Биринчи қадам…

Биринчи қадам…
28 views
22 February 2019 - 8:00

Ҳамма нарсани бошлаш қийин бўлади. Ҳар қандай ишда биринчи қадам муҳим ҳисобланади. Доимо биринчи қадам энг оғири ва энг масъулиятлиси ҳисобланади.

Биринчи қадам…

Нуруллоҳ Роуфҳон домла биринчи қадамни ташладилар. Золимга ҳақни айтиб, ҳақ ризоси учун қалам тебратдилар. Ўша таҳликали тузумда бу иш бошни кундага қўйиш билан баробар эди.

Биринчи қадам…

Фарруҳ Абсаттаров соқол ҳимояси учун охиригача бора олди. Дини учун курашиб, ўз ҳақини талаб қилди. Ҳар қанча тазйиқларга қарамай, динида собит тура олди.

Биринчи қадам…

Фазлиддин Парпиев бир Имом ўлароқ мозористонда “Ҳайялал фалаҳ“ деб нидо қилди. Унинг бу нидоси шу даражада кучли жарангладики, энг юқоридаги курсилар ҳам бу овоздан титраб кетди. Мозористонда ҳали ҳаёт давом этаётганини, ҳамма ўлиб улгурмаганини билдириб қўйди.

Биринчи қадам…

У қадам шу даражада катта қадамки… у қадам қалбларни ларзага келтирмай қўймайди. Бир ожиза ҳижоби учун эркаклардан ҳимоя кутмасдан манзил сари йўлга тушди. Ўз шаънини, ўз иффатини бир ўзи ҳимоя қилиш учун йўлга отланди. Бу йўл қанчалар машаққатли эканини яхши англаган ҳолда йўлга чиқди.

Бу йўлда ҳаммалари бир бўлиб, уни “енгишди”. Бутун жамият, қонунлар, амалдорлар, “аҳли илмлар“, жоҳиллару олимлар бир қизни енгиб, бугун гўёки енгил нафас олишди.

Аммо энди кеч. Биринчи қадам ташланди. Биргина туртки билан – жуда катта куч ишга тушди. У шундай оғир қадам эдики, ҳали бу қадам вазнини бутун уммат эслайди. У бутун бошли миллатни уйғонишига сабабчи бўлган бир сас ўлароқ хизмат қилади.

Роуфҳон домла қалами билан зиёлиларни уйғотди. Бутун бошли мудраб ётган қалам аҳлини уйғотди. Энди қаламлар синмайди. Энди қаламлар ёзишдан тўхтамайди.

Фарруҳ ёш бўлишига қарамай, талабалар учун ўрнак бўлди. Динини ўз шахсий манфаатларидан устун қўя олди. Энди бу диёрлардан юзлаб, минглаб Фарруҳлар чиқаверади.

Фазлиддин ака барча аҳли илм, фузало, уламо, оқилу-донолар юзига ойна тутди. Асл башараларини кўриб олишларига имкон берди. Қалбида озгина бўлса ҳам ҳақ жойлашган Аҳли илмлар учун жасорат чироғини ёқди.

Луиза синглимиз эса миллат аёлларини уйғотди. Миллат эркаклари юзига шапалоқ урди. Бу иффатли қалб тарсакиси ҳали кўп вақтларгача бизни ухлатишга йўл қўймайди. Бу аёл жасорати миллионлаб қалбларга кириб боради.

Боя Сиротилло “Туркияга ўхшаб кетяпмиз“, деди. Ҳа, ўхшаб кетяпмиз. Аёллар рўмоли учун тўпланиб, очлик эълон қилган Туркияга ўхшаб кетяпмиз. Рўмоли учун кўп йиллар курашиб, натижада ютиб чиққан Туркияга ўхшаб кетяпмиз…

Бугун синглимиз ютқазмади. У ютди. Бу ютуқ шу даражада катта ютуқки, ҳали буни кўп бора эслаб юрамиз. Зотан, юқорида номи зикр қилинган кимсалар бизнинг қалбларимиздан ҚЎРҚУВ аталмиш лаънати туйғуни улоқтиришди. Ҳар-бир шахс учун намуна бўла олишди. Миналанган зонада биринчи қадам – энг хавфли қадам ҳисобланади. Биринчи қадамни ташлаган инсон – ўлимни бўйнига олиб ҳар-бир қадамини ташлайди. Биз учун биринчи қадамлар ташланди. Бизни вазифамиз ўша ташланган қадам изига қадамимизни босиш. Зеро, бизни қадамларимизга ўлим чанг солмайди.

Саййид Ислом

facebook.com