Ўзбекистонда дўппослашлар давом этмоқда

Ўзбекистонда дўппослашлар давом этмоқда
48 views
24 February 2019 - 12:24

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги “Қўнғирот Эрдавлат Файз” фермер хўжалиги раҳбари Абдуваққос Алиқулов 23 феврал куни  туман ҳокими ва муовини уни калтаклагани ҳақида шикоят қилган.

Фермернинг иддаосича, туман ҳокими Акмалхон Мадиев ва унинг муовини Равшан Норбўтаев ерларни кластерга топишириш масаласи кўрилган мажлисга кеч қолиб келгани учун ҳаммани олдида ҳақоратлаб уришган.

Фермернинг калтакланганини мажлисда қатнашган унинг ҳамкасблари Озодликка тасдиқлашди. Лекин, ҳоким ва унинг муовинидан бу ҳақда изоҳ олиб бўлмади.

“Қўнғирот Эрдавлат Файз” фермер хўжалиги раҳбари Абдуваққос Алиқуловнинг Озодликка айтишича, ерларни кластерга топшириш масаласига бағишланган мажлисга беш минут кеч қолиб боргани учун ҳоким муовини уни ҳаммани олдида ҳақорат қилган, унга гап қайтарганидан кейин эса ҳоким билан биргалашиб калтаклашган.

– Замҳоким Равшан Норбўтаев мажлисда менга керакмас гапларни гапириб ташлади-да. “Оғзингга қараб гапир”, дегандим, ҳоким ҳам эшитди гапимни, кейин иккаласи тангиллатиб ташлашди мени. Жамоат жойида кўпчиликни олдида мени шарманда қилишди. Кўкракларимга уриб ташлашди, – деди фермер Абдуваққос Алиқулов.

Лекин, Алиқулов калтаклангани ҳақида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят қилмаганини айтди.

– Чунки замҳоким “эркакчиликда бўлиб туради”, деганидан кейин индамадим, – дейди Абдуваққос Алиқулов.

Фермер калтакланганини мажлисда қатнашган унинг бир неча ҳамкасби ҳам Озодликка тасдиқлади.

– Фермерни аямасдан уришди. Ёқамни ушлаб турдим. Лекин, у акамиз анча меҳнаткаш фермер, яхши иш бўлмади, – дейди исми сир қолишини сўраган чинозлик фермер.

Озодлик Чиноз ҳокими ва унинг муовинига боғланиб, уларнинг бу ҳаракатларига изоҳ сўради. Ҳоким Мадиевнинг ёрдамчиси унинг иш жойида йўқлигини айтди, ҳоким муовини Норбўтаев эса саволни эшитгач, алоқани узиб қўйди ва у билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

Чинозлик фермерларнинг Озодликка шикоят қилишича, фермер калтакланган мажлисдан сўнг уларнинг кўпчилигини ерлари олиниб, кластерга топширилган.

Ўзбекистонда ҳокимларнинг фермерларни, корхона ва ташкилотлар раҳбарларини ҳақорат қилиш, уриш ҳолатлари кўп кузатилади.

2017 йилда Сирдарё вилояти, Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев мактабларнинг директорларини йиғиб, уларни бир қаторга терган ҳолда калтаклагани тасвирланган видео Инернетда тарқалди ва тармоқда қизғин муҳокама қилинган эди. ​

Воқеадан олти ой ўтиб ҳоким лавозимидан олинганди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев муштумзўрлик давлат сиёсатига қарши экани, ўз ходимларига қўл кўтарадиган раҳбарлар жазосиз қолмаслиги ҳақида кўп гапирган.

Президент Мирзиёев 2017 йилнинг ноябр ойида ўтказган ҳукумат мажлисида амалдорларнинг муштумзўрлиги ва сўконғичлиги давлат сиёсатига, президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланишини айтганди:

– Гуруч кўрмаксиз бўлмайди деганларидек¸ ўз масъулиятини унутиб, оёғи ердан узилган, мен раҳбарман¸ нима қилсам ҳам меники тўғри¸ деган хато фикр билан ғўдайиб юрган айрим одамлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг ўз хизмат лавозимларини суистеъмол қилиб, қўл остидаги ходимларга қўпол муносабатда бўлаётгани, ҳақорат қилиб, ҳатто қўл кўтараётгани ҳақида бизга кўплаб маълумотлар келиб тушмоқда. Бу бизга умуман номаъқул нарса. Бу иллатни йўқ қилиш керак, – деганди Мирзиёев.

Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов ҳам муштумзўрлик билан бошқарув усулидан воз кечиш кераклиги ҳақида тез-тез гапириб турарди:

– Муштумзўр раҳбарлардан, мушт билан бошқарадиган раҳбарлардан воз кечамиз энди баракатопгурлар. Кучли, мушт кўтарадиган, зўравонлик қиладиган, ўзини савлати билан ҳаммани қўрқитадиган энди бўлмайди Ўзбекистонда, – деган эди Каримов 2009 йилдаги чиқишида.

Каримовнинг қарийб саккиз йил аввалги чиқишидан буён¸ кузатувчиларга кўра¸ муштумзўрлик кўпайса кўпайди, лекин камаймади.

ЎХҲ ахборот бўлими