Тонгга етиб олмоғимиз шарт!

Тонгга етиб олмоғимиз шарт!
29 views
25 February 2019 - 18:21

Бир замонлар қрим-татарларни ўз туфроғидан қувиб, қон йиғлатишган эди, энди уйғурларни! Яқин орада осмондан тош ёғиб, очофат, босқинчиларни ер ютса керак!

   УЙҒУР ШОИРЛАРИГА

Қаршимизда рутубатли тун,
Мен сизларга, сиз менга ҳамдард.
Қайғу бизни енгмасдан бурун,
Тонгга етиб олмоғимиз шарт.

Кеча маккор, хужумга ўтар,
Она каби айтади алла.
Алданмагин, бошингни кўтар,
Бор овозда куйла баралла!

Шиддатингдан қўзғалиб довул,
Ошкор бўлиб минг йиллик тилсим.
Уйқусида бўғизланган ул
Шаҳидларнинг руҳи тирилсин.

Ўқ томири ғафлат иллатнинг,
Сергакка ёв қутқу солмагай.
Шоирлари мудроқ миллатнинг,
Қабристондан фарқи қолмагай.

Хушёр туринг, тонггача етсак…
Етмасак-да бу тонг отадир.
Агар биз ҳам уйқуга кетсак –
Қолганларни ким уйғотади?
Болаларни ким уйғотади?

Тонгга етиб олмоғимиз шарт!

ЖОНТЕМИР

facebook.com