Қизил денгиз

Қизил денгиз
28 views
26 February 2019 - 8:00

Мен етти кун Жиззах ўлкаси сафарида бўлдим. Сирдарё ирмоқларидан Фориш тумани сари қазилаётган анҳорни, янги бунёд этилаётган Қорамон сув омборини, чўлда яралган боғларни, яқинда очилган конларни ва ишга туширилган завод, фабрикаларни кўрдим.

АЭС ( атом электр станцияси) қурилиши мўлжалланган майдонда тадқиқот ишлари олиб бораётган геолог- муҳандислар билан ҳам қўнишдим.

Қизил Денгиз( Ҳайдаркўл) қирғоқларини ҳам кездим. “ Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ қурилган , таъмирланган шаҳар, шаҳарча, қишлоқларда одамлар билан гаплашдим. Уларда ҳозирги сиёсатга ишонч, келажакка умид, ишга рағбат уйғонганлигини туйдим.

Ўлкадаги кўнгилни қувонтирадиган ўзгаришларни қаламга олдим.  Эссе шаклида, кичик – кичик сарловҳалар остида.

Азиз ўқувчи , ҳозирча шулардан тўртасини ( “Минг йилдан сўнг…”, “Хонбанди”, “ Ўрта Осиёда биринчи АЭС”, “Қизил денгизи” ) эътиборингизга ҳавола қиламан.

Эврил Турон
Турон Халқаро Ёзарлар Бирлиги раиси

* * *

ЭВРИЛ ТУРОН
Турон Халқаро Ёзарлар Бирлиги раиси

ҚИЗИЛ ДЕНГИЗ

Денгизлар қуруқликка , қуруқликлар денгизга айланади.

Абу Райҳон Беруний.

Хонбандидан АЭС қуриладиган манзилгача 9 чақирим. Бундан қуйига 3 км юрилса , Ҳайдар кўл.  Ерли улус уни “ Қизил денгиз” ҳам дейди. Бу гап узоқ, жуда узоқ ҳақиқатга бориб тақалади. Илмий – тарихий  китобларнинг шаҳодат беришларича , ақл    илғамас замонларда ( миллион йиллар аввал) Қизилқум ўрни денгиз бўлган. Яна ҳам аниқ айтсам,  Қизил денгиз:

 Орол,

Ҳазар ( Каспий )

Қора денгиз билан бир бутун уммон бўлган:

ОКЕАН.

Очунда биринчи марта Американи кашф этган,  Оврўпадан 6 юз йил аввал ЕР ШАРИ ГЛОБУСИНИ ЯРАТГАН БЕРУНИЙ бобомиз ҳам шу ҳақда ёзган.

Қадим турки тилда Қора денгиз- “ Улуғ денгиз” деган маънони англатган. Эски турклар ( Ўғизхон замонидаги турклар) океанни “ Улуғ денгиз” деб аташган. Буюклар буюги Беруний, “Денгизлар қуруқликка , қуруқлик денгизга айланади” деганда , мутлақ янглишмаган.

 Ақл  аниқлай олмас замонлар кечиши билан  “ Улуғ денгиз” (океан) Тангрининг қудрати  ила бўлакларга бўлинган ва қуруқликларга айлана бошланган. Кўз олдимизда пайдо бўлган бўлак:

Оролдир.

Бу  ёруғ оламда узун – узун замонлар, ҳатто илм- фан ҳам аниқлай  олмайдиган замонлар силсилаларида:

Уммонлар,

Тоғлар,

Саҳролар,

Дарёлар  … ҳам бир макондан, иккинчи маконга “кўчиб юрадилар”.

Оролнинг Қизилқум ( Ҳайдаркўл номи ила) га кўчиши ҳам аслида табиий ҳодиса.

Журналист, ёзар, олимлар Оролни “ Қуриди” дея ўзларича талқин қилишади.

Ўзларича тўқиб, бичишади…

“ Оролни қутқазамиз” дея ўзларича лоф уришади.

Беҳуда,

Аслида Орол қуримаган .  Қуримайди ҳеч қачон! Орол ўз маконини ўзгартирди , халос. Бу тарихда юз бериб турадиган ҳодиса.  Журналист, ёзар, олимлар қанча оҳ- воҳ қилмасинлар,

Оролни қайта тўлдиролмайдилар.

Ўликни тирилтира олмаганларидек.

Орол ўз қадим , тарихий ўзанида кундан – кунга кучга тўлиб, кенгайиб , узайиб яшашда давом этмоқда.

Қизилқумга жон бағишлароқ,

Қизилқумни яшнатароқ.

Қадим “ салтанат” : УЛУҒ ДЕНГИЗ ОРЗУСИДА …

Амир Беркин “ Некси” ни табиат “ қум тўшаган” қинғир – қийшиқ йўлдан маҳорат билан бошқариб бораркан, икки томонимиздан , яъни исириқ , янтоқ, явшонлар босган далалардан бургут , қашқалдоқ,  лочин, қарқаро, қарабузов, итолғи, қирғовул, оққуш, ёввойи ғоз , ўрдаклар пир- пир учиб   қолардилар.

 – Бу ерда ёввойи  ҳайвонлар ҳам кўпдир-а, Ҳайдарали?

 -Ҳа, ака, -деди Ҳайдарали, – тўнғиз, бўри , бўрсиқ, тулки , жайра, қуён, қўшоёқ, чиябўрилар кўп. Кундизлари саксавул, тўқай, қамишзорлар ораларида кўзга кўринмайди, тунлари изғиб юради.

 – Ҳув,  анави , -яйлоқларга ишора қилдим , – сурувларга , уюрларга, туяларга ташланмайди?

–  Қўйларга ташланиб туради, лекин от, туяларга ташланавермайди. Баланд қирғоқда “ Нексия”дан тушдик. Осмондан андоза олган буюк сув Нурота , Конимех( Навоий ўлкаси) туманлари сари тўлқинланиб оқмоқда. Ўспирин пайтларимда бу ерлардан “ Ўрол” ( Мотацикл)да Чордарага 2-3 марта ўтганман.

Қум тепалар оралаб,

 Овуллар оралаб .

Туз конга ( бўйича 4.5 тош, энига 2 тош ) ҳам энганман.

Энди улар сув остида қолиб кетган .

Осмон қадар бепаён сув остида .  Арнасойдан бошланган (1969 йилда) бу қудратли оқим 50 йил ичида Канемех этагини ишғол этган ва Томди томон интилмоқда.

Мардона,

Мағрур,

Тўсиқларни янчароқ.

Хаёл кўзи билан кўраяпман:

Узоқ, жуда узоқ келажакни.

Ҳайдаркўл шу оқимда давом этса , “ Қора денгизни  “ Қувиб” ўтади:

Бир неча юз йил ичида.

Сўнг океанга айланади.

Минг ,  балки миллион йил ичида .

Осмон вақтига миллион йил нима?

Бир сония!..

Баланд қирғоқдан Қизил денгизга суқланиб боқаман. Кемалар, қайиқлар у ёқдан , бу ёққа сузияпти. Саксонинчи йилларда айни  шу манзарани Қора денгизда кўрганман. Ялта, Сочи, Сўхумиларда дам олган чоғларимда.

Қандоқ мўжиза!

 Қизилқум  миллион, балки, бир неча миллион йилдан сўнг яна денгизга айланаётир!

 Шиддат ила!

Яратганнинг иродаси ила!

Физика қонунида жон бор:

“Бордан йўқ бўлмайди, йўқдан бор бўлмайди”.

Буюк мўъжиза!

Сувга энамиз . Осмон ранг сув чайқалади, тўлғонади, тўлқинларга айланароқ фалакка отилади.

Гуввилаб,

Пўртаналар мисол.

Балиқлар сув юзасига сапчийди, ўмбалоқ ошади, қувлашади.

Балиқлар кўп экан.

Секин айтасизми , тоға,-  дейди Амир Беркин ,- дунё- дунё балиқ… Сазан, судан , карас, лаққа, вабла, оқамур, жерех,илонбалиқ, дўнгманглай… истаганингизни тутиб бераман .

– Катталари ҳам борми?

Мен 60 килограмм келадиган балиқни кўрганман, -дейди Ҳайдарали.

Ҳўкизларни тортиб кетадиганлари ҳам бормиш-ку.

 Шундоқ гаплар юради, лекин мен ундайларни кўрмаганман.

 Сув ҳайвонларини-чи?

 Сувсар, Қундуз, андатра , сувкаламуши ( нутра) деганлари кўп.

Қирғоқларни узоқ кездик. Шиша, баклашка, консерва банкалари, синиқ идишлар, латта- путталар, сигарет қолдиқларию пачкалари, қисқаси, турли- туман чиқиндилар соҳилларда сочилиб ётибди. Мен ўзимча Арнасойдан то Конемех этакларига чўзилган ( тақрибан 400км )денгиз қирғоқларида аҳвол шундоқ, деб ўйладим.

Ачинарли , шундоқ дилбаро ошённи бундоқ аҳволга тушуши ачинарли. Бунинг устига балиқларни Чиноз, Челак, Ғиждивон… бозорларида ўғринча ва сохта ҳужжатлар билан сотилиши кечирилмас ҳол. Юқорида қайд этганим: денгиз ҳайвонлари ҳам шу тарзда талон қилинмоқда…

Бунга йўл ҳаракати ходимлари ҳам шерик…

Яна…

 Мен буни тўқиётганим йўқ, элнинг ичидаги гапни айтаяпман.

Такрор- такрор эшитганим гапни…

Наҳот, мен эшитганимни ҳокимлар , прокурорлар, полислар эшитмаганлар?

Шубҳали…

 Эшитиб эшитмасликка , кўриб кўрмасликка олишлари шубҳали…

Ҳатто жиноят…

 Қизил денгиз ва унинг соҳиллари масаласи давлат миқиёсида қўриб чиқилиши ва қаттиқ назоратга  олиниши лозим ва у Ватансевар, миллатсевар, ташкилотчи, ғайратли инсон томонидан бошқарилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки Ҳайдаркўл  Ўзбекистонда:

 ЁЛҒИЗ ДЕНГИЗДИР,

ДАВЛАТНИНГ ИҚТИСОДИЙ ҚУДРАТИ ВА ШОНИНИ ОШИРАДИГАН ДЕНГИЗДИР.

Иқтисодий қудрати ва шони…

 Мен буни шу икки соҳа ривожланиши тимсолида кўраман:

 ТУРИЗМ,
БАЛИҚЧИЛИК…

Балиқчилик ( сувсар, қундуз, андатра…бўйича ҳам) масаласида талон-тарожликка кескин чек қўйиш ва бу тўғрида янги қонун ишлаб чиқиш лозим.

Тилда ўзларини ишчан, тоза қилиб кўрсатадиган , аслида ўз чўнтакларига ишлайдиган каззоблардан мутлақ воз кечиш керак!  Шу билан биргав уларни жазолаш керак.

Қаттиқ ,

Кескин,

Аёвсиз!

Худди машина ўғрилари жазолангани каби .  Саксонинчи йилларда машина ўғрилари каламушлардек кўпайиб кетган эди.

 Қонун балиқ ( қундуз, сувсар, андатра) ўғриларининг ҳам оёқ- қўлларини “кесиб ташлайди! “Шунда , фақат шунда:

 Халқ барокат топади,

Давлат барокат топади.

Халқ бойиса,

Давлат бойийди.

Шунда мамлакат кучга киради. Боғдонда шундай мақол бор:  Кучсизга тош отилади,

Кучлига зар тортилади…

Оқил буни мағзини чақади,

Ахмоқ буни ит бўлиб қопади…

Маълумки, Ўзбекистонда 7.4 минг маданий мерос объекти бор. Манбаларда ёзилишича , шулардан 209 таси ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Харитада янги пайдо бўлган Қизил денгизни ҳам шу рўйхатга қўшиш лозим . Мен буни замон талаби, деб ўйлайман. Шуниси характерлики, у Ўрта Осиёда:

 ЁЛҒИЗ ДЕНГИЗ!

Агар мурод ҳосил бўлса, бу , сайёҳлар учун юртда битта-ю битта сув- туризм маскани бўлади. Ундоқ тақдирда, Қизил денгиз қирғоқларини тозалаш, обод этиш , соҳилларга шарқона қўниқлар (отеллар), ресторан, кафелар қуриш зарур бўлади.

 Уларда  ҳар хил миллий таомлар тайёрланади.

Табиий тандирларда нонлар ёпилади,

Табиий ўчоқларда ошлар пиширилади.

 Жиззах балчиғи турли касалликларни даволаш хусусияти билан донгли.

Балчиқ билан даволайдиган санаториялар барпо этилади.

Сайёҳлар замонавий кемаларда Қизил денгизда сузарканлар, гоҳи- гоҳи онларда, ўз истакларига кўра эшак, от, нортуяларда қум тепалар аро саёҳат қиладилар. Оврўпаликлар учун бу , менимча, қизиқарли машғулот бўлади.    Сўнг гўзал бассейинларда чўмиладилар.

Сайёҳлар дастурга биноан денгизга яқин ерларда қўним топган Хонбанди, Хўжа Боғбон Ота, Нўрота синграри тарихий ошёнларни махсус автобусларда зиёрат этадилар.

2018 йилда ўзбекистонда сайёҳлар учун 140 тача автотранспорт хизмат қилган.

Мана , бир манбадан олинти:

“ Соҳа инфра тузилмаларини ривожлантириш бўйича 142 та меҳмонхона , 192 та” Wı Fı   ҳудуди”, 29 та сайёҳлик ахборот маркази , 462та санитар- гигена шаҳобчаси ташкил этилган . Туризм синфидаги автотранспортлар сони 133 тага етказилган”  .

2019 йилда , умуман, йилдан- йилга булар сони ошиб боради. Шулардан бир қанчаси Қизил денгизга ҳам берилади.  Кузатишимча , сўнги 2 йил ичида юртимизда туризмга эътибор кучайди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси, “ Асминатур” сайёҳлик фирмаси бошлиғи С.Рауфбоевнинг шу маълумоти ҳам фикримни тасдиқлайди:

 “ Ўтган йили Индонезия, Малайзия, Сингапур, Туркия, Жанубий Корея , Япония ва Исроил давлатлари фуқоролари учун визасиз режим ва 39 мамлакатдан келадиган сайёҳларга соддалаштирилган виза тартиби жорий қилинди. Визасиз кирувчи хорижликлар сафига 2018 йилнинг март ойидан тожикистонликлар, октябр ойидан францияликлар ҳам қўшилди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 5 январдаги “ Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора- тадбирлар тўғрисидаги “фармони асосида яна 45 та давлат фуқоралари учун 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилди. Бундан ташқари , 70 дан зиёд мамлакат фуқороларига электрон виза олиш имконияти яратилди”.

– Ўйланиб қолдингиз тоға?  –  Амир Беркиннинг овозидан хаёлим тарқади ва мен унга:

– Денгизнинг салобати босаяпти, жиян,- дедим,- қандоқ буюк сув! Қандоқ тоза ҳаво! Она табиатининг бундоқ марҳамати қаршисида одам ўйланиб қоларкан.

Амир Беркинга менинг гапим эришроқ туюлганини ҳис этдим. Балки, Ҳайдарали инимга ҳам шундоқ туюлгандир? Мен иковини ҳам тўғри тушундим. Улар шу табиат қўйнида яшаётгани учун, табиат билан бир бўлиб кетишган . Шу сабабли улар  бу бетакрор табиатдан мендек ҳайратланишмас. Шу сабабли менинг ҳайратланишим уларга эришроқ туюлар.

 Яна қирғоқ бўйлаб жим юрдик . Денгиз жўш урмоқда. Кеч кирмоқда. Мен Амир Беркин билан Ҳайдарали Абдураҳимга ўз кечинмаларимни айтдим.

– Агар шу фикрингиз амалга ошса, тоға, зўр бўларди-да.  Қанча ёшлар иш билан таъминланарди. Денгиз қирғоқлари ҳам обод бўларди.

 – Худо  ҳоҳласа, шундай бўлади, жиян. Юртимизда туризмга қизиқиш катта. Шунга Самарқандда “ Ипак йўли” халқаро туризм университети очилди. Унда шу соҳани ривожлантирадиган кадрлар етиштирилади.

– Газетада ўқидим , ака, 2018 йилда Ўзбекистонга 5 миллион сайёҳ келибди. Илгари бундоқ бўлмаган. Туризм шу тезликда ўсса , Қизилденгиз ҳам сайёҳлар масканига айланади. Буни бизнинг Учқулоч шаҳарчамизга ҳам фойдаси тегади. Кўп иш ўринлари очилади. Менинг укам Россияда мардикор. Тангри насиб этиб, ўз юртимизда ишласа , кўнгли тинч бўлади.

Яхши  кайфият билан Хонбандига қайтдик. Бу пайтда осмонда ой сузмоқда эди.

Тун тўсмасини ёриб…