Олтин васвасаси. Бухоро амирлигининг махфий хазинаси қаерда?

Олтин васвасаси. Бухоро амирлигининг махфий хазинаси қаерда?
30 views
15 February 2019 - 9:00

Асли касби қишлоқ хўжалик техникаси бўйича муҳандис-механик ва конструктор бўлган ушбу эссе муаллифи Ж. Муртазоев узоқ йиллар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тизимида хизмат қилган фидойи ҳамюртларимиздан. Мамлакатимизнинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги, барқарор ривожланиши ва халқимиз тинчлигини мустаҳкамлаш йўлида жасорат намуналарини кўрсатган. Қатор давлат мукофотларига сазовор бўлган. Эссе тўлиқ ҳолда “Ёшлик” журналида чоп этилади.

ДОНИШМАНД МАЛИКАНИНГ ҚАҲ-ҚАҲАСИ

“Ялтираган нарсанинг ҳаммаси ҳам олтин эмас”, дейди халқимиз. Лекин тилласи бор аксарият одам ўзини кўз-кўз қилгиси келавериши бор гап. “Кўз-кўз”и унинг ўзини тутиши, яшаш тарзи, дадиллиги, анча-мунча қийинчилик ва муаммоларни назар-писанд қилмаслигида намоён бўладики, ҳаммаси тилланинг “қуввати”га бориб тақалади. Айни пайтда у “кўрмаганнинг кўргани қурсин” қабилида иш тутиб, босар-тусарини билмай қолса, хасислик ва қурумсоқлик ботқоғига ботиб кетиши ҳам мумкин.

Олтинни кўрганда калтароқ ўйлайдиган ҳар қандай одамнинг кўнгли суст кетади. Умуман олганда, олтин асл металл. Аслида шундайми? Унинг замирида нима кўпроқ – эзгуликми ёки ёвузлик? Олтиннинг қандай мақсадда ковлаб олингани-ю, қўлга киритилганини билмасдан туриб, бу саволга аниқ жавоб бериш мушкул.

Россиялик олим Л. Гутов ўзининг “Художественное лите из драготсенных металлов” (Москва-1988 г., стр. 3-8) китобида ёзадики, “ибтидоий одамнинг металл билан танишуви ерда ёмби шаклда учрайдиган олтин билан мисдан бошланган…” “Кичик ва Ўрта Осиё, шунингдек, Олтойда 4,5 минг йил бурун олтин қазиб олинган ва қайта ишланган”. Башарият тарихининг барча даврларида олтин ва тилла тақинчоқлар бойлик, дабдаба ва ҳашамдорлик тимсоли бўлиб келган. “Искандар Зулқарнайннинг истилочилик юришларидан кейин Юнонистонни олтин босиб кетган. Айни пайтда Эрон шоҳлари саройларидаги каби дабдаба ва маҳобатга ҳавас ҳам кириб келган. Ривоятларга қараганда, Искандар Эрон шоҳи Доронинг хазинасини ўмариб кетганида ўн минг туяга юк бўлган”.

Йирик олтин конлари ва олтин захирасига эга давлат тез ривожланадики, бунинг муҳим шарти ўша катта бойликдан, хазинадан тўғри ва самарали фойдаланишига бориб тақалади. Мисол учун, Бухоро хоқонлари юз йиллар мобайнида бойлик тўплаган, бошқача айтганда, “олтин билан бриллиантнинг устида ўтирган”, амирлик халқи эса қашшоқлик ва хор-зорликда яшаган. Афсуски, қимматбаҳо металларнинг кўплиги бошга бало ҳам олиб келади. Зеро, олтин босқинчилик урушларидан қайтмайдиган душманларнинг кўзини ўйнатади.

Урушқоқ салтанатлар узоқ ва яқин давлатларнинг бойлигини талаш учун йиллар мобайнида вайронкор муҳаробалар олиб боришдан қайтмаганига тарихда мисоллар кўп. Бундай салтанатларнинг ҳукмдорлари бутун-бутун минтақаларнинг бойликларини қўлга киритиш имкониятларидан ҳам ўзларини тийиб тура олмаган.

“Олтин, моҳиятан қараганда, юмшоқлиги сабаб инсон учун энг кераксиз, бир пулга қиммат металл, бироқ унинг иблисона сеҳри заминни ларзага солиб, одамларнинг бошига таърифлашга тил ожизлик қиладиган кўргиликлар келтиради”. (Г. Левитский, “Самые богатые люди Древного мира”, Москва-2011 г. стр. 6).

Бухоро амирлигининг кечмиши бунга бир мисол.

Мўътабар китобларимизда ёзилмишки, нафсини тийган, ўзини бало-қазолардан асрайди.

“Молпарастлик аҳли башарнинг барча даврларда оромини ўғрилаб келган. Пул, олтин ва яна бир доимий ҳамроҳ – ҳокимият васвасаси манаман деган буюк шахсларни ҳам ўз нафсининг қулига айлантириб қўйган”. “У (форсийлар салтанатига асос солган Кир) босиб олган Вавилонда донишманд малика – Нитокриснинг дахмаси осойиш топган эди…” Дахма дарвозасининг пештоқига: “Мендан кейин Вавилоннинг қай бир подшоси пулга муҳтожлик сезса, ушбу дахмани очсин ва истаганича мол-дунё олсин. Бироқ, уни беҳуда очмасин. Аслида, иложи бўлса, уни умуман очмагани маъқул”, деган сўзлар нақш этилганди”. (Ўша китоб, 5-, 116-бетлар.) “Дахмани очган Доро ундан ҳеч қандай хазина тополмайди. Топгани: “Агар сен бунчалар очкўз бўлмаганингда, марҳумлар руҳини чирқиллатиб, қабрини оёқ ости қилмаган бўлардинг”, деган битик бўлади. (Ўша китоб, 117-бет.)

Мисрда 3000 йил илгари ҳам олтин қазиб олинган. Кўриб турганингиздек, қадим замонлардан одамлар унинг қадрланишини, олтини бор кас жамиятда муносиб мавқега эга бўлишини, бошига кутилмаган кулфат ёки қийинчилик тушса, асқотишини яхши билган.

Тилла “узук барча зеб-зийнатлар ичида энг анъанавий ва кўп учрайдиганидир. Эрамиздан уч минг йил илгари одат тусига кирган бу тақинчоқ барча қадимий тсивилизатсияларга хос. Геродот Вавилон давлатида муҳр ўйилган узуклардан фойдаланилгани ҳақида ёзади. Қадимий Юнонистонда греклар фақат битта муҳрли-узук тақиб юришган ва узукларни бармоқларига ҳуда-беҳуда “қалаштириб ташлайдиганлар”га ёввойилар деб қарашган. (Ўша китоб, 16-бет.)

Туркистон ўлкасида ҳам одамлар олтинни юксак қадрлаган ва ҳам Қизилқум чўлларида, ҳам Зарафшон ва ўарм дарёларининг бошланғич ирмоқларидан қазиб олишган.

Жамиятнинг энг қуйи бўғини – оилада тилланинг мавжудлиги аҳли одамга қандай таъсир қилганини, қандай қадрланганини аниқ мисоллар орқали кўрсатиб бергинг келади. Айниқса, аёлларнинг унга меҳр-эътибори ғоят баландлигининг сабаби нимада? Балки тилла улар учун ҳам тақинчоқ, ҳам оиланинг “қора куни”га яраши мумкин бўлган таянч, захира, ҳимоя воситасидир.

Модомики, олтин инсоннинг эътиборини ўзига оҳанрабо каби тортар экан, бандаси ҳам унга доим эгалик қилишга уринади. Тилланинг борлиги ёки йўқлигининг дастидан баъзан ака-ука, қариндош-уруғ, оилалар бошига не бир кулфатлар ёғилмайди дейсиз. Зотан, олтин ўз эгасининг тақдирига салбий ҳам, ижобий ҳам таъсир этиши мумкин. Бу инсоннинг қандай ижтимоий-сиёсий шароитда яшашига, тиллани қандай ниятда йиққани-ю сарфлаганига боғлиқ.

Бухорода амирлик ҳокимияти қулаб, болшевиклар ҳукмини ўтказа бошлаган, ҳатто уйидан битта олтин танга ёки тилла тақинчоқ чиққан одамнинг бошига не бир савдолар солинганини ёдга олайлик: мазлумнинг барча мол-мулки мусодара қилиниб, барча оила аъзолари ҳибсга олинган, зиндонга ташланган.

ОЛТИННИ ҲАМ ЗАНГ БОСАДИ

Туркистоннинг Бухоро, Самарқанд каби йирик шаҳарларида ўтган асрнинг йигирманчи йилларигача кўплаб моҳир ва талантли заргарлар иш юритган. Улар ясаган тақинчоқлар ўзининг жим-жимаси, гуллари ва ранг-баранглиги билан ажралиб турган.

Заргарлар барча даврларда жамиятнинг алоҳида эътиборида бўлган. “Уйғониш даврида (XV-XVI асрларда) заргарлик санъатининг нуфузи баланд бўлганини шундан ҳам билиш мумкинки, ўша замоннинг энг атоқли алломалари, мусаввирлари ва меъморлари Вероккио, Голбейн, Дюрер каби заргарлар устахоналаридан чиққан…” (“Художественное лите из драготсенных металлов”. Ленинград-1988 г. стр 11).

Россия ҳақида гап кетганида манбааларга мурожаат қиламиз. “Дастлабки йилларда бундай ҳашаматли буюмларни Париж етказиб берган, сабаби Россия ўарбий Европа билан ўзаро савдо-сотиқни кенг йўлга қўя бошлаган, сўнг заргарлар кириб келган… Пётр I замонида эса амалий санъатнинг гуркираб ривожланиши учун фақат тамал тоши қўйилган. Ҳарбий ва қурилиш ишлари эҳтиёжларига ғоят катта ҳажмда маблағ сарфлангани сабабли, шунингдек, ўзининг олтин ва кумуш конлари бўлмаганидан бу санъатнинг ривожи тўхтаб қолган.

60-йиллардан кейин СССРда олтин қазиб олиш кўпайиши билан бирга заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ошган. Москва, Ленинград, Киев, Боку, Ереван, Тбилиси, Лвов, Таллин, Рига ва Свердловск каби шаҳарларнинг заргарлари кумуш ва олтин буюмларни ясашда юксак маҳорат кўрсатган”. (Ўша китоб, 35-бет).

Заргарлик буюмлари билан қадимдан донг таратган Тошкент, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар жойлашган Ўзбекистон қани? Бу рўйхатга киритилмаган. Кира олмас ҳам эди. Чунки, кимки бундай ҳунар билан шуғулланган бўлса, айниқса, ўз сулоласига эга заргарлар, Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларидаёқ қатағон қилинган, бошқача айтганда, ўз касбининг устаси бўлган моҳир заргарлар жисмонан йўқ қилинган.

О. А. Сухареванинг “Бухара XIX–начало ХХ века” китобида қайд этилганидек, “заргарлар ва мисгар усталар юксак маданият соҳиблари бўлган. Улар анъанавий услублардан ижодий фойдаланган ҳолда узоқ ва машаққатли изланишлари самарасида ўзларининг янги ва ўзига хос шакллари ва гулларини яратган”. Китобда “аждодлари заргар ўтган Қосимжон Мироқов ҳамда XIX асрнинг иккинчи ярмида яшаган буюк заргар Усто Аъло” ҳақида маълумотлар келтирилган. Айни пайтда алоҳида таъкидланадики, “улар ўз даврининг таниқли ижодкори бўлган ва халқининг маънавий мулкини, маданиятини, анъаналарини бойитишга катта ҳисса қўшган”.

Ўлкамиз заргарлари ҳақида гап кетганда, яна бир муҳим воқеа эсга тушади. 1972 йили Сурхондарёдаги Далварзинтепа шаҳристонида умумий ҳажми 36 килограммдан ортиқ турли безаклар, тақинчоқлар, олтинлар шодаси ва бошқа зеб-зийнат буюмлари (жами 115 дона) топилгани дунёда катта шов-шув бўлган эди. Тарихчи ва қадимшуносларнинг таъкидлашича, “Далварзинтепа хазинасининг энг қимматли жиҳати, унинг антик дунё санъати қаторида тутган муҳим ўрнидир. Зеро, милодий аср бошларида Кушон, Хоразм, Суғд каби қудратли давлатлар, салтанатлар ўтганки, улар ўша даврларда гуллаб-яшнаган йирик шаҳарлари, маҳобатли қасрлари, саройлари билан оламга донг таратган. Шу боис, бугунги Ўзбекистон ҳудудидан ўтган Буюк ипак йўлида жойлашган Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз, Термиз, Қўқон сингари қадимий кентларда заргарлик, ҳайкалтарошлик, кулолчилик ва ҳунармандчиликнинг бошқа турлари қадимдан гуркираб ривожлангани яна бир бор аён бўлади”. (С. Турсунов, Т. Пардаев ва бошқалар, “Сурхон воҳаси моддий маданияти тарихи”, Тошкент-2013,112-бет).

Бошқа минтақалардаги каби Туркистонда ҳам заргарларга жуда жиддий муносабатда бўлинган. Айни пайтда, уста-ҳунармандлар ўз номини асраб-авайлаган. Билганки, қаллоблик қилса, ҳолига вой: “Фирибгардан заргар чиқса, олтинни ҳам занг босади”.

Турли архивларнинг ҳужжатларида ўтган асрнинг 20-йилларидан кейин қатағон қилинган заргарлар ҳақида айрим материаллар учрайди. Сақланиб қолинган материалларни ўрганиш ишлари ташкил этилса ва Туркистоннинг халқ усталари – моҳир заргарларининг пок номлари тикланса, адолатдан бўлар эди.

60-йилларгача Бухорода одамлар бу мавзуда гапиришга ҳам қўрқар эди. Аҳолиси камбағал-қашшоқ шаҳарда заргар не қилсин! Зеб-зийнат, ҳашам ҳақида гап бўлиши мумкинми?

ИККИ ЁВУЗ ГИРДОБИДА

Тўхтасин Мўминов ўзининг “Туркистон икки аср гирдобида” китобида ёзишича, Бухоро амири Россия билан муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек, Астраханда русларга қарши кўтарилган исёнда иштирок этган ва асрга тушган бухоролик олтин топарларни озод қилиш мақсадида Пётр бирга қимматбаҳо буюмлар юкланган юзта туя жўнатади. Карвонга тўпчибоши Хонқули (ислом динини қабул қилган рус асири Андрей Родиков) бошлиқ этиб тайинланади. Россия императори Пётр I мурожаатга рози бўлмайди. Бухоролик Ашур (Хонқулининг ўғли), Олим Шайхов ва Баҳодир Тошимов олтин конларини излаш учун Сибирга сургун қилинади.

Ашур Ўрол тоғларида катта олтин ва кумуш конларини топади. Олим Шайхов ҳам кейинроқ Пётр биринчи томонидан Германияга ана шундай вазифа билан – олтин конларини топиш мақсадида жўнатилади. У Германияда бу борада ўзини кўрсатади. Узоқ йиллар Дрезден университетида тоғ-кон ишидан талабаларга дарс беради. 97 ёшгача яшагач, университет боғига мусулмон аҳкомлари бўйича дафн этилади. Баҳодир Тошимов эса Ўрол тоғларида бир неча кумуш ва қўрғошин конларини топади. (Т. Мўминов, “Туркистон икки аср гирдобида”. Тошкент-2013 йил, 16-17–бетлар).

Шундай қилиб, Пётр биринчи Туркистон ўлкасига ҳар хил экспедитсиялар жўнатиб, Марказий Осиёдаги олтин конларининг ва қазиб олинаётган қимматбаҳо металлар ҳажмини аниқлашнинг уддасидан чиқолмаган бўлса-да, номлари зикр этилган бухоролик мутахассисларнинг ёрдамида ўз давлатида янги конларни кашф этган.

Қисқаси, Россиянинг Пётр биринчидан кейинги ҳукмдорларининг, жумладан, болшевикларнинг ҳам фикри-хаёли Амирнинг хазинасини қўлга киритишга қаратилган босқинчилик ҳаракатидан иборат эди.

Бухоро Амирининг хазинаси ҳақида кўп ёзилган, айниқса, сўнгги йилларда. Уларда тарихчилар ва бошқа соҳалар мутахассислари айни масалага ўзларининг қарашларини, хазинанинг тақдири-ю миқдорини баён этишган. Тарихчи Қаҳрамон Ражабовнинг фикрича (“Файзулла Ходжаев”, Ташкент – 2011 г, стр 14), 1920 йили хазинанинг талон-тарож қилинган олтин ва бошқа қимматбаҳо ашёлари ҳажми бугунги нархларда тахминан 80 миллиард доллардан кам эмас. Ўша йиллари бу бойлик, деб таъкидлайди муаррих, тахминан 77 млн. тилла рубл деб баҳоланган. “Айрим маълумотларга қараганда, деб ёзади Николай Кучерский, Бухоро Амирининг 1920 йилдаги олтин захираси 250 тонна бўлган”. (Н. Кучерский, “Золото Кзылкумов”, Ташкент-2002 г, стр 25).

Бироқ бу хазина қаерга ва қандай йўқолган? Манғит хонлари сулоласининг Амирликдаги юзлаб йиллик ҳукмронлиги даврида тўпланган бойлик, ҳақиқатан ҳам, шунчалар кўп бўлганми? Лекин яна хаёлга халқона бир ҳикмат келадики, “йўқолган пичоқнинг сопи олтиндан”.

Архив материалларини ўрганиш жараёнида ҳар хил папкалардан жой олган ишлар (делолар), шунингдек, оператив, кузатиш, тергов ва бошқа ҳужжатлар тўпламларида сақланаётган алоҳида, “йўл-йўлакай” йиғилган, муайян вақт, жой ва шахсга унчалик боғлиқ бўлмаган маълумотларга ҳам дуч келдикки, шунга қарамай, мазкур эпизодларнинг Бухоро Амири хазинасига дахлдорлиги бор, деб ўйлаш учун асос бўла олади. Ушбу материаллар умумлаштирилса, Бухоро ҳукмдорининг бойлиги атрофида юзага келган вазият ҳақида муайян хулосалар чиқариш имконини беради. Айни пайтда, хазинанинг талон-тарож қилиниш кўламига яқин манзара ҳам намоён бўлади.

Аввало, хазинага оид очиқ маълумотларни шунчаки ўрганиб чиқишнинг ўзидан аён бўладики, салтанатда қанча олтин, бриллиант ва бошқа қимматбаҳо бойликлари бўлганини, ҳатто Амирнинг ўзи ҳам билмаган. 1918 йилда Россияда амалга оширилган давлат тўнтаришидан кейин “қуллар ва очлар дунёси”нинг курашлари бу ўлкаларга ҳам етиб келишини, шунингдек, Қўқонда юз берган қонли воқеаларни ҳисобга олиб, ҳукмдор хазинасида ҳисоб-китоб ўтказиш ва уни талон-тарождан муҳофаза қилиш лозим деган хаёлларга боргандир. Ишлари ўнгидан келса, мавжуд хазинанинг муайян қисмини хорижий мамлакатларнинг банкларига омонатга қўйиб, фойда олишни ҳам ўйлагандир.

Амирнинг ўз хазинасининг ҳажмини аниқлаш масаласида айни қарорга келишининг бошқа талқини ҳам бор: масалан, Амирни бундай қарорга келишга, қушбеги (Бош вазир) Насрулло ундаган бўлиши мумкин. Қушбегининг бошини эса чор Россиясининг Бухородаги сиёсий агенти А. Я. Миллер айлантирган. (У 1917 йили Россия муваққат ҳукуматининг ҳам Бухородаги вакили бўлган). А. Я. Миллер нега бундай қилганини англаш қийин эмас.

Дарвоқе, тирих китобларида ўз вақтида “Колесов фитнаси” (1918 йилнинг марти) деб аталган воқеалардан кўп ўтмай, аркони давлатдаги Бухоро Амирининг хазинасига оид сирлардан воқиф бўлган ягона одам – қушбеги Насрулло ўлдирилади.

Демак, аниқ бўладики, Амир ўз хазинасини талон-тарождан сақлаб қола олмаган. 1920 йил сентябр ойининг бошида Бухорони босиб олган М. Фрунзе қўшинлари командирларининг биринчи қилган иши аҳолига – “эзилган халққа” – ғамхўрлик кўрсатиш эмас, балки Саид Олимхон ташлаб кетган Аркдан Амирнинг хазинасини излаб топиш бўлган. Шундай қилиб, босқинчилар ўзини ўтга-чўққа уриб излаб топган хазинанинг бир қисми темир йўл вагонларига (айрим манбаларга қараганда – 14, бошқаларида қайд этилишича – 18 вагон) зудлик билан юкланган ва Марказга жўнатилган.

Бухоро амирларининг умумий бойлиги – хазинасининг миқдори ҳақида ҳар хил тахминлар юрадики, қай бири ҳақиқатга яқинлигини айтишга тил ожиз. Жумладан, номи зикр этилган “Туркистон икки аср гирдобида” китобида (Ўша китоб, 115-бет) қайд қилинишича, хазинада қуйидагича бойлик бўлган:

– 1 млн. 148 минг 380 дона Бухоро тилла тангаси. Қайд этилганки, тангалар 950 пробали;

– 4 млн. 635 минг 100 дона рус тилла тангаси;

– 17 тонна Гамбург олтини;

– 62 млн. 834 минг 780 дона Бухоро тилла тангаси.

Шахсан Амирга ва унинг оиласига 968 карат, яна 8617 карат ҳар хил кийимларга қадалган бриллиантлар мансуб бўлган.

Фикримча, бу узундан-узоқ рўйхатни давом эттиришга эҳтиёж йўқ.

Хазинанинг қанча қисмини М. Фрунзе Москвага олиб кетгани ҳақида аниқ маълумот йўқ, зеро, ҳисоб-китоб юритилмаган. Айни пайтда, жўнатилган бойлик Москвагача тўла етиб бормаган. Буни М. Фрунзенинг ҳарбий эшелонини Москва шаҳрида Ф. Дзержинский бошлиқ ВЧК (Бутуниттифоқ Фавқулодда Комиссияси) ходимлари кутиб олганидан ҳам билса бўлади. ЧК Амирнинг айрим (энг бебаҳо) қимматбаҳо мулки йўлда йўқолганидан хабар топган эди. Шахсан V. Лениннинг аралашуви билан М. Фрунзе ва унинг командирлари ўзларининг бошига тушиши мумкин бўлган энг даҳшатли бало-қазолардан қутулиб қолган.

Эътибор беринг, ана шундай шароитда қурол-яроғ (1000 самолёт, 300 оғир артиллерия, 200 бронли автомобил ва ҳоказо) сотиб олиш учун немислар томонидан махсус ташкил этилган “Вогра” ҳарбий гуруҳига 1921 йилнинг августида 2 миллион рубл миқдоридаги олтин тўланган. (Ўша китоб, 15-17 бетлар).

Жумабекмурод МУРТАЗОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати фахрийси,
истеъфодаги генерал майор

facebook.com