“Адолат қўрғони” фасод инига айланди

“Адолат қўрғони” фасод инига айланди
106 views
13 February 2019 - 17:55

“АДОЛАТ ҚЎРҒОНИ” ФАСОД ИНИГА АЙЛАНДИ

(ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ Ш. М. МИРЗИЁЕВГА МУРОЖААТ)

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

2017 йилда бўлиб ўтган суд корпуси вакиллари билан учрашувингизда “асосий мақсадимиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборатдир”, деган сўзларингиз ҳамон ёдимизда туради.

Қўлга киритилган натижалар билан кифояланиб қолмасдан, соҳа ривожига танқидий ёндашиш, ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган бир-биридан муҳим ва долзарб вазифаларни самарали ҳал қилиш йўллари ва механизмлари ҳақида билдирилган аниқ таклифлар, амалий ташаббуслар асосида суд идоралари, судьялар фаолиятини бутунлай янгича асосда, самарали ташкил этиш лозимлигига алоҳида эътиборингизни қаратган эдингиз.

Айнан маънавий фазилатларнинг етишмаслиги туфайли айрим судьялар ўртасида қонунга зид ҳаракатлар содир этиш, нопоклик, таъмагирлик, одамларнинг дарду ташвишларига лоқайд қараш, адолат мезонларига хилоф равишда қарорлар қабул қилиш ҳолатлари учраб келаётганини ҳам қаттиқ танқид қилгансиз.

Соҳада жиддий камчилик ва муаммолар вужудга келгани афсусланарли ҳолат экани таъкидланган эди Сиз томонингиздан. Олий суднинг янги раҳбарлари олдига бундай камчилик ва муаммоларни тезлик билан бартараф этиш, суд органлари ва судьялар фаолиятини қонун ва адолат талаблари асосида самарали ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш бўйича аниқ вазифалар қўйиб берган эдингиз.

Минг афсуски, ҳозирги кунда Олий судда вужудга келган вазият Сиз томондан берилган муайян топшириқларни амалга ошириш учун мутлақо имконият бермаяпти. Сабаби, Олий суд раиси Козимжон Комилов ва унинг кирдикорлари суд тизимини янгилаш, такомиллаштириш ва ривожлантириш ўрнига, ислоҳотларни ортга сурмоқда.

Муҳтарам Президентимиз!

Айтиш жоизки Сиз биз судьялар билан учрашув чоғида “ўз соҳасини яхши билмайдиган, пухта касб ва ҳаёт тажрибасига, юксак маънавий-ахлоқий савияга эга бўлмаган юрист кадрлар ҳеч қачон судья лавозимига тайинланмаслиги кераклигини” алоҳида таъкидлаган эдингиз.

Ваҳоланки, Олий суднинг ҳозирги раҳбари юксак маънавий-ахлоқий савияга эга бўлмаган инсон бўлиб чиқаяпти.

Энг ўкинчлиси, Комилов иш ҳақида эмас, балки ўзининг юқори мартабаси ва ўтирган курси ҳақида кўпроқ ғам-ташвиш емоқда.

Комилов раис бўлиши билан байрам мукофотлари ва овқат пулларидан воз кечилди. Қуруқ ойлик маошидан ташқари бошқа пул берилмаяпти. Биз судьяларнинг ойлик маоши етарли, аммо ходимлар анча жабр кўрди. Маълумки судда ходимларнинг ишга қўшаётган ҳиссаси каттадир. Судьянинг асосий кўмакчиси ана шу ходимлардир. Қуйи судларда озгина давлат божи ундириладими? Миллионлик маблағлар қаерга сарфланмоқда?

Биз Олий суднинг бир гуруҳ судья ва ходимлари қаттиқ ва бешафқат тазйиқ остида фаолият юритмоқдамиз. Шикоятлар кўплигидан бошимизни кўтармасдан кечгача ишламоқдамиз. Эрталаб идорага келганда юрагимизни ховучлаб келамиз. Сабаби, бир-икки дақиқа кеч қолсак, ортимиздан Комиловнинг ўзига ўхшаган бефаросат югурдаклари тушунтириш хатларини ёздириш ва бизга жазолар тайинлаш билан овора. Ишга вақтида келиб, ўзи билан бинога кирувчи чипларни эсидан чиқариб қолдирган ходимларни ичкарига қўймасдан ортга уйига қайтариб юборилиши эса ақлга сиғмайди.

Олий суд бамисоли бир пайтлар фашистлар яратган концлагерлардан фарқи қолмади. Бинонинг ҳар жойига ўрнатилган видеокамералар бунга исботдир. Яқинда Шимолий Кореядаги ишчилар каби ишга саф тортиб юрсак керак.

Бундан ташқари, одил судловни ўз вақтида ва адолатли амалга ошириш ўрнига, турли хил ҳисоботлар ва справкаларни тайёрлаш билан шуғулланмоқдамиз. Раис томонидан берилган маъносиз ва бемақсад топшириқлар қоғозбозликни орттиришдан бошқа ҳеч наф бермаяпти.

Бунинг натижасида, ариза ва шикоят берган фуқаролар ўз ишининг ечимини ойлаб кутишга мажбур.

Биз судьялар отиқча ишларни қўйиб фақатгина одил судловни амалга оширсак, Сиз айтганингиздек судни “Адолат қўрғони”га қисқа фурсатларда айлантиришга эришар эдик. Шунда халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончи ҳам қатъий мустаҳкамланар эди.

Аммо суд тизимини Комилов бошқарар экан, мазкур мақсадга эришиш осон бўлмайди. Бу кишининг шундай катта ёшда бўла туриб, бемаъни ва бундай мартабали раҳбарга умуман мос келмайдиган хатти-ҳаракатларидан чарчадик.

Олий судни “Адолат қўрғони”га эмас, балки фисқи-фасод инига айлантирган раҳбар бизга керак эмас. Гап ташувчи ва бировларни пойловчи кирдикорларни ўзининг ёнига жам қилган ҳамда мустақил фикрлай олмасдан, айғоқчиларининг гапи билан иш кўрадиган раис бундай олийжаноб тизимга раҳбар бўлишга лойиқми?

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Суд тизимида нафақат подани бузадиган порахўрлар, балки Ватанимизга беминнат, халол ва фидокорона хизмат қилаётган судьялар талайгина. Эътиборингизни шуларга қаратсангиз, деймиз. Уларнинг орасида суд тизимини бошқариб Сизнинг машаққатли йўлингизда сафдош бўлишга арзийдиган инсонлар йўқ эмас.

Муҳтарам Президентимиз!

Олий судда бўлаётган ноҳақликлар ва адолатсизликларни бартараф этишда ёрдам берасиз деган умиддамиз.

Бизни К. Комилов ва унинг кирдикорларидан ҳалос этишингизни илтимос эмас, илтижо қиламиз!!!

Олий суднинг бир гуруҳ судьялари ва ходимлари

* * *

Таҳририят почтасига келган мактуб