Ватанпарвар – Андрей Кубатин

Ватанпарвар – Андрей Кубатин
83 views
19 February 2019 - 22:39

Ҳозирги ислоҳотлар замонида ёш тарихчи олимимизнинг қамоқда ўтириши ярашмайди!

Мен Андрей Кубатин билан 200Ватанпарвар – Андрей Кубатин7 йил Фанлар Академияси Шарқшунослик институтига қўлёзмалар устида тадқиқот қилиш, маълумотлар йиғиш учун борганимда танишганман. Институтда илк танишган инсоним Андрей бўлган ва у билан тарих бўйича қилган суҳбатимиз ҳали ҳам эсимда. Кейин менга тўрт йил шу институтда ишлаш насиб қилиб, уни яна ҳам яқин таний бошладим. Андрей Кубатин дадаси озарбайжонлик онаси рус бўлишига қарамай ўзбек тилини пухта билар, унча-мунча ўзбекдан яхши гаплашар эди. Ўзбекистоннинг барча маҳаллий шевасини ўрганган, бундан ташқари туркий халқларнинг аксар тилида бемалол сўзлаша олар эди. Андрей ўзини ўзбек фарзанди эканини барчага айтарди. Ўзбекистонда туғилиб ўсди, ўқиди, илм олди ва шу Ватанга муносиб фарзанд эканини кўп бора исботлаган.

Тарих бўйича тадқиқотларимда кўп бора маслаҳатини олганман, баробар илмий баҳслар қилганмиз. Мен тўғриси унга ҳавас қилар эдим, хотираси жуда кучли, кўп китоб ўқиган, тарихга оид аксар китоблардан хабардор. Воқеиликка илмий ёндашиши, манбалар билан исботлаб гапириши, керакли жойда иқтибослар қила олиши унинг кучли билимга эга эканлигини кўрсатарди ва шунинг билан бир қаторда бир тарихчи учун керак бўладиган барча қобилиятлар унда борлиги кўпчиликка аён эди.

Андрей кўп йиллардан бери VI асрда Ўрта Осиёда ҳукм сурган Турк хоқонлиги тарихи бўйича тадқиқотлар олиб боради. Бу давр бўйича Ўзбекистонда кам сонли тарихчи-турколог олимлардан бири ҳисобланади. Унинг бугунга қадар тўрт китоби (уч китоб ҳаммуаллифликда) ва саксондан ортиқ илмий мақоласи, тезиси нашр бўлган. Ўзбекистонда ва халқаро бир неча конференсияларда илмий маърузалар билан қатнашган. Буларнинг барчаси унинг илмий жамоатчиликда муносиб ўринни эгаллашига, танилишига сабаб бўлди.

Энди унинг “иши” бўйича баъзи мулоҳазалар:

Андрей Кубатинни 2017 йил март ойида ҳибсга олинганини эшитиб жуда ғалати бўлиб кетдим. Сабабини ҳеч ким билмади, ҳамма ҳайрон қолди. Нима айб қўйилгани очиқ айтилмагани ва маҳкама иши шаффоф олиб борилмагани сабабидан турли гап сўзлар кўпайди. Яқинда Андрейнинг рафиқаси Feruza Djumaniyazova ўз фейсбук саҳифасида Андрейнинг қамоқда туриб инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Олий мажлисга ёзган аризасини эълон қилди. Шундан кейин кўп нарсага ойдинлик киритилди.

Унга кўра Андрейни МХХ ходимлари қўлга олган ва 2017 йил декабр ойида унинг иши ёпиқ тарзда ўтказилган судда кўрилиб, унга Жиноят кодексининг 157 моддаси (Давлатга хоинлик қилиш) билан оғир айб қўйилган ва ўн бир йилга ҳукм қилинган. Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги Суд экспертиза маркази бир ходимининг хулосасига таяниб иши судга оширилган.

Қўйилаётган айбга кўра, ноёб қўлёзма ва арҳив ҳужжатларни Туркия фуқароси ва Ўзбекистонда расмий ишлаётган тарихчи олимга маълум пул эвазига бермоқчи бўлган. Андрей у олимга ўзининг электрон кутубхонасини беришга келишган ва ҳажми 187 гигабайтлик тўрт мингдан ортиқ тўплаган китобларни хард дискка ёзиб олдига кетаётганда қўлга олинган. Андрей ўз хатида ёзишича бу дискда биронта қўлёзма ёки арҳив ҳужжат бўлмаган. Барчаси нашр бўлган ва электрон шаклини интернетдан топиш мумкин бўлган китобларди. Ҳақиқатда, бирга ишлаганимиз учун биламан, Андрейнинг қўлёзмалар ва ҳужжатлар билан иши йўқ эди. Чунки унинг тадқиқот даври бўйича институтда биронта қўлёзма йўқ, Давлат арҳивида ҳам ҳужжат мавжуд эмас. Шунинг учун институтдан ўзи истаган тақдирда ҳам қўлёзма ололмас эди. Буни институтнинг барча ходимлари билади.

Унинг узоқ йиллардан бери элекрон китоблар йиғаётганидан хабарим бор. Институтда хонамиз яқин бўлгани учун олдига жуда кўп кирар эдим. Интернетдан китоблар юклаётган бўларди. Шунчаки қизиқишга эмас, барчасидан илмий тадқиқотида фойдаланиш учун тўплар эди. Қўйилаётган айблардан яна бири, шу хард диск ичидаги китобларни пантуркчилик ғояларини тарғиб қилишда, миллатлар ва динлар орасида низо чиқаришда, Ўзбекистоннинг табиий бойликлари ҳақидаги маълумотлар ёзилганлигида ва уларни чет элликка етказишида деб топилган. Ёш тарихчимизнинг судга эътирозларидан бири, экспертнинг икки ҳафталик қисқа муддатда шунча китоб устидан қилган умумий хулосаси ва қўйилаётган айбларни аниқ қайси китобларда эканлигини кўрсатиб беролмаганлигидадир. Ҳеч қандай пул ҳам олмаган, буни гувоҳлар ҳам тасдиқлаган. Суд бу ва бошқа эътирозларни инобатга олмаган.

Шу хард диск ичидаги китобларнинг барчаси интернетда турган бўлса, уни истаган киши дунёнинг қаерида бўлса ҳам юклаб олса бўлади. Китоблар учун жиноий жавобгарликка тортиш замони эмас ҳозир. Мободо ўша китобларда давлат учун ҳавфли маълумотлар ёзилган тақдирда ҳам уни ўқигани ёки ёнида олиб юргани учун жиноий жавобгарликка тортиш нотўғри. Қачонки кимдир, ўша китобдан илҳомланибми ёки бошқа мақсаддами ҳавфли ишни амалий бажарса, ана энди уни жиноятчи қилиб жазога тортса бўлади. Китобларни чет элликка бериш масаласига келадиган бўлсак, ҳозир технологиялар ривожланган замонда яшаяпмиз, ўша чет эллик бошқа жойдан туриб ҳам интернетдан ўша китобларни олиши мумкинлиги тўғрисида юқорида ҳам айтиб ўтилди. Олимлар орасида китоблар олди-бердиси табиий ҳол. Китоб интернетга қўйилдими, энди у барча ўқувчилар орасида қўлма-қўл бўлади. Пул эвазига сотиши ҳам мумкин, хоҳласа текинга берсин бу унинг шахсий иши. Чунки вақтини, пулини кетказиб ўша китобларни тўплаган, анчагина меҳнати сингган.

Андрей Кубатин ватанпарвар инсон, тиришқоқ тарихчи олим, ҳақиқий илм фидойисидир. Уни таниганларнинг барчаси буни билади. Тарихчи академик, профессорлар, олимлар ва ёш тадқиқотчилар унинг ҳимояси учун аризалар ёзишиб тегишли идораларга етказишган. Қолганлар бир бўлиб унинг ҳимояси учун чиқишимиз, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилишимиз керак. Андрейнинг аризасида ёзилган тафсилот бўйича унга қўйилаётган айбнинг асоссиз эканлиги ўртага чиқади. Унинг иши қайта кўриб чиқилиши ва холис хулоса берилиши керак. Токи ёш тарихчимиз озод бўлиб илм-фанга хизмат қилишда давом этсин.

Файзуллахон Отахонов

facebook.com