Нега атрофидаги ҳужум ва хуружларга Ихтиёр Абдуллаевнинг “иммунитет”и заифлик қилди деб ўйлайсиз?

Нега атрофидаги ҳужум ва хуружларга Ихтиёр Абдуллаевнинг “иммунитет”и заифлик қилди деб ўйлайсиз?
21 views
13 February 2019 - 22:50

НЕГА АТРОФИДАГИ ҲУЖУМ ВА ХУРУЖЛАРГА ИХТИЁР АБДУЛЛАЕВНИНГ “ИММУНИТЕТ”И ЗАИФЛИК ҚИЛДИ ДЕБ ЎЙЛАЙСИЗ?

Умуман олганда ташқи ва ички сиёсатни таҳлил қилишга кўпам тишим ўтавермайди. Бу кам ўқишдан бўлса керак.

Бироқ, Ихтиёр Абдуллаев ва унинг “контораси”даги 200 дан ортиқ ходимнинг терговга тортилганлиги ҳақидаги турли-туман хабарларни ўқирканман, даставвал, кўнглимда даҳшатли савол туғилади: “Кимга ишонишингни ҳам билмайсан киши?”…

Бунингдек кескин ва кутилмаган ўзгаришлардан мамлакат аҳолиси саросимага тушиб қолмаслиги учун президентнинг матбуот хизмати бир-икки жумла изоҳ ёзиш билан чекланмаслиги керак деб ўйлайман. Зотан, давлатнинг асосини халқ ташкил қилар экан, аҳоли мамлакатнинг юқори элитасида нималар кечаётганлигидан огоҳ бўлишга ҳақли ва бу – шарт. Бизда матбуот очиқлиги, шаффофлик йўқлиги сабабли, одамларимиз ҳориждаги ўзбек, рус тилларида бўй кўрсатаётган мақолаларга таянишга мажбур бўлишмоқда.

Кўп миллионли мамлакат аҳолиси каби мен ҳам юқори элита орасида нима гаплар бўлаётганидан бехабарман, фақат тахмин қилишим мумкин, холос. Биргина билганим шуки, бугун “Ихтиёр Абдуллаев ҳукуматга хиёнат қилди” дея баҳоланмоқда. Бироқ эртага яна бошқа бир юқори лавозимли шахс давлатга хиёнат қилмаслигига кафолат борми? Ҳамма гап мана шундда. Мен сиёсатчи эмасман. Дипломатияни ҳам билмайман, билган ва уйлаган ҳақиқатим шуки, 26 йил давомида қудратга энган МХХ (кейинчалик аталган ДХХ) мамлакатнинг энг юқори лавозимидаги шахсларидан тортиб, мозор корувулигача, боғча мудирасидан бозор директоригадовур, президент аппаратининг ходимидан тортиб, уломога кадар, қозидан тортиб колхоз раисигача – барча катта-кичик амалдорларга қарши етарлича, айтиш мумкин бўлса, керагидан ортиқ “компромат” тўплаб улгурган. Аллақачонлар МХХ (ДХХ) қўлида мана-ман деган филларни ҳам қулатишга қодир маълумотлар бор! Тўғрисиям шу-да! 25-26 йил давомида коррупция батқоғига ботиб бўлган мамлакатда кекирдагига қадар гуноҳга ботмаган бирорта бир амалдор, бирорта бир мансабдор бор, қолди деб ўйлайсизми? Асло! Орамизда, айниқса, мансабдорлар орасида бирорта бир “соғи” қолмаганига мен аминман! Ҳаммасининг орқаси шилта! Ўлдим деганининг етарлича айби бор. Тажрибадан маълумки,буғдой уруғидан арпа унмагани каби хатодан хато, гуноҳдан гуноҳ туғилади! Айбдор одам ҳамиша ҳадиксираб яшайди: “Айбларним очилиб қолмасмикин?” деган ваҳима ич-этини кемиради. Қўлида “корол”и бор, “Туз”и бор моҳир қиморбозлар бунингдек “дама”ларни, “6”-ю “9”-ларни ўз нағмасига ўйнатиши ҳам осон кечади. Дейлик, мана-ман деган амалдорга қўлидаги “компромат” билан келиб, “Ё менинг йўриғимга юрасан, ё шарманда бўлиб, ўласан, истеъфога кетасан” деса, амалидан айрилиб қолишдан қўрққан киши қўлида учта “туз”и турган қиморбозга тиз чўкмайдими? Албатта чўкади-да! Йўқса, бу “туз” кет-кетигача, ич-ичигача ачитиб кетади-ку!

Қарабсизки, хатодан хато туғилади, гуноҳдан гуноҳ болалайди. Айбдорлик бўлғуси айбга доялик қилади!…

Кейинги воқеалар ривожи мени ваҳимага солади: “Наҳотки юқори элитадагилар 2 ярим йил давомида халқ ғамини ўйлаш ўрнига тожу тахтга интилиш йўлида курашган бўлса?” деган ваҳима вужудимни қамраб олади.

Айнан ана шу тожу тахт шаробидан маст сархушлар юқори курсиларда ўтирган кишиларга сайёдлик қилади: тузоқ қўяди, овлайди, олдинги хатоларини кўрсатиб қўрқитади, орқаси тоза эмаслигини эслатиб, тиз чўктиради…

Акс холда каро утмишидан хориж матбуотига информация сиздиради…

Кейинги 2 ярим йил давомида фуқаролик жамияти вакиллари, мустақил журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари “Ҳукуматнинг қуйи бўғини мамлакат президентига нисбатан саботаж қилмоқда, амалдорлар Мирзиёев фармон ва қарорларининг аксини бажармоқда” дея тинимсиз жар солиб келди.

Назаримда, бугун фуқаролик жамияти вакилларининг иддаолари ўз исботини топгандек.

Шу ўринда савол туғилади: Хўш, у ҳолда вазиятни қандай ўнглаш мумкин?

Барча муаммо мана шу саволга ўринли жавоб топа олишда. Энг тўғри жавобгина мавжуд муаммоларни маълум маънода бартараф этиши мумкин.

Гап шундаки, Ўзбекистоннинг юқори курсиларида ўтирган бирорта бир амалдорнинг ичида “суфи”си йўқ, гапнинг очиғи. Шу боис ҳам улар компроматлар кони бўлган МХХга малай бўлиши, табиий. Кетлари очилиб кетмаслиги учун…

Бас шундай экан, энди ҳукумат олдида битта тўғри йўл турибди, менинг назаримда: юқори лавозимларга ичи ва кети кир бўлмаган, ўтмишда қўл уриб қўйган гуноҳларидан чўчимайдиган, айб қилишга улгурмаган иқтидорли ёшларни танлаш ва атайинлаш керак. Ёшларимиз орасида малакали кадрлар йўқ деб ўйлайсизми? Адашасиз. Ёшларимиз орасида ҳали кўнгли ва ўтган кунларига ғубор қўнмаганлари, фикр доираси кенг, ўз мутахассислигининг устаси бўлган билимдон, салоҳиятлилари бисёр. Фақат гап уларга ишонч билдиришда колган, холос. Тўғри, ёшлар бошқарувда тажрибасиз бўлишлари мумкин, бироқ ёшларнинг афзаллиги – ўтмиши ва қалбига гард қўнмаганлигида деб ўйлайман.

Модомики, ҳукумат Каримов давридаги кадрларни астойдил элакдан ўтказмас экан, кадрлар қўнимсизлиги борасидаги бугунги ҳолат такрорланмаслигига кафолат йўқ….

Малоҳат Эшонқулова
Мустақил журналист, ҳуқуқбон

http://www.dunyouzbeklari.com/?p=191173

facebook.com