Ўзбекистон Суди: Рўмол миллий либос ва у ўқишда эмас, тўйларда кийилсин

Ўзбекистон Суди: Рўмол миллий либос ва у ўқишда эмас, тўйларда кийилсин
134 views
21 February 2019 - 15:43

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Маъмурий ишлар бўйича Шайхонтоҳур туман суди рўмоли сабаб Халқаро Ислом академиясидан ҳайдалган талаба Луиза Мўминжонованинг даъвосини қондирмади. Худди шу каби яна бир суд жараёнида “рўмол миллий либос бўлганлиги учун” уни ўқиш жойларида тақиқласа бўлади, деган хулоса берилган.

20 феврал куни Судя Сардор Рахмуддинов бошчилигида бўлиб ўтган маҳкама жавобгар сифатида иштирок этган Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасига таянган.

Ишни қисқа вақтда кўриб чиққан судья қарор юзасидан тушунтириш бермаган.

Худди шундай қарор Шайхонтоҳур туман маъмурий ишлар бўйича судьяси Ш. Муминов томонидан ҳам 15 феврал куни қабул қилинди.

Судья 17 ёшли қизи Ислом Академияси қошидаги лицейга рўмоли билан қўйилмаган Абдувоҳид Яқубовнинг даъвосини рад қилган. Суд қарорида рўмол диний либос эмас, балки миллий либос бўлганлиги сабаб уни тақиқлаш диний ҳуқуқларни чеклашга олиб келмайди, дейилган.

“Рўмол диний ёки ибодат либоси эмас, балки миллий либос бўлганлиги аризачи Яқубов Абдувоҳид қизининг Ўзбекистон Халқаро ислом академияси Академик лицейига рўмол ўраб киришини тақиқловчи ҳужжатлар ва хатти-ҳаракатлар унинг диний эркинлигини чекланишига олиб келмаган”, дейилади суд қарорида.

Рўмолни миллий либос деб атаган судья Ш. Муминов уни ўқиш жойида эмас, балки тўй ва маросимларда кийишни тавсия қилган.

“Шу ўринда, суд миллий либосни ўқув муассасида эмас, балки урф-одатлар, анъаналар ва қадриятлардан келиб чиқиб, тўй, маросим, байрамларда ҳамда ўқишдан ташқарида кийиш мақсадга мувофиқлигини ўзининг эътиборини қаратади”, дейилган суд қарорида.

20 феврал кунги судда Луиза Мўминжонова аризасининг рўмолни тақиқлаш тўғрисидаги ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топиш, жавобгар мансабдор шахсларнинг рўмолли қизларни академияга киритмаслик билан боғлиқ ҳаракатларини ғайриқонуний, деб топиш тўғрисидаги қисми судья томонидан рад қилинди.

Аризанинг ўқишдан ҳайдаш тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш туғрисидаги қисмини фуқаролик судига тааллуқли, деб топди. Яъни уни кўриб чиқмаган.

Судья нима учун бундай қарорга келганини тушунтириб бермаган.

Суд бундай қарорга келишда судда жавобгар сифатида иштирок этган Вазирлар маҳкамаси қошидаги Дин ишлари қўмитасининг 2017 йил 20 февралдаги ва 2018 йил 2 апрелдаги маълумотлари ҳамда 2019 йил 14 февралдаги хулосасига асосланган.

Уларда Халқаро Ислом академиясининг аҳлоқ-одоб қоидаларидаги рўмолни тақиқлаш тўғрисидаги қоидалари фуқароларнинг диний ҳуқуқлари бузилишига олиб келмайди, деган мазмунда хулоса берилган.

“Мантиқсиз суд бўлди. Дин ишлари бўйича қўмита жавобгар шахс ҳисобланади. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс бўйича суддаги экспертнинг икки тарафга ҳам алоқаси бўлмаган холис ташкилот бўлиши керак. Биз ушбу ишга алоқадор бўлмаган холис ташкилотнинг экспертлик хулосасини киритишни сўраб судьядан талаб қилдик. Аммо уни ҳам, гувоҳларни чақириш талабимизни ҳам рад қилиб, жуда қисқа вақтнинг ичида суд қарорини чиқарди”, дейди адвокат Абдувоҳид Яқубов.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита 2013 йили ҳозирги хулосасига зид маълумот берганлигини кўриш мумкин.

Қўмитанинг ўша вақтдаги раиси Ортиқбек Юсупов 2013 йилнинг 25 ноябрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмон Алимовга берган хулосасида шундай деган.

“Қадимдан юртимизда яктак, дўппи, рўмол кабилар ўзбек халқининг миллий кийимларидан ҳисобланиб келинган. Диний қоидалар беркитишини талаб қилган аъзоларни ёпиб турувчи кийимни шахс барча ҳолатларда, шу жумладан ибодат пайтида ҳам кийиши мумкин”, дейилади унда.

Диний қўмитанинг ўша вақтдаги раиси анъанавий либосда жамоат жойда юриш қонун бузилишига олиб келмаслигини таъкидлаган.

“Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланаётган бир пайтда анъанавий миллий либосда жамоат жойида юриш қонун бузилишга олиб келмайди”, деган Ортиқбек Юсупов.

Икки ишни ҳимоя қилаётган Абдувоҳид Яқубов туман суди қароридан қониқмаганлиги ва Тошкент шаҳар судига апелляция киритиб, адолат қарор топишидан умид қилаётганини билдирди.

Би-би-сига Халқаро Ислом академиясида рўмоли билан ўқишга қўйилмаган ва натижада ундан ҳайдалган 4 қиз борлиги маълум.

Халқаро Ислом академиясига давлат бюджети асосида ўқишга кирган Луиза Мўминжонова 10 феврал куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқаро Ислом Академияси устидан судга ариза киритганди.

Рўмоли билан ўқишга киритилмаган Луиза Мўминжонова 140 соатдан ортиқ дарс қолдирди деган сабаб билан ўқишдан ҳайдалган.

ЎХҲ ахборот бўлими