Минг йилдан сўнг…

Минг йилдан сўнг…
68 views
24 February 2019 - 8:00

Мен етти кун Жиззах ўлкаси сафарида бўлдим. Сирдарё ирмоқларидан Фориш тумани сари қазилаётган анҳорни, янги бунёд этилаётган Қорамон сув омборини, чўлда яралган боғларни, яқинда очилган конларни ва ишга туширилган завод, фабрикаларни кўрдим.

АЭС ( атом электр станцияси) қурилиши мўлжалланган майдонда тадқиқот ишлари олиб бораётган геолог- муҳандислар билан ҳам қўнишдим.

Қизил Денгиз( Ҳайдаркўл) қирғоқларини ҳам кездим. “ Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ қурилган , таъмирланган шаҳар, шаҳарча, қишлоқларда одамлар билан гаплашдим. Уларда ҳозирги сиёсатга ишонч, келажакка умид, ишга рағбат уйғонганлигини туйдим.

Ўлкадаги кўнгилни қувонтирадиган ўзгаришларни қаламга олдим.  Эссе шаклида, кичик – кичик сарловҳалар остида.

Азиз ўқувчи , ҳозирча шулардан тўртасини ( “Минг йилдан сўнг…”, “Хонбанди”, “ Ўрта Осиёда биринчи АЭС”, “Қизил денгизи” ) эътиборингизга ҳавола қиламан.

Эврил Турон
Турон Халқаро Ёзарлар Бирлиги раиси

* * *

ЭВРИЛ ТУРОН
Турон Халқаро Ёзарлар Бирлиги раиси

МИНГ ЙИЛДАН СЎНГ…

Одам қилган эзгу иш-  одам умрининг давоми

                                          Муродим Турди , академик.

Хонбанди – Боғдон тоғи билан Қизил денгиз ( Ҳайдаркўл) ўрталиғида қўним топган шаҳарча. Оралиқ таҳминан бир тош . Балки сал кўпроқдир? Хонбандига бўм- бўш чўлни кесиб ўтган сўқоқ орқали эндик.  Бу йўл Шавкат Мирзиёевнинг “ Обод қишлоқ” дастури (2018 йил26 апрел куни президент “ Обод қишлоқ” дастурига  мувофиқ қишлоқларни ободонлаштириш ишларини сифатли ташкил этиш ва жадаллаштириш масалаларига бағишланган ведиоселектор йиғилиши ўтказади) муносабати билан таъмир этилган. Бироқ, нима сабабдандир икки- уч чақирими охирига етказилмаган. Фақат ўнқир- чўнқир жойлари тузатилган. Шунга қарамай, бу йўл менга ёқди. Шофёр сўқоқни мақтади:

–   Яхши йўл жон роҳати.

Мен болалигимда Хонбанди ва унинг теваракларини кўп кезганман. Булар “Оқ гул”, “ Ойнур” романларимда ҳам акс этган.

Амир  Беркиннинг уйига киришимдан олдин афсонавий Хонбанди сув омбори тўғонини зиёрат қилдим. Сув омборини қурум босган. Ёқаларга , ҳатто қурум устиларига уйлар қурилган.

Адирсимон икки тоғ оралиғига қурилган Тўғон ( Худди Чорвоқ сув омбори тўғони каби) деярли яхши сақланган. Тўққизта қулфаги ҳам вақт тўфонларидан омон ўтган.

Ривоятларга қараганда, тош унга айлантирилган . Тош- ун эса туя сути – қумрон билан қорилган. Сўнг у тўғонни бунёд этишда цемент ўрнида ишлатилган. Шунга ҳам Хонбанди асрлар синовига бардош бериб келаётганмиш.

Асрлар синови!..

Хонбандининг бунёд этилиши ҳақида эл орасида уч ривоят юради.

 Биринчи ривоят: Хонбандини АБДУЛЛАХОН( 16- аср) қурганмиш. Бу кечаги кечмиш. Тарих учун беш юз йил беш он ҳам эмас.

Иккинчи ривоят : Хонбандини Истамихон ( Буюк Турк ҳоқонлиги салтанати) (6- аср) қурганмиш. Бу ҳақиқатга яқин ривоят. Истамихон даврида ( ҳозир бўлкаланиб ётган) Турон гуллаб – яшнаган. Ариқлар, анҳорлар қаздирилган, сув иншоатлари қурилган, чўллар обод этилган.

Учинчи ривоят: Хонбандини Бўғрохон( 859-955) ва унинг авлодлари – Қарахонлилар ( 10-аср) қурганмиш. Сотиқ Бўғрохон ўзини Қорахон , яъни Улуғ хон деб атаган.   Менинг талқинимча: бу ҳақиқатга жуда яқин ривоят . Ҳатто , назаримда айни ҳақиқат. Бунга тоғ тўрида жойлашган Қорахон қишлоғи ҳам гувоҳдир. Қишлоқ улуси ўз келиб чиқишини Қорахонга боғлайди. Ўз уруғини ” Қорахон” дейди.

Қорахонидан қуйида Қоратош қишлоғи эли, Қорамон уруғи яшайди. Боғдон халқининг ҳам бош уруғи:

ҚОРАМОН

Аҳмад  Яссавийнинг менга сирлидай туюлган мана бу иккилиги эсимдан чиқмайди:

Оқмон билан Қорамон

Сурган экан кўп даврон…

Қорахон,

Қорамон бир қавм. Яъни : Самонийлар давлатига барҳам берган , Қорахонлилар салтанатига асос солган буюк Қарлуқлар авлоди.

Қарахон,

 Қорамон.

Икковининг ҳам ўзаги: Қора. Қора-эски туркчада “улуғ” дегани.  Улуғ билан хон қўшиб айтилса, Улуғхон атамаси келиб чиқади.  Хон эса ҳоқон сўзидан туғилган.  Қорахон, Қорамон уруғлари бу сулув водийда Хонбанди сув омборини қурганлар ва экинчилик билан шуғулланганлар. Сулув водий дейишимга сабаб , ўн чақирим юқорида Боғдон тоғи салобат тўкиб турибди. Этакда бепаён ўтлоқ ястаниб ётибди. Ўтлоқ адоғида яна тоғ. Ҳозир мен турганим- тўғон қурилган тоғ. Унинг этаги чўл, Уст- юрту Ҳазар денгизича чўзилган тоза тупроқли чўл. Чўлнинг қуйи қисмида яна тоғ қад керган. Унинг орқа томонида Ҳайдаркўл мавжланиб ётибди.

Мени  ҳайрат, ҳаяжонга солган нарса- бу беадоқ чўлни , шўрдан холи, тоза тупроқли чўлни минг йил кечароқ тағин гуллаб –яшнашига бўлган ҳаракат, қудратли ҳаракат , истиқболи беқиёс ҳаракат.

Ўзимга – ўзим савол бераман: Бўғрохондан сўнг, яъни минг йил кечгандан сўнг учи- қири йўқ бу чўлни ўзлаштириш фикрни кимнинг хаёлига келди экан? Ажабо кимнинг? Минг йил ичида Турону Туркистонга қанча – қанча шохлар келиб кетишди? Қанча – қанча?

Бироқ?..

Саволимга жавоб излайман. Синфдошим, сирдош дўстим, теран билим эгаси, техника фанлари доктори, профессор( Тошкент Ирригация инститтутини битирган, шу олийгоҳда ўқитувчи, кафедра мудири, декан, проректор, ректор бўлган. Ҳозир ҳам , етмишдан ошганига қарамай мазкур институтда ўқитувчи ) Абдураҳмон Ражабнинг сўзи туйқус эсимга тушди:

– Сиз   Ўғизхонни Ўғиз ҳақон, Чингизхонни Чингиз ҳақон, Темурхонни Темур ҳоқон, деб атайсиз. Агар сизнинг тилингизда айтсам, Қарахонлилар империясидан кейин бу чўлларни ўзлаштириш ғояси ушбу инсондан чиққан:

       ШАВКАТ ҲОҚОНДАН.

–Мен бундоқ, деб ўйламагандим.

– Қудратда бўлмаган одам бу чўлларни ўзлаштиришга жазм этадими? Бу давлат миқиёсидаги иш Уйлаб кўринг , унга қанча маблағ кетади? Ҳозир Сирдарё тармоқларидан Боғдонга сув олиб келиш учун анҳор қазилаяпти.

ҚОРАМОН СУВ ОМБОРИ ҚУРИЛАЯПТИ.

 – Узоқни ўйлаб қилинаётган иш.

– Анҳор Жиззахдан ўтган, Оқтомга яқинлашган.

– Буни янгилик деса бўлади.

– Буюк янгилик!

– Шундай.

– Ҳозирча 20 минг гектар ер ўзлаштирилади. Узумзорга айлантирилади. Вино заводи қурилади. Боғдон узумига, Боғдон майизига дунё ҳавас қилади. Ёнғоқ, ўрик, олма, нок, тутлар… ҳам оламга татигулик .

 – Шундай, академик.

 – Бўрттириш – ёзувчига теккан касаллик.

 – Фанлар академияси кўриб, кўрмасликка олаяпти… Ҳатто мен унинг президентини ҳам билмайман. Мен билмаганимдан кейин , эл биладими?

Академик Ҳабиб Абдулла,

Академик Иброҳим Мўмин,

Академик Қори Ниёзий…

 Юртда буларни билмаган киши йўқ эди.

– Шундай  , аммо бу гапларни қўя турайлик. Сизга айтсам. Келажакда Боғдонда юз минг гектар ер обод этилади. Кейин. Яна … – Абдураҳмон Ражаб сўзини тугатмади.

– Осмондан олаяпсизми бу гапни?

– Одам боласига ҳамма фикрлар осмондан энади. Фақат одам боласи буни сезмайди. Менинг фаразим ҳам ўз – ўзидан миямга келмади. Осмондан…

– Сув муаммоси-чи, дўстим? – Мен Абдураҳмон Ражабнинг сўзини бўлдим.

– Ҳайдаркўл суви чучуклаштирилади.- деди Абдураҳмон Ражаб ишончга қотилган содда овозда.

– Хаёлда мумкин.

– Ҳаётнинг ўзи шунга олиб келади.

– Қимматга тушади.

– Тараққиёт – сувни чучуклаштиришда янада енгил , арзон йўлини топади.

– Умид қиламан.

– Тангри карами беқиёс.

ХОНБАНДИ ШАҲАРЧАСИ

“ Биз қишлоқларни обод этсак , у ердаги халқнинг кайфияти ўзгаради. Уларда ўз ҳаётини , янада яхшилашга интилиш пайдо бўлади. Қишлоқлар иқтисодий ўсади”.

 Шавкат Мирзиёев.

Хонбанди табиатан  кўркам маконда жойлашган . Тепада тоғлар… Қуйида тоғлар … Улар аро водий ястанган . Хонбандига сув Боғдон тоғлари ( Нурота тизмалари)дан , жилға , ирмоқ, сойлардан қуйилган. Шунга бу ерда ҳаёт минг- минг йиллар ўнжа ҳам қайнаган.

Хонбанди сув омбори тўғони ўша қайноқ ҳаётдан ёрқин хотира.

Хонбанди этагидаги қабр тошлари яна бир хотира. Вақт силсиласида мозорлар ерга сингиб кетган. Қабр бошига қўйилган мармарлар оддий тошларга айланган. Улардаги ёзувлар чумоли изи ҳолатида ўчган. Деярли билинмайди.

Лекин, бу айланмачак дунё. Эллигинчи йиллар бошида бу ерда ҳаёт қайта уйғонди. Бошқача тарзда. Бунга Учқулоч маъдан кони очилиши сабаб бўлди. Менинг болалигим ола-қуроқ оламон, яъни турли- туман миллат вакиллари ( 80- 90 фоизи ўрис эди) қайнаб – тошган шу ошёнда кечди.

Учқулоч Хонбандига бир қадам . Бу ерда ( Хонбанди пойида) бурғу цехлари, шахталар туну- кун тинимсиз ишлаб ётарди. Ўзимизгамас, Москвага.

Хонбанди шаҳарчаси Шароф Рашид раҳномалигида етмишинчи – саксонинчи йиллар оралиғида қурилган.  Кончиларнинг яшашлари учун . Чунки бу ерда битмас- туганмас қўрғошин, руҳ, кумуш кони топилган ва ишга туширилган.

  Йиллар кечароқ “ Узоқни кўра биладиган “ “ доҳий”, “ доҳийча”ларнинг “ шарофат”лари билан очун миқиёсида қўрғошин, руҳ, кумушга талаб кучли бўлса-да, кон ёпилган. Юзлаб кишилар ишсиз қолган. Ўрислар ва бошқалар ўз юртларига кетишган. Ўзбек ота маконини ташлаб , қаерга боради? Ёт юрт Ватан бўладими? Махтумқули шу сатрларни туркилар зеҳнияти ( ментелетити) дан келиб чиқиб ёзган:

Ёт элларнинг боғи билан боғчаси

Ўз юртингнинг ёнтоғича кўринмас.

Ўзбек бола- чақасини боқиш учун дунёнинг тўрт томонига иш ахтариб кетишга мажбур бўлган . Ўз уйи олдида тумонат одамни боқишга қодир кон турса-да. Бу пайтда “ доҳий”, “ доҳийча”лар кўк пулга бўкиб, кекириб яшаганлар. Ҳозир ҳам бўкириб яшаяптилар:  Ўлмай қолганлари,

Ҳайдалмаганлари,

Қамалмаганлари,

Макрда шайтондан ўзғирлари…

Ўзларини осмон, элни ер билиб яшаяптилар:

 Халқнинг қонини ичиб,

Халқни емириб,

Давлатни кемириб…

Айтинг , айни шулар ўзбек халқнинингдушманлари эмасми?

 “ Ватан хоини” тамғаси билан қамалиб , оқланганлар  Ўзбек халқининг қаҳрамонлари эмасми?

Ажрим бўлади. Албатта бўлади. Чўлпонларга бўлган ажрим мисоли: Холис,

Шаффоф.

Юртбоши олиб бораётган адолатли сиёсат шунга  олиб келади. “Доҳий”, “ доҳийча”ларнинг миллатга хиёнат тарзда конни ёпишгани туфайли Хонбанди шаҳарчаси эгасиз қолди ва ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Гарчи Хонбанди Жиззах вилояти ҳудудида бўлса ҳам , Олмалиқ тоғ- кон металлургия комбинати ихтиёрида эди. Кон ёпилгандан кейин унга Хонбанди кераксиз бўлиб қолди. Чунки, энди , ундан фойда йўқ. Чунки, энди комбинатга вагон- вагон маъдан тош бермайди.

Ўйлаб кўринг , мағзини чақинг. Хонбанди- Олмалиқ ораси 276 чақирим. Поезд Хонбандидан Олмалиққа ҳар куни  2 минг 400 тонна тош олиб борган. ( 40 та вагон, ҳар вагонга 60 тонна тош ортирилган)  Тошни вагонга ортиш , вагондан комбинатга тушуришга қанча пул кетган? Поезднинг ўзига , қатновига-чи?  Хомчўт қилинг. Йигирма йилда қанча пул сарфланган? Шубҳасиз:   Миллиардлар …

Бунинг устига вақт йўқотилиши, ташвишлар ва асаббузарликларни айтмайсизми?

Идрок қилинг , елга соврилган шу миллиардларга бепаён- бепаён кенгликларга жойлашган Хонбандининг ўзида тоғ- кон металлургия комбинати қурса бўлмасмиди?

Бўлганда қандоқ!

Минг марта бўларди.

Лекин?..

Бу ҳақда Шароф ота ўйлаб кўрмаган дейсизми? Ўйлаб кўрган, ҳаракат қилган. Бироқ ўрисдан ўтолмаган, Хонбанди комбинатини қуришга Москвадан пул ундиролмаган. Қолаверса, у пайтда Олмалиқда ўрис гапирган…

Йигирма беш йил ичида бу хато тузатилса бўларди. Тузатилмади. Билъакс ёпилди. Бузилди. Бу ҳам бир кўргулик-да.

2018- йилгача ҳеч бир идора Хонбандига қайрилиб қарамади.

2018 йилгача…

Сўнг?

Сўнг сал сўнг …

14 та  кўп қатли бино, маданият саройи,   савдо дўконлари, ошхона, ясли, боғча, мактаб, спорт майдонлари, ички йўллар, йўлаклар Хонбандига салобат бағишлаб турарди ва  у кўркам шаҳарчага менгзарди. Хонбандига  шаҳар шароити тўла кўчирилган эди:

Свет,

Газ,

Иссиқ, совуқ сув.

Иситгич батариялари ( марказлашган тарзда)…

 Кон ёпилгач, бари ишдан чиқди. Лифтлар ҳам тўхтади. 9 қатли бинога чиқиш қийинлашди. Ёзилмалар( туалетлар)ишламай қўйди. Ошхона, магазинлар, маъданият саройи, мактаб, ясли, боғчалар ҳам шу ҳолга тушди ва тутдек тўкилди. Томлардан чакки ўта бошлади . Ертўлалар ахлатга тўлди.

Қизилқумдан Хонбандига ўтказилган ичимлик сув қувири чириб , битди.

Шаҳарчанинг ички йўл, йўлаклари ишдан чиқди. Учқулоч ва туман марказига элтувчи сўқоқлар бузилди.  Эрлари . ўғиллари , ака- ука, қариндош – уруғлари мардикорликда юрган аёллар, кексалар, ногиронлар яшаш учун курашдилар. Оғир шароитдан қутилиш учун юқори ташкилотларга , жумладан , кўп қатли биноларни сақлаш, таъмирлаш учун тузилган уй- жой мулкдорлар ширкатига ҳам арз қилишди. Беҳуда. Шундан сўнг улар уйлари олди, орти, ёнларига тандир – ўчоқлар, оғиллар, товуқ катаклар, ошхоналар ва ёзилмалар қуришга мажбур бўлдилар. Булар шаҳарча ” юзи”ни“бузиб, хуниклаштириб юборди.

Мана, “ доҳий”, “ доҳийча”ларнинг қилмишлари учун Хонбанди элининг бошига тушган савдо , кулфат, изтироблар.

Ўзларининг  томларидан бир кун чакки ўтса, уйларига бир кун газ, свет, сув келмаса, ўзлари нима қилардилар? Бўкириб юборардилар. Очунни остин-устун қилароқ.

 “ Пичоқни ўзингга ур, оғримаса бировга…”деган гап бежизми?

Хонбанди шаҳарчасида узун йиллар газ, свет бўлмади.   Бундайда элдан, ердан узилганларга ҳурмат бўладими, юртга муҳаббат бўладими?

Тангрининг қаҳри қаттиқ,

 Халқнинг қарғиши ҳақ.

Қилмиш, қидирмиш…

2018 йил…

Олам аро ўзбек туғи баланд кўтарилган йил.

Юртда буюк қурилишлар амалга ошган йил.

Хонбанди элининг  елкасига қуёш қўнган йил.

Эл дейишимга сабаб: Хонбанди шаҳарчасида, 978 та хонадонда 4000 одам яшайди.

Шу улуснинг узоқ йиллик оҳи президентга етди. Аниғи , элбоши Учқулоч маъдан ( Руда) кони фожеасини, кишилар ишсиз, шаҳарча қаровсиз қолганини олдиндан билар эди.

Бу хатони тузатиш учун имкон кутарди.

Сабр билан .

  Имкон келди.

Шаҳарчани тўла таъмир этиш учун бош вазир Абдулла Арип жанобларининг ўзи Хонбандига келди.   Шу туфайли таъмир жуда тез ва сифатли амалга оширилди:

50 КУНДА.

Бу ташкилотчи одам бу эзгу ишга давлат, жамоат ташкилотларини , тижорат банкларини, ишлаб чиқариш  корхоналарини тортди.  Яна ҳашарлар уюштирди, Хайрия тадбирларини ташкил қилди.

Тўққиз қаватли бино Фориш туман ҳокимлиги ихтиёрига берилди. Ҳар бир ишни юрагидан бажарадиган ҳоким Абдували Мустон ( Мустанов Абдували Саидович) “ Обод қишлоқ” дастури доирасида уни тўла таъмирлатди. 4 қаватини ногиронларга армуғон этди . Шаҳарчадаги барча уйлар ( кўп қатли уйлар куўзда тутилади.Э.Т) каби бу уй ҳам свет, газ, иссиқ, совуқ сув билан таъминланган. Канализация тизмлари соз ишлайди. Бунинг устига хоналар мебеллар билан жиҳозланган. Ногиронларга эъзоз сифатида.

Кўнгилни қувонтирадиган даражада таъмирланган Хонбандининг ёлғиз , яёв кезарканман, буни менга  кексалар айтишди. Яна ҳам аниғи : 9 қатли бино саҳнида оғочдан ясалган ўтирғичларда гурунглашиб ўтирган ҳассали чоллар айтишди. Мен Боғдондан узун йиллар узилиб қолганим учун уларни танимадим. Улар мени танимадилар.

Одам боласига йиллар ўз таъсирини ўтказади… Буни эслаш қандай оғир!  У олис замонларда асов отдек чопиб юрардик.

Энди!..

Буни ўйласам, кўнглим вайрон бўлади. Доим эмас . Ғам- ғуссага ботган дамларимда, юрагим чанггаллаган чоғларда.

Чоллар кимлигимни ва қаерданлигимни сўрашди. Туркистондан қўноқ бўлиб келдим, дедим. Аслимни яширдим. Нега? Эркин қўнишмоқ учун.

– Шаҳарчамиз ёқдими, меҳмон? – сўради йирик кўзли, қирғий бурун киши .

– Жуда , ҳавоси тоза, табиати гўзал.

 – Шоирча сўзлайсиз, шоирмисиз?

– Йўқ , ўқитувчи эдим, ҳозир пенсиядаман.

– Мен геологман.

 – Яхши , оға.

– Беш – олти ой бурун бу ер хароб бўлиб ётувди. Худо бизга бир президентни берди, шу инсон Хонбандини обод қилди. Бўлмаса , яна юз йилми, минг йилми, хароблигича қоларди.  Чоллар уни қўлладилар:

Отасига раҳмат!

   Аллоҳ умрини берсин!

 Элнинг дуосига қолаяпти.

Дунёда ҳам ҳурмати ошаяпти.

Қирғий бурун киши ( адашмасам, 80 ёшларда эди) яна гап тизгинини тутди: – Дунё сув билан тирик . Сув бўлса. Саҳро ҳам обод бўлади. Улуғимизнинг ( Президент Шавкат Мирзиёни кўзда тутаяпти Э.Т) бир оғиз сўзи билан  Қизилқумдан Хонбандига оқ қувурда чучук сув келаяпти.

Савобимизга қолди,- деди озғин оқсақол.

Хиёбонларни кўрдингизми? – сўради қирғий бурун чол.

 Кўрдим.

 Гулзорларни-чи?

 Йўқ , оға.

 Эсим қурсин, ҳозир қиш-ку. Кўкламда бу ерда чаман- чаман чечаклар очилади.

Мен пайғамбар ёшидан ошган бу оқсақоллардан яна қўйидагиларни билиб олдим:

Ноиложликдан қурилган уйлар бузиб ташланган.

Боғча , мактаб, ички йўл, йўлаклар тўлиқ таъмирланган.

Янги  маъданият саройи , тикув фабрикаси биноси, кутубхона, ҳаммом, савдо дўконлари , сервис шохобчалари , спорт майдонлари, бозор инфратузилмаси объектлари қурилган.  Алоқа тизими, электр таъминоти яхшиланган. Хонбанди- Боғдон шаҳарчаси ( туман маркази) аро автобус қатнови йўлга қўйилган.

Имкон даражасида иш ўринлари яратилган.

Кексалар бош вазир тўрисида илиқ гаплар айтдилар:

 – Омон  бўлсин, бу ишларни бажарилишида, ғайрат қилди. ( Боғдон улуси ўғуз лаҳжасида гаплашади, “лар” қўшимчасиз. Э.Т)

– Мен у йигит ҳақида бошқача фик

 – Иш кўзини билади…

Оқсақолларнинг сўзлари миямга ўтириб қолди. Бир ўзгаришсиз. Шунда, туйқус хаёлимдан шу гаплар ўтди. “ Обод қишлоқ” дастурига биноан 2018 йилда 368 та қишлоқ обод этилди. ( 2019 йилда эса бу кўрсатгич 500 тага етади)

 1900 километрга ичимлик суви, 2000 километрга электр, 263 километрга газ тармоқлари ўтказилди.

850 та ижтимоий ва 2400та бозор инфратузилмаси объектлари қурилди ҳамда таъмирланди.  440 километр йўл капитал ремонтдан чиқди. 470 та замонавий автобус сотиб олинди.

  Мана “ Обод қишлоқ” дастури асосида бир йилда қилинган иш.

 Менимча , бу улуғ иш!

Оддий кишилардан ҳам бу сўзни эшитганман. Талай марта.  Яқин Ўзбекистон тарихида шундай бўлганми?  Менимча йўқ.  Шубҳасиз, мазкур далилар президентнинг 29- март ( 2018) кунги фармон, қарорини амалга ошганини кўрсатади.  Кўриниб турибди, бу ишларни бажаришда президентга ҳам , бош  вазирга ҳам осон бўлмаган. Бундан бошқа уларнинг яна минг хил иш, минг хил ташвиш, минг хил муаммолари бор…

–    Тангри бизга президентимизни юборган, деб бекорга айтмадим, – қирғий бурун киши қордек оқ сақолини силади. Хаёлим бўлинди. Оқсақол гапида давом этди:

– Агар бу инсон халқимизга бош бўлиб келмаган-да, шаҳарчамиз ташландиқ ҳолида қоларди, кон очилмасди, йигитларимиз иш ахтариб, дунёда сарсон бўлиб юрарди.

– Кон очилмаган шекилли?

– Очилади, меҳмон , Худо хоҳласа очилади. Элимиз уни интизорлик билан кутаяпти.

– Мунча ишонч билан гапираяпсиз?

– Чунки “ Учқулоч маъдан кони” ни очиш тўғрисида 2017 йил 29 декабр куни (№ПП 3452 Э.Т) Президентимизнинг қарори чиққан.

– Зўр янгилик-ку!

– Маъдан тошларини қайта ишлаб чиқариш фабрикаси ҳам ўзимизда , Хонбанди этагида қурилади.

– Буюк хушхабар!

Бу фабрика йилига 500 000 тонна ярим метал маъданни қайта ишлаб чиқаради. Ўзимизча, содда айтсам,  ТОШДАН ҚЎРҒОШИН, РУҲ, КУМУШни… ажратиб беради. Худди гуручдан курмакни, ундан кепакни ажратгандек.

– Қойил!

–   Оворагарчиликдан қутиладиган бўлдик. Хонбандидан Олмалиққа тош ташишни ўзи бўладими? Азоб-ку бу!

– Турган – битгани зарар денг!- гап қистирди озғин чол.

 – Олмалиқ “ мустамлакаси”дан “ озод” бўлибсизларда, -кулдим мен.

– Фақат , негадир , конни очилиши ҳам, фабрикани қурилиши ҳам кечикаяпти,-деди хавотирга қотилган ўйчан оҳангда қирғий бурун оқсақол.

– Нимага?

– Менимча, маблағ етмаяпти, меҳмон.

 – Қанчага қуриларкан?

– 68 миллион Америка пулига.

– Давлат учун бу унча катта пулмас. Кимлардир чалғитишмаяптимикан?

 – Қайдам?

– Бироқ президентнинг қарорини ҳеч ким ўзгартиролмайди. Бугун бўлмаса, эртага очилади.

– Оғзингизга бол!

– Ўзи , шундай гап ҳам юра бошлади, озғин чол яна гапга уланди.

– Ўтган куни Каттанинг ўзи ( Президент Шавкат Мирзиёни назарда тутаяпти. Э.Т) Форишга келиб кетди. Хонбандидан бир тош этакда АЭС қурилади, шунга. Шундан бери эл ичида: “ кон очиларкан “ , “ фабрика қуриларкан” деган гап ғимирлаб қолди, меҳмон.

– Бир сўзли одам , деб эшитдим, айтганини қилади.

– Тўғри , меҳмон, тили билан , дили бир дейишади. Эзгу ишлар қилаяпти. Шу он ихтиёрсиз бир тарзда Юсуф Хос Ҳожибнинг ўгути хотирамда жонланди:

“  Элни бошқариш шарафига эришсанг, амалда ва сўзда фақат эзгулик қил”.

Бундан  минг йил муқаддам ёзилган ( Қутадғу Блиг) бу ҳикмат гўё ҳозиргина битилгандек туюлди менга. Таъсирланаман. Президент Шавкат Мирзиёнинг юртимизга қилаётган эзгу ишлари кўз олдимдан ўтади. Эл эътироф этаётган гап  Юсуф Хос Ҳожибнинг ҳикматига уйғун ўлароқ қулоғим остида жаранглайди:

 “ Амалда ва сўзда эзгу ишлар қилаяпти” .  Кўз темасин , илоҳо!