Маҳаллий ОАВ Олий суд раиси ўринбосари ҳибсга олинганини хабар қилди

Маҳаллий ОАВ Олий суд раиси ўринбосари ҳибсга олинганини хабар қилди
79 views
21 February 2019 - 18:51

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Тошкентда Олий суд раисининг ўринбосари, Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Баҳодир Деҳқонов, 21 февраль куни ҳибсга олингани тўғрисида daryo.uz сайти ўз манбаларига таяниб хабар қилган.

“Ишонса бўладиган манбалар”га таянилган худди шундай хабар uzmetronom.comда ҳам эълон қилинди.

gazeta.uzнинг ёзишича, Баҳодир Деҳқонов 21 февраль, “куннинг биринчи ярмида ўз хизмат хонасида” қўлга олинган. Бу нашр “ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ахборот манбаси”га таяниб хабар қилди.

centre1.com 18 февраль куни бир-биридан мустақил уч манбага таяниб, баҳодир Деҳқоновнинг 15 февралда эгаллаб турган лавозимидан бўшатилгани тўғрисида хабар қилган эди.

Баҳодир Деҳқонов Олий Мажлиснинг Сенати томонидан 2017 йил 27 май куни беш йил муддатга Олий суди раисининг ўринбосари – Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланган.

У ўз вазифасига 2017 йилнинг 1 июнида киришган.

Бундан аввал, Баҳодир Деҳқонов Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

uzmetronom.com ўз хабарида Баҳодир Деҳқонов “ДХХнинг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг қудасидир”, деб ёзган.

Баҳодир Деҳқоновнинг қудаси экани айтилаётган ДХХ собиқ раҳбари 53 яшар Ихтиëр Абдуллаевга нисбатан 11 февралда “қамоқ” вақтинча эҳтиëт чорасини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилингани тўғрисида Озодлик 13 февралда ДХХ собиқ раҳбари қўл остида ишлаган мулозимга таяниб хабар қилган эди.

ДХХнинг жорий раҳбарияти таркибида ишлаётган ва собиқ раиснинг қўл остида ишлаган манбаларга кўра, Ихтиëр Абдуллаев ДХХ ертўласида жойлашган тергов изоляторида сақланаётгани айтилган 13 февралдаги хабарда.

Бундан олдинги хабарлари кейинчалик тасдиқланган бир неча манбанинг Ихтиёр Абдуллаевга оид ушбу сўнгги маълумотларининг расмий тасдиғи ëки инкори ҳозирча Озодликда йўқ.

ДХХ раиси сифатида бир йил ишлаган Ихтиёр Абдуллаев 8 февраль куни саломатлиги боис эгаллаб турган лавозимидан озод қилингани хабар қилинган.

Озодлик 11 февраль куни Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, Ихтиëр Абдуллаев жиноят иши фигуранти бўлгани ҳақида ëзган эди.

ЎХҲ ахборот бўлими