“Ўзбекистон Олий суди биздан ўч олиш учун уйларимизни тортиб олди”

“Ўзбекистон Олий суди биздан ўч олиш учун уйларимизни тортиб олди”
59 views
21 February 2019 - 14:39

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Озодлик радиоси журналисти Шуҳрат Бобожонов ва унинг икки укаси – Қудрат ва Ғайрат Бобожоновларга тегишли уйни мусодара қилиниши борасидаги қуйи суд инстанцияси қарорини ўз кучида қолдирди.

Шуҳрат Бобожоновнинг Би-би-сига айтишича, Ўзбекистон ҳукумати ундан мустақил журналистик фаолияти учун унинг кўчмас мулкини тортиб олиш билан ўч олмоқда.

Уч ака-ука мулкининг бозордаги бугунги қиймати 180 минг долларга тенг.

Ўтган йил февралида Урганч туман суди Фуқаролик кодексининг 191 моддасига биноан, Шуҳрат Бобожоновнинг Урганчдаги уйида ҳеч ким яшамаётганини даъво қилиб уйни давлат тасарруфига мусодара қилиш қарорини чиқарганди. Судга Бобожоновлардан ҳеч ким чақирилмаган.

Бу қарор ҳақида Бобожоновлар оиласи август ойида билиб қолганлар.

Суд, шунингдек, уй давлат кадастрида қайд қилинмаганини айтган.

Лекин, Бобожоновнинг Урганч туманида яшовчи укаси Ғайратнинг Би-би-сига айтишича, уй бўш эмас ва барча ҳужжатлар жойида. Би-би-си бу ҳужжатлар билан мустақил равишда танишиб чиқди.

Шуҳрат Бобожонов айни уй қурилган ер унга Урганчда ўқитувчи бўлиб ишлаган даврида давлат томонидан берилганини тасдиқловчи ҳужжатга эга.

Унга кўра, бу уйни қуриши ортидан маҳаллий ҳокимият уйни рўйхатдан ўтказишдан мунтазам равишда бош тортиб келишган.

Шуҳрат Бобожонов ва унинг укаси Қудрат Бобожонов 2014 йилда Ўзбекистон фуқаролигидан мосуво қилинганлар. Шуҳрат Бобожоновнинг икки бошқа укаси Қудрат ва Ғайратларнинг ҳам уйлари мусодара қилингани хабар қилинади.

Би-би-cи аввалроқ ҳукм борасида муносабат олиш учун судя Ўткир Машариповга боғланганди, аммо унинг ўзи билан суҳбатлаша олмади. Би-би-cининг Урганч туман ҳокимидан изоҳ олиш ҳаракатлари ҳам зое кетти.

Би-би-cи Урганч туман суди билан боғланганида, девонхона мудири Тўлқин Матниёзов мазкур журналистларнинг ватанда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини тавсия қилганди.

“Қарордан норози бўлса, шикоят бериши мумкин кассация тартибида. Унинг уйи давлатга ўтиб кетади, ўзи бефарқ бўлиб юраверадими? Бошқа ерга ёзиш ўрнига биздан юқори турувчи судга ёзиши керак”, – деб айтган Матниёзов.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек