Cotton Campaign ҳозирча ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилмайдиган бўлди

Cotton Campaign ҳозирча ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилмайдиган бўлди
34 views
18 February 2019 - 11:55

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Cotton Campaign халқаро коалицияси Ўзбекистон ҳукумати делегацияси билан ўтказилган музокаралардан сўнг мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилмагунига қадар ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкотни сақлаб қолишга қарор қилди.

Cotton Campaign вакиллари Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева, Меҳнат муносабатлари ва бандлик вазири Шерзод Кубиев, “Ўзтекстильсаноат” бошқаруви раиси Илҳом Ҳайдаров билан февраль ойининг бошларида Вашингтонда учрашган эди.

Cotton Campaign расмий сайтида эълон қилинган баёнотда айтилишича, учрашув чоғида ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни тугатиш юзасидан қатъий чоралар кўрилганини юқори баҳолаган. Айни пайтда мажбурий меҳнатга тўла барҳам берилмагани, бу соҳада қилинадиган ишлар анчагина экани ҳам эътироф этилган.

Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева раҳбарлигидаги делегация халқаро ташкилотлар томонидан ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкотни тўхтатиш масаласида музокаралар олиб бориш учун 4 февралда АҚШга борган эди.

Ўнлаб ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларидан иборат бўлган Cotton Campaign халқаро коалицияси 2010 йилда Ўзбекистонда етиштирилган пахтага бойкот эълон қилиш тадбирини бошлаган эди. Бунга Ўзбекистонда болалар ва катталар пахта теримида мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани асосий сабаб бўлган.

Бойкотга Nike, Zara, GAP, Levi”s, H&M, UNIQLO ва бошқа жаҳонга машҳур брендлар қўшилган эди.

ЎХҲ ахборот бўлими