Амир Темур ва Тўхтамишхон тарихидан лавҳа: зиддиятлар ва беаёв урушлар тарихи

Амир Темур ва Тўхтамишхон тарихидан лавҳа: зиддиятлар ва беаёв урушлар тарихи
132 views
14 February 2019 - 9:00

Амир Темурнинг Олтин Ўрда билан муносабатлари унинг ташқи сиёсатидаги муҳим йўналишни ташкил этади. У ўзига хос геосиёсий тарихни ўзида мужассам этади.

Амир Темур бу давлат билан фаол ташқи алоқа олиб борганининг бир қанча сабаблари бор. Жумладан, Шимолий Хоразм ва Оқ Ўрда Мовароуннаҳрга чегарадош эди. Темур тузаётган янги мамлакатига Олтин Ўрда хавф солишини сезарди.

Шунинг учун ҳам у Хоразм ва Олтин Ўрда ҳудудида юз бераётган сиёсий воқеаларни сергаклик билан кузатди.

М. Абдураимовнинг ёзишича, Ўрусхон Сирдарёдан Волга бўйларига келиши билан Олтин Ўрдада Ботухоннинг акаси Ўрда Ичен авлодидан саналган янги хонлар сулоласи ҳукмронлиги бошланди. Тўйхўжа ўғлон Ўрусхон томонидан қатл этилгач, унинг ўғли Тўхтамиш ҳам ўз ҳаётидан хавфсираб, қудрати оламга таралаётган Амир Темур давлатидан паноҳ топди. Бу вазият эса Амир Темурга жуда ўнг келди, чунки у Олтин Ўрда хони ўзига тарафкаш, тобе бўлишини анчадан буён орзу қиларди.

Бизнингча, у ана шу истакларни амалга оширишни Тўхтамишхон сиймосида кўрди. Соҳибқирон унга мадад сўраб келаётган Тўхтамишни ҳар-хил қимматбаҳо совғалар билан қарши олди. Низомиддин Шомий бу ҳақда шундай ёзади: «Тўхтамиш ўғлон келганда, амирлар уни Темур қабулига олиб киришди. Ҳазрати олийлари уни етарлича ҳурмат-эҳтиром билан қарши олди. Уни Самарқандга бошлаб бориб, шоҳона зиёфат берди. Тўхтамиш ва унинг йўлдошларига муносиб совға-саломлар улашди, тилла ва (қимматбаҳо) безаклар, мол ва газмол, от ва хачир, чодир, ноғора ва байроқ ҳамда жанговор қўшин берди. Ўтрор ва Саврон вилоятига ҳоким этиб тайинлади”.

Бу орада Темурнинг Бухородаги қароргоҳига Ўрусхоннинг элчилари келиб, Тўхтамишни топширишни талаб қилади. Темур бу таклифни қатъий рад этди ва тез орада ўзи жангга киришини айтади.

Соҳибқирон Ўрусхонга қарши курашмоқ учун Сиғноқ яқинига келиб жойлашди ва об-ҳавонинг ёмонлиги, яъни қаҳратон қиш, ёғингарчилик туфайли ортга қайтиб бир неча ой Кешда қолади. Ўрусхонга қарши юришда Тўхтамишни йўлбошчи қилиб олади, лекин вазият ўзгариб, аввал Ўрусхон кейинроқ эса унинг ўғли Тўқтақиё вафот этади. Оқ Ўрда билан тахт учун курашлар натижасида Тўхтамишхон қўшинлари учинчи марта енгилади. Амир Темур Тўхтамишнинг ҳарбий лаёқатига шубҳаланиб қолган бўлса-да, унда тахтга ўз одамини қўйиш, мағлубият учун ўч олиш истаги кучли эди. Тўхтамиш Амир Темур ёрдамида хонлик тахтига ўтирган бўлса ҳам ўз ҳукмронлигининг дастлабки йилларида Темурга номигагина бўйсунарди, қулай пайт келиши билан мустақил бўлиб, унинг ҳокимиятидан юз ўгириб кетиш ниятида юрарди.

М.Абдураимов Тўхтамиш бошқараётган Олтин Ўрда давлати Рус князликлари ёки Амир Темур давлатига ўхшаб мустаҳкам заминда, ўз халқининг табиий ўсишига боғлиқ равишда эмас, қурама ва хўжаликлараро тарқоқ заминда бунёд этилганлигини алоҳида таъкидлайди. Бизнингча ҳам бу ҳол Тўхтамишга анча мураккабликлар туғдириши мумкин эди.

Амир Темурнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши билан Олтин Ўрда тахтига ўтирган Тўхтамиш рус князликлари устидан номигагина эмас, тўла-тўкис ҳукмронлик ўрнатиш учун Жўчи улуси кучларини оширишга аҳамият берди ва рус феодал князликларининг Москва атрофида бирлаштиришга тўсқинлик қилди. Олтин Ўрда ва рус тарихидан аёнки, мўғул хонлари хусусан, Тўхтамиш ҳам рус ерларида ва туб феодал ажралишига бўлган ҳаракатларини қўллаб қувватларди. Жўчи улусининг нуфузи, таъсири тушиб боришига йўл қўймаслик учун у бутун куч-ғайратини аямай сарфлади. Ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаш учун у Озарбайжон ва Эронга ҳам кўз тикди.

Олтин Ўрда ва Амир Темур ўртасидаги низо Соҳибқироннинг Олтин Ўрдадан бўладиган хавфни бартараф қилишга ва мўғуллар даврида шимолий тармоғи кучайтирилган Буюк Ипак йўлини эгаллашга бўлган саъйи ҳаракати туфайли чиққан.

Ҳар икки томон ҳам ана шу масала юзасидан мухолифатчилик қиларди.

Бу даврда Буюк Ипак йўлининг муҳим тармоқларидан биттаси бу икки давлат ҳудудидан бевосита ўтган. Бу йўлларнинг бири Рус, жанубидан Қора ва Қизилқум, Каспий денгизи соҳиллари бўйлаб, иккинчиси Каспийдан жануброқдаги Шом, Кичик Осиё, Кавказорти, Эрон, Самарқанд орқали ўтган. Беркахон давридан бери Олтин Ўрда хонлари дастлабки савдо йўлини эгаллаган бўлса-да, иккинчисини ҳам қўлга олишга, жилла қурса кесиб ташлашни, биринчи навбатда бой Табриз шаҳрини эгаллашни орзу қилардилар.

Тўхтамишхоннинг Табризни босиб олишига эронликлар, аввал жалойирлар ва Амир Темур қарши чиқди. Темур собиқ Жалоирийлар ҳукмронлигидаги Озарбайжонга ўзига қарам улус тариқасида кўз тиккан. Шундай қилиб, 1385-1386 йилларда Олтин Ўрдаликларнинг Озарбайжон ва Табризга бостириб кириши Олтин Ўрда хони ва Самарқанд амири ўртасида ихтилоф туғулишига сабаб бўлган. Улар ўртасида жанг чиқишига иккинчи сабаб Дашти Қипчоқнинг шимолий қисмини эгаллашга бўлган интилиш билан боғланади.

Амир Темур ва Тўхтамиш ўртасида алоқа бузилишга яна бир сабаб Хоразм масаласи борасида келиб чиққан. Чунки, Хоразм XIV асрнинг 60-йилларигача Олтин Ўрданинг таркибий қисми ҳисобланиб келган, Тўхтамишнинг Озарбайжонга юриши Амир Темурнинг Хоразмнинг ўз тасарруфига киритгани учун бир қасос эди. Амир Ҳусайн ва Сароймулкхоним мўғул уруғиданлигини ҳисобга олган ҳолда ва Ибн Арабшоҳ фикрига таяниб, М. Абдураимов яна бир иккинчи даражали сабабни амир Хусайннинг ўлдирилишидан келиб чиққан деб тахмин қилади.

Демак, бизнингча Амир Темурнинг Олтин Ўрдага нисбатан тутган ташқи сиёсат йўналиши қуйидаги мақсадларни ўзида мужассамлаштирган:

Биринчидан, шимолдаги-Олтин Ўрдадан бўладиган хавфни бартараф этиш;

иккинчидан, давлат тараққиётида муҳим ўрин тутган Буюк Ипак йўлининг шимолий тармоғи устидан ҳукмронликни қўлга киритиш;
учинчидан, Олтин Ўрданинг кучли давлатга айланишга йўл қўймаслик ва уни иккинчи даражали мамлакатга айлантириш;
тўртинчидан, унинг Эрон ва Озарбайжонда ҳукмронлик қилишга йўл қўймаслик;
бешинчидан, Дашти Қипчоқнинг шимолий қисмига ўз таъсирини ўтказиш;
олтинчидан, Хоразмни ўз тасарруфида сақлаб қолишга интилиш.

Тўхтамишхон Амир Темурнинг ташқи юришлари билан банд бўлганидан фойдаланиб Каспийнинг ғарбий соҳили бўйлаб ўтган қадимги йўл-Дарбанд орқали Амир Темур давлатига юриш қилади.

Бу воқеалардан кейин Амир Темурнинг сабр косаси тўлади. У хавфли душманга айланган Тўхтамишга қарши 1388, 1391 ва 1394-1395 йилларда уч марта юриш қилади ва уни енгиб ўз мақсадига эришади. Амир Темур Олтин Ўрдани енгиб уни ҳолдан тойдиради, Буюк Ипак йўлининг шимолий тармоғини бутунлай издан чиқаради, Эрон ва Озарбайжоннинг дахлсизлиги ва бошқа мақсадларини амалга оширади.

Амир Темур Тўхтамишхонни енгиш билан дунё сиёсий харитасида муҳим ва катта ўзгаришлар ясаб рус князликларининг кейинги тараққиёти ва бирлашув жараёнларининг бошланиши учун замин яратади. А.Ю. Якубовский ғалабанинг аҳамиятини кўрсатиб, шундай ёзган эди: “1395 йилда Темурнинг Тўхтамиш устидан қозонган ғалабаси, Астрахан ва айниқса Олтин Ўрда пойтахти Сарой Берканинг хароб қилиниши ва ёндириб юборилиши фақат Ўрта Осиё ва ўша вақтдаги жануби-Шарқий Европа учунгина эмас, балки Рус учун ҳам катта аҳамиятга эга бўлди… Оқсоқ Темур… Тўхтамишни енгиши билан Рус ерига объектив равишда катта хизмат кўрсатган, лекин шундай бўлишини унинг ўзи мутлақо пайқамаган”.

Шоҳиста Ўлжаева
тарих фанлари доктори

facebook.com