Иброҳим Ҳаққул ҳаётидан лавҳалар

Иброҳим Ҳаққул ҳаётидан лавҳалар
23 views
20 February 2019 - 17:29

(24 март куни профессор Иброҳим Ҳаққул қутлуғ 70 ёшга тўлaди, табриклаймиз)

ҲИСОБОТ туркумидан

Иброҳим Ҳаққул ҳаётидан лавҳалар

Шўро ҳукумати даврида адабиёт ҳам, танқидчилик ҳам соц.реализм мезонлари билан ўлчанарди, фикр-мулоҳазалар ҳам ягона мезон чегарасидан ташқарига чиқмас эди. Бироқ, ақл-ҳуши жойида бўлган одам ўша пайтда ҳам пинҳоний равишда қўлма-қўл ўтиб юрадиган Абдулҳамид Чўлпоннинг қўлёзма шеърий тўпламини тунлари хатм қиларди, эринмасдан 96 бетлик “Илмий атеизм” фанидан конспектлар дафтарининг охирги бетидан бошлаб майда ҳарфларда кўчириб оларди. Конспект дафтарнинг бошидан уч-тўрт саҳифаси Карл Маркс, Владимир Ильич Ленин, Леонид Ильич каби доҳийларнинг асарларидан иқтибослар билан тўлдириларди-ю, кейин насрий мувашшаҳ бошланади.

“Ёшлик – зангор фасл” (устоз Рауф Парфидан) деб бекорга айтилмаган. Яъни, дунё яшнаб турган табиат мисоли бенуқсон кўринади; севгининг фокуси йўналтирилган объект ҳам ёнаётган қақнусга ўхшайди. Қақнус ёниб-ёндирилиб бўлгач бир ҳовуч кул қолади, кулдон қолади. Кул ҳам, кулдон ҳам қақнусга асло ўхшамайди.

“Чўлпон шеърларини “Илмий атеизм” дафтарини тўлдириб кўчириб олған. Ўзум
кўрғанман. Чора кўрилмаса, аксилшўравий ғояларни халқ орасида тарқатиб юбориши мумкин”, деб “юмалоқ хат” ёзиб Марказқўмга жўнатиб юборади Қақнус.

“Бухорои шарифни зиёрат қилиб юрған андижонлиқ туристлар билан Лаби Ҳовузда нос чекиб турғанини кўрдим, туристлар орасида, аниқ билдимки, Чўлпоннинг қариндошларидан бирови бор эди. Бўлмасам, умрида тамаки маҳсулотлари сотиладиған магазинга ҳам кирмайдиған инсон нега нос чекади?” деб “юмалоқ хат” ёзиб юборади Марказқўмга Кулдон.

“Юмалоқ хат”лар ҳам текшириладиган замонларда “Қақнус”, “Кулдон” лақабли КГБ айғоқчиларининг маълумотларини астойдил текшириш учун Марказқўмдан етти кишилик махсус гуруҳ келиб, илм даргоҳига бир ҳафта ётиб оларди.

“Юмалоқ хат”лар текширилмайдиган бўлгач, эски айғоқчилар ю з а г а қалқиб чиқади ва ўз номларини аниқ ёзиб, имзо чекиб шикоят-ариза ёза бошлайди:
“Шул ҳақдаким, мустабид тузум замонида “халқ душмани” Чўлпонға сиғинадиган бошибузуқ мунаққидни фош этиб ёзилғон ҳаққоний шикоят хатларим оқибатсиз қолдирилди.

Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин барибир синмайди. Ахийри аён бўлдики, “халқ душмани” Чўлпоннинг “Юлдузча” нашриётида чоп этилган “Баҳорни соғиниб” шеърий тўпламиға сўзбоши ёзиб берди ва ғоявий қиёфасини батамом фош этиб юборди. Устига устак, “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобининг муаллифи ва муаллифдошлари тўғрисида ҳамда оғзига ичкилик олмайдиган ижодкор ҳақида “Мадҳия ва мадҳиябоз” номли мақола ёзиб жамоатчилик фикрини лойқалатиб юрибди. Мусаффо осмонимиз посбонлари номидан юборилаётган мана шу қимматли маҳлумотларни текшириб кўришларингни илтимос қиламан, деб Қақнус Кулдон ўғли”.
Ана холос!

Номи ўзгарган Марказқўмдан яна етти нафар азамат қўққис келиб илм даргоҳини таппа босади ва қирқ кеча-кундуз қимирламасдан директор хонасида ўтириб, қирқ йил давомида тўпланган халқ оғзаки ижоди намуналарини ҳам элакдан ўтказиб юборади. Охири: “Факатлар тасдиқланмади”, деган хулоса чиқариб кетади тафтишчилар…

Шикоятчилар халоватини бузадиган инсоннинг Дўрмон Киночилар ижод уйининг сўл томонидаги камтарона ҳовлисида ёзнинг ёруғ кунларида уч киши чой ичиб, гаплашиб ўтирган эдик. Дарвозахонадан ғир-ғир шабада эсар эди. Тушдан кейинги палла, одам лоҳас бўлади.
Кўчадан енгил машина товуши эшитилади ва дарвозадан нарироқ ўтиб тўхтайди.

–Мен ҳеч кимни меҳмонга чақирмаганман, – дейди устоз Эркин Аъзам.

–Мен ҳам чақирганим йўқ, – дейди Иброҳим Ҳаққул.

–Чақирилмаган меҳмон ким бўлди экан? – деб ойболтага ишора қилиб қўяман ҳазил аралаш.

–Меҳмон – атои худо, – дейди Эркин Аъзам. – Меҳмон келар эшикдан, ризқи келар тешикдан.

Ғўнғир-ғунғир товуш этитилиб, дарвоза оҳиста чертилади.
–Келаверинг, эшик очиқ, – дейди Иброҳим ака.

Майин йўталиб, бирин-кетин икки киши кириб келади.

Иккинчи одам ичкарига кирадию бизни кўриб таққа тўхтайди. Иброҳим ака ўрнидан туриб меҳмонлар билан қуюқ сўрашади. Стол атрофига жойлашадилар. Фотиҳа ўқилади. Иброҳим ака чой дамлаш учун ошхонага кириб кетади. Биз у ёқ-бу ёқдан гаплаша бошлаймиз Иброҳим ака узрхоҳлик қилиб, дастурхон кўтариб чиқади.

–Бу ер далачилик, жайдари ҳаёт кечирамиз, – деб дастурхон ёзади. – Ҳозир чой қайнайди.

–Ўтиринг, гап бор, – дейди новча меҳмон.

Иброҳим ака бир четга ўтириб:

–Бу киши Фалончи бўлади, катта олим. Мумтоз адабиётимиз билимдони! – деб таништиради кўтаринки оҳангда.

–Мен яхши биламан Фалончи акани, – дейди Эркин Аъзам.

Фалончи ўрнидан туриб:

–Иброҳимжон, мен атайлаб сиздан кечирим сўраш учун келдим, – деди қўлларини кўксига қўйиб. – Катта бошимни кичик қилиб келдим, мени кечиринг, жуда кўп бора сизга ноҳақ тош отдим, ноҳақ танқид қилдим, ноҳақ…

–Қўйинг-э, одамни новулай аҳволга солманг! Илмий мунозаралар ўунақа қизғин бўлади-да! Мен ҳозир… – деб Иброҳим ака чой дамлаш учун ошхонага кириб кетади.

–Нима, ораларингда бирор гап ўтганмиди? – деб сўрайди Эркин Аъзам.

Ҳамон тик турган Фалончи ўзини машинасида олиб келган ҳамшаҳрига йиғламсираб қарайди:

–Илмий мунозаралар чоғида мен кўп ноҳақ бўлганман, – деди. – Шунга…

Иброҳим ака патнисда чойнак-пиёла, ширинликлар кўтариб чиқади.

–Қўйинг унақа гапларни! Ўтиринг! – деб Иброҳим ака пойгаҳдан жой олиб чойни шопиради ва шамаси тингач, бир пиёладан узатади. – Қўзивой, яхшимисиз ўзингиз?

–Раҳмат, – дейди Қўзивой. – Баҳром Рўзимуҳаммад сиёсатга тегиб кетадиган туркум ҳажвий шеърлар ёзган экан, ҳозир фуқаролик судида муҳокама қилиняпти.

–Ие, ҳажвий шеърлар фуқаролик судида муҳокама қилинадиган кунларга ҳам етиб келдикми? – деб ажабланади Эркин Аъзам. – Тавба!

–Ҳа, энди… – деб каловланади Қўзивой.

Гап бошқа мавзуга бурилади.

Кун қайтгунча ҳангомалар давом этади. Сўнг меҳмонлар шаҳарга қайтади. Мен ҳам уйга қайтаман.

Икки-уч кундан кейин яна бир пиёла чой устида учрашамиз.

–Атайлаб кечирим сўрагани келган одамни кўпдан бери кўрмаган эдим, – дейди Эркин Аъзам. – У киши яхши олим, лекин…

–Тўғри, яхши олим ку киши, лекин бир “лекини” бор.
–Айбғинаси бўлмаса, яхши одам бўларди, – деб луқма ташлайман.

Орадан уч ойга етиб-етмасдан вақт ўтадию бирдан Иброҳим Ҳаққул ишлайдиган илм даргоҳини яна эски Марказқўм идорасидан келган нуфузли тафтиш ҳайъати келиб таппа босади.

–Қўйинг-э, домулла, ҳазиллашманг! – деб кулади Эркин Аъзам. – У киши ўз хоҳиши билан обрўли битта гувоҳни олиб келиб сиздан кечирим сўраб кетган эди-ку! Яна қайси бет билан устингиздан девонга…

–Мен ўшанда ҳам унинг кечирим сўраши самимий эканига заррача ишонмаган эдим, – деб кулади Иброҳим ака. – Зиғирдак манфаат аралашса бас, у киши бирдан тўнини тескари кийиб олади. Унинг мезони – манфаат, холос.

–Эсиз, илм-а! – деб бош чайқайди Эркин Аъзам.
–Фаол курашадиган яна биттаси бор, – дейман кулиб, – Хўрозхўжа дейдилар уни.

–Э-э! – деб қўл силтайди Иброҳим ака. – Шукур ака билан суҳбатларимизни оҳанрабо тасмасидан қоғозга кўчириб қўйдим, Бойсунга бориб Шукур ака хонадонида уч-тўрт кун меҳмон бўлиб, ҳикояларида тилга олинган жойларни кўздан кечириб қайтишим керак. – Туғилган кунини мўлжаллаб борсаммикан?

–Зўр бўларди! – дейман.

–Кўпинча туғилган кунларида битта ўзи чайласида қўлбола ўчоққа қозончада шўрва ташлаб қўйиб, боғ юмушлари билан овора бўлиб юрарди. Бир неча марта икковимиздан бошқа ҳеч ким бўлмаган, – деб эслайди Иброҳим ака. – Адабиётдан бошқа ҳаёти йўқ эди Шукур аканинг.

–У профессионал ёзувчи эди-да, Иброҳимжон.

Гап мавзуси адабиётга кўчади.

Одам ҳар бир қадами учун ўзига ўзи ҳисоб бериб яшаши керак. Ўзига ҳисоб бериб яшайдиган одам умр шомида ҳассасига таянса ҳам, тавбасига таяниб охират сафари арафасида ваҳимага тушиб қолмайди.

Муслим Элчибей исмли ҳамқишлоғим анчадан бери Иброҳим Ҳаққул билан таништириб қўйишимни илтимос қилиб юрибди. Наврўз кунларида Дўрмон далалари оралаб Киночилар Ижод уйининг сўл тарафидаги яширинқираб турган маҳаллага борсаммикан…

Набижон БОҚИЙ

facebook.com