Ўрта Осиёда биринчи АЭС

Ўрта Осиёда биринчи АЭС
64 views
25 February 2019 - 8:00

Мен етти кун Жиззах ўлкаси сафарида бўлдим. Сирдарё ирмоқларидан Фориш тумани сари қазилаётган анҳорни, янги бунёд этилаётган Қорамон сув омборини, чўлда яралган боғларни, яқинда очилган конларни ва ишга туширилган завод, фабрикаларни кўрдим.

АЭС ( атом электр станцияси) қурилиши мўлжалланган майдонда тадқиқот ишлари олиб бораётган геолог- муҳандислар билан ҳам қўнишдим.

Қизил Денгиз( Ҳайдаркўл) қирғоқларини ҳам кездим. “ Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ қурилган , таъмирланган шаҳар, шаҳарча, қишлоқларда одамлар билан гаплашдим. Уларда ҳозирги сиёсатга ишонч, келажакка умид, ишга рағбат уйғонганлигини туйдим.

Ўлкадаги кўнгилни қувонтирадиган ўзгаришларни қаламга олдим.  Эссе шаклида, кичик – кичик сарловҳалар остида.

Азиз ўқувчи , ҳозирча шулардан тўртасини ( “Минг йилдан сўнг…”, “Хонбанди”, “ Ўрта Осиёда биринчи АЭС”, “Қизил денгизи” ) эътиборингизга ҳавола қиламан.

Эврил Турон
Турон Халқаро Ёзарлар Бирлиги раиси

* * *

ЭВРИЛ ТУРОН
Турон Халқаро Ёзарлар Бирлиги раиси

ЎРТА ОСИЁДА БИРИНЧИ АЭС

Атом электр станциясини аниқ ҳисоб – китоб ва пухта тайёргарлик билан қуриш , хориждаги АЭС лар қурилишидаги тажрибаларни ўрганиш зарур.

Бизнинг атом станциямиз бошқалардан ҳам яхши , сифатли ва хавфсиз бўлиши керак.

                                                                                            Шавкат Мирзиёв

 Ҳар  янги кун – янги дунёнинг эшигидир.

                                                                               Шарқ ҳикмати.

Чоллар билан хайр- хўшлашиб, Амир Беркиннинг уйига ( 5 қаватли уй, 2- қат) чиқдим. Хуш кутиб олишди. Москвадан Али Беркин ( оиласи билан Дубно шаҳрида яшайди. Врач. Келинимиз Раъно ҳам шу касбни тутган) жияним келган экан. Қучоқлашиб қўришдик.

Терги ноз- неъматга ғарқ .  Амир жиянимнинг умр йўлдоши Туронхон ҳам ота томондан қариндошими бўлади. Уй- жойини озода тутади. Пазанда. Кулчатой ( бешбармоқ) ҳозирлаб қўйган экан. Иштаҳа билан едик.

Сўнг ( менинг илтимосимга биноан) евро таъмирдан чиққан хоналарни ( 4- хонани ) кўрдик. Ўзимча ремонтдан камчилик ахтардим. Тополмадим. Хоналарга аква ромлар, гўзал эшиклар ўрнатилган. Туалетда, ошхонада иссиқ, совуқ сув. Хоналар ҳарорати мўътадил. Шунда ўз- ўзимга: ” Бошкент шароитидан қолишмайди”- дедим.

Ойналардан қорли тоғларга , уларга қотилган адоқсиз чўлларга боқдим.

Дилбар манзара!

Сўнг турли мавзуларда қўнишдик. Алла- паллагача. Али Беркиннинг шу гапидан ҳақ шарпасини  илғадим:

– Ҳозир Россияда аввалгига нисбатан ўзбекка муносабат бироз ўзгарди. Яхши томонга . Президентлар иноқ бўлсалар , халқларда аҳиллик пайдо бўларкан. АЭС ни Ўзбекистонда қурилажагидан кейин ўзаро  алоқа янада илиқлашгандай қўринди менга. Буни қаранг, тоға, тасоддифми  ё бошқами , билмадим, келиб – келиб ўзимизда, Хонбанди этагида АЭС қуриларкан.

– Менинг назаримда, жиян , бизга тасодифдай туюлган нарса , аслида тасодиф эмас. Фақат одам боласи уни тасоддиф , деб ўйлайди. Чунки инсон тўсма( парда) ортини кўрмайди, кўролмайди ҳеч замон. Буни Тангри ундан сир тутади. Аслида биз “ Тасоддиф”,деб ўйлаган нарса ҳам Тангри қонунияти асосида юзага келади. Ҳеч бир нарса Яратганнинг измисиз (Қуръону ҳадисда ҳам бу қайд этилган) бўлмайди. Шундан келиб чиқиб айтсам : АЭСни Хонбанди этагида қурилажаги ҳам БОРЛИҚ ЭГАСИнинг изми билан амалга ошади.

Россия   сабабчи халос,

Россия воситачи халос.

Жавд  Нурбахшнинг “ Улуғ демон – иблис” ( Великий демон –иблис” ) асаридан мисол келтираман. Мисол узун бўлгани учун  унинг қисқача мазмунини аён этаман:

Машойих шайтондан сўрабди:

– Сен қандай қилиб бу ҳолга тушиб қолдинг ?

Шайтон жавоб берибди:

– Яратганнинг иродасисиз бу оламда ҳеч нарса юз бермайди…

Шундоқ экан , АЭСни бизда қурилиши тасодиф эмас , Яратганнинг амри.

– Балки, тўғридир,- Али жиян жилмайди. Бу унинг юз- кўзига кўрк бағишлади.

– Ишондим, тоға, – Амир Беркин сўзимни қувватлади,- бўлмаса АЭС учун минг йилда ҳам одамнинг эсига келмайдиган ер танланмасди. Тангри айтгани бўлади.

Амир Беркин Тошкент Политехника институтининг тоғ- металлургия факультетини битирган. Учқулоч маъдан конида бош механик бўлиб ишлайди. Идрокли йигит, хушфеъл йигит. Акаси Али жиян каби.

 –  Оламни Аллоҳ яратган , ҳозир буни Шарқ ҳам , Ғарб ҳам, бутун жаҳон тан олаяпти, – Амир Беркин гапида давом этди,- бор мавжудот , ҳар бир зарра Унинг измида .Унинг изми билан ҳаракатда . Ўзича ҳаракат қилолмайди. АЭСни бизда қурилиши ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлаяпти. Одамлар ўзларича ҳар нени тўқиб, бичишаверади…

–   Хавфли дейишаяптими ?

– Ҳар каллада, ҳар фикр. Ёмонлаётганлар ҳам бор, мақтаётганлар ҳам бор. Олам ҳеч замон бир хил  фикр билан ривожланмайди, балки, қарама- қарши фикрлар билан ривожланади. Ҳаётнинг ўзи шу асосга қурилган. АЭС хавфлиликка хавфли, агар билиб ишлатмаса.

– Тўғри, жиян, тўғри. Учоқда учиш ҳам хавфли, кемада сузиш ҳам хавфли, машинада елиш ҳам хавфли. Агар учиш, сузиш, елиш сирларини билмаса. Худди шундай АЭС ни ҳам ипидан – игнасигача билиб ишлатиш лозим . Шунда хавфли бўлмайди.   Ўрисда АЭС ишлаяпти-ку,

Немисда АЭС ишлаяпти-ку,

Эронда АЭС ишлаяпти-ку .

 Агар АЭС жуда хавфли бўлганида , улар уни ишлатмасдилар.

 – Фикрингизга қўшиламан, тоға,-деди Али Беркин,- АЭС нинг фойдаси беқиёс. Масалан, бизда АЭС ишга тушса, у Жиззах , Навоий, Самарқанд, вилоятларини электр қуввати билан таъминлайди.

Яхши кайфият билан ухлашга ётдик.

Нонуштага қариндошим Ҳайдарали Абдураҳим етиб келди. У ҳам Тошкент Политехника институтини битирган , Амир жиян билан бирга механик бўлиб ишлайди. Меҳнаткаш йигит , имони бутун йигит.

Тунги  келишувимизга биноан Амир Беркиннинг “Некси”сисида эски шахталардан чиққан тоғ- тоғ тошларни оралаб ўтиб , АЭСни қуриш учун муҳандислик тадқиқотлари олиб борилаётган майдонга бордик.

Дилбар манзара:

Ясси тоғ тугаган ошён , этакда Қизилденгиз чайқалади. Тоғ тубида икки- учта вагон уй. Тўп- тўп одам. Ҳозиргина қўнган верталёт…

Шу он ҳис этдим: Янги кун эшиги очилганини, янги дунё эшиги…

Шу он кутилмаганда бошимга бир фикр келди:

“ Яқин келажакда Ўзбекистон ядровий салтанатга айланади!” Бу гап қаердан бошимга келди? Билмайман. Балки , балки, Тангри таола кўнглимга солгандир?  Қайдам?

Бизни ўрис, ингилиз, олмондан кам еримиз йўқ.

Ўзимизга ишонсак бўлди,

Илмни тутсак бўлди,

Имонни тутсак бўлди,

Аҳил бўлсак бўлди!

 Шунда қудратга эришамиз!

Буюк қудратга !!!

 Ҳаво нақадар тиниқ. Нақадар! Сўз билан ифодалаш қийин . Совуққа қотилган сабо эсмоқда. Танга ором берувчи , танни даволовчи сабо. Мен шу зум шуни туйдим: бир умр шу ерда яшаб қолишни ! Илож қанча?.. Ҳаётнинг ўз сўқмоғи бор, истасанг ҳам , интилсанг ҳам , ундан четга чиқолмайдиган сўқмоғи…

Вертолёт  ёнида ўн- ўн беши киши давра қуриб туришибди. Қиш бўлса ҳам  қор йўқлиги , ҳаво иллиққа мойилиги учун ерни митти ўтлар қоплаган.

Даврага яқинроқ бордик.  Буни қаранг , қандоқ “ тасодиф!” Гўё эртакдек туюлади. Худди “ заказ” қилганимиздай, “ етти ухлаб, тушимизга кирмаган қўноқлар келишибди:

“ Росатом” бошқони ,

 “Ўз атом” бошқони.

 Улар  мутахасисларнинг фикрларини эшитишмоқда:

 – Ҳозирча тупроқ таркиби яхши чиқаяпти.

– Бундан ортиқ жойни топиш қийин .

  – Тупроқ таркибини юз фоиз ўрганайлик, кейин бир фикрга келайлик.

–   Тўғри .

“ Росатом” бошқони бошини эгиб, кўтаради. Сўнг деди:

 – Фикрларингга қўшиламан, жаноблар. Обдон текширинглар. Зарра хато- фалокатга олиб келади.  Сизларга чексиз вақт берилган. Такрор- такрор текширинглар. Бу ер менга ёқди. АЭС учун энг қулай маскан. Табиати ҳам одамни сеҳрлайди.

“ Ўз атом” бошқони уни қўллади:

– Шундай- шундай.

 Кенгашдан кейин, Улуғбек отли геолог- муҳандис билан қўнишдим:

 – Сизнингча, атом электрстанцияси шу ерда қуриладими?

-Вақт кўрсатади. – У аниқ жавоб беришдан ўзини олиб қочди, – ҳозирча тадқиқот олиб бораяпмиз.

Лекин  мен ички бир сезги билан туйдим:

“ АЭС айни шу майдонда қурилади”.

Президентнинг бу ошёнга ташрифи ҳам , Москвадан бошқонни келиши ҳам , Осмонсой қишлоғидан Учқулоч конигача бўлган ташландиқ йўлга ( тезлик билан) асфальт ётқизилиши ҳам шундан далолат беради.

Ерли улуснинг айтишича, бу сўқоқ адоғига, бепаён даштга АЭС ишчи, хизматчилари учун шаҳар қурилади.

  – АЭСда қанча киши ишлайди?

Улуғбек ўйланиб туриб, саволимга жавоб қайтарди:

– 1200та.

Унинг ёнида турган Темур исмли геолог Улуғбекка қўшимча қилди:

– Атом Электр станцияси учун институт ҳам очилади. Мен бундан қувондим ва бироз ўйланиб туриб, Улуғбекни яна саволга тутдим:

– АЭС хавфлими ?

– Билиб ишлатса хавфли эмас. У  Халқаро атом энергияси агентлигининг ҳамма хавфсизлик талабларига жавоб берадиган қилиб қурилади.

–АЭСнинг қуввати қандай бўлади?

– Бу атом электр станциясида 2 та энергия блок ишга туширилади. Улар 2 минг 400 мегаватт қувватга эга бўлади. Бунинг фойдаси беқиёс:

Атом энергияси экологик жиҳатдан тоза бўлади.

 Ис гази чиқармайди.

Жуда улкан миқдорда   табиий газ тежалади.

 Ҳавога корбонад ангрид чиқарилиши йилига:

14 миллион тоннагача камаяди.

Азот оксидлари чиқарилиши эса:

36 минг тоннагача…

Юртбошимизнинг нутқидан бир мисол келтираман:

“ Бу улкан лойиҳа Россия билан стратегик шериклигимизнинг янги йўналиши . Мамлакатимиз саноати ривожланаяпти, аҳоли сони ўсаяпти. Ҳали олдинда яна катта режаларимиз бор. Булар учун барқарор энергия таъминоти керак. Атом электр станцияси энергия манбалари чекланган шароитда ана шундай имконият яратади. Иқтисодиётни ривожлантиришга, одамларни  иш билан таъминлашга хизмат қилади”.

 Гап жиловини Темур олди:

Президентимиз бу соҳага катта эьтибор бераяпти.  Унинг фармони билан Аттом энергиясини ривожлантириш агентлиги ( Вазирлар  Кенгаши қошида Э.Т.) тузилди.

  Ихтисослашган кадрлар етишитиришда ҳам жон куйдирмоқда . Москва –муҳандислик- физика миллий тадқиқот ядровий университетида ҳозир 30 та ўзбек ёшлари ўқияпти.

2019 йилда Ватанимизда бу олийгоҳнинг филиали очилади.  Биз муҳандис йигитлар билан хайр – хўшлашиб, Қизилденгизга ёндик.