Ҳозирги кунларда бу хат Лондондаги Ҳамжамият Алоқалари Идорасининг кутубхонасида сақланади (Commonwealth Relations Office Library).

Шу вақтгача бу хатнинг фотонусхасини эмас, балки кўчирма нусхасини эълон қилишга рухсат этилган.

Мазкур хат шарқ нома санъатига хос ўта дабдабали, қадимги услубда битилган.

Шу кунгача бизнинг ихтиёримизда Амир Темурнинг Англия, Франция, Испания, Византия қиролларига, Трабезунд ҳокимига, Туркия султонига ва шунингден Шоҳруҳнинг Хитой императорига юборган ва Мироншоҳ, Бобур мирзо, Ҳусайн Бойқаронинг айрим хатларининг аслидан олинган нусхалари мавжуд. Мана шу хат, номаларга Музаффариддиннинг мазкур хатини қиёсласак, ХIХ асрнинг иккинчи ярмида ёзилган бу хатда ҳамду санолар ХIV-ХVI асрларда битилган хатларга нисбатан ҳам кўпроқ ўринни эгаллаган, ёзилиши лозим бўлган асосий мақсад иккинчи ўринга тушиб қолганлиги кўринади.

Қуйида биз 6у хатнинг таржимасини келтирамиз.

Саййид Амир Музаффар хати

“Ҳиндистон мамлакати ва Синд саройининг подшоҳи, маликаи муаззама, Жамшид каби олийҳиммат шоҳ, юлдуз каби кўп сипоҳга, қуёш каби тахтга, Фаридун каби бошқарувга, Баҳром каби савлатга, Кайвон каби қадга, Баржис каби қоматга, Атторид каби доноликка, Ноҳит каби мартабага эга бўлган, қудратли давлатга асос солган, яшнаётган давлат қонунлари кучини мустаҳкамлаётган, Фарангистон (Британия) ва Ҳиндистон шаҳарлари ҳукмрони, исавийлик [христианлик] шариатини ҳақиқий билувчи, масиҳ миллати тафаккури сирларининг кошифи, буюк Ҳоқонлар ва муаззам шаҳаншоҳлар хонадонининг ягона вакили, яъни Ҳоқони Аъзам ва буюк қироличанинг димоғи доимо бахт майидан хуш ва омад ҳамда бахт қувончи остида бўлсинl

Бу ҳамдларни изҳор этиб, ҳамда дуо этувчиларнинг совға-саломларини юборгач, умид қиламанки, ул ҳазрат ҳамиша ҳукмронлик қилсин. Биҳамду ва ли-л минна. Барча шодлик ва қувончларнинг манбаи унинг ихтиёрида бўлсин. Омад ва саодат эшиклари қудратли салтанатни бошқараётганлар чеҳраси олдида очилсин ҳамда виждон оинаси ҳар қандай кудурат ва қайғудан мусаффо бўлсин. Мамлакат посбонлигини ва халқ осойишталигини ҳокимлар ўз бўйинларига олганликлари туфайли ва буни мажбурий бурч ва миллий вазифа деб билганликлари сабаб, сафарга чиққанларнинг диллари йўлларда осуда бўлсин.

Қадим замонлардан бери ер юзининг машҳур ва маълум бир қисми бўлган Моварауннаҳр ўлкаси аҳлоқлари ва шуҳратлари тарих саҳифаларида эслатиб ўтилган менинг ота-боболарим қўли остидаги ернинг бир қисми саналиб келинган.

Мана шу бир қисм ерни бошқариш волиди бузургворим раҳмат этганларидан сўнг меним қўлимга ўтган эди. Оз фурсат ўтгач, бир гуруҳ рус

тоифасидаги одамлар бу ерни тасарруф эта бошладилар ва икки томон ўртасида жанг бошланди. Ислом аҳли уруш маҳоратининг етишмаслиги туфайли бу босқинчиликка қарши чиқа олмади ва натижада айрим қалъаларни руслар босиб олдилар, тақдир тақозоси билан рус қўли остига ўтиб қолди.

[Муқаддас Қурони Каримнинг ёэувларида] «Оллоҳга ишонувчиларга, ислом аҳлига тинчликка, сулҳга интилиш энг улуғ ҳаракатдир ” дейилганидек, ислом аҳли сулҳ танладилар. Бу вақтда улар руслардан қутула оладилар ва яхши тадорик кўрадилар ва халқ манфаати йўлида ёрдам сўраб, Сизга мурожаат

этадилар. Ҳозир ҳар бир ҳаракат қулай вазиятга боғлиқ. Шунинг учун ҳам мен Аббосхожани Сизнинг буюк остонангизга элчи этиб тайинладим ҳамда у билан дўстлик ва юрак ҳислари тўла нома йўлладим. Сиз бизнинг истакларимизни қабул этиш билан халқимизнинг манфаатларини инобатга олган бўласиз. Самимий дуолариларимиз ва яхши ниятларимиз Сизгадир. Элчи саройингизга етганида бизнинг чин дўстлик туйғуларимизнинг қолганини етказади ва бу унинг [элчи] учун шараф ҳисобланади. Сиз унинг бошидан шаҳаншоҳ шодликларини бениҳоя ёғдирасиз ва бу саҳийлик билан амалга оширилади, деб умид қилинади.

Муҳр

Жумодил аввал

Саййид Амир Музаффар 1228 ҳижрий

***

Музаффариддиннинг элчиси Аббосхожа амир номасини Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги вакилига топширганидан сўнг, Бухоро тақдирида ҳеч бир ўзгариш бўлмаганлиги тарихдан маълум. Бухоро амири бир босқинчи золим устидан иккинчи, ундан ҳам айёрроқ босқинчига шикоят қилганди.

Музаффариддиннинг хати Ўрта Осиё Россияга ўз ихтиёри билан қўшилмаганлиги, балки ваҳшийларча босиб олинганлигини аниқ-равшан кўрсатувчи яққол далил бўлиб хизмат этади ҳамда “Ўрта Осиё Россияга ўз ихтиёри билан қўшилган'” деб жар солувчи чала муллаларларнинг назариялари нақадар пуч, қалбаки эканлигини исботлаб беради.

Хайрулла Исматуллаев

facebook.com