“Damas”да ҳам “қулоқ” бор! Ёхуд мен ким бўлибман?!

“Damas”да ҳам “қулоқ” бор! Ёхуд мен ким бўлибман?!
25 views
26 February 2019 - 9:37

“DAMAS”ДА ҲАМ “ҚУЛОҚ” БОР! ЁХУД МЕН КИМ БЎЛИБМАН?!

Ҳа, мен бўриман! Лекин бу гал мен ҳеч кимни ғажимадим, менинг оғзим қон эмас!

Икки-уч кундан бери мен яшайдиган уйнинг ёнида бир шубҳали “Damas” пайдо бўлиб қолди. Давлат рақами 01 856 LFA бўлган оқ рангли ушбу автомобиль илк бор 22 февраль, жума куни, уйнинг ёнида эрталаб қўйиб кетилганди. Менинг машинамдан таҳминан 10-15 метр орқароқда қўйиб кетилган.

Ўша куни мен ҳар галгидек уйдан чиқишим билан атрофда шубҳали одам ва автомобиллар бор йўқлигини текшира бошладим. Қарасам, мен яшайдиган 16-чи ва қўшни 18-чи уйнинг оралиғида, машина зўрға чиқадиган ТЕПАЛИКДА (!!!) бояги “Damas” турибди. Ён ойналари йўқ, юк автомобили, орқа ойнаси қорайтирилган, ҳайдовчи ва йўловчи салони ҳамда юкхона қора парда билан ажратилган. Бу ҳолат шубҳали туюлганидан мен машинани телефонимга расмга ола бошладим.

Таҳминан 5-10 дақиқа ўтар ўтмас, қаердандир таҳминан 25-30 ёшлардаги икки йигит келиб, зудлик ва безовталик билан “Damas”ни ҳайдаб кетишди.

Мен буткул ёмон ҳаёлга бормадим, чунки ўтган ҳафтада уйимиздаги қўшнилардан бири хонадонини ижарага бериш учун мижоз етаклаб кела бошлаганди. “Қўшнининг хонадонини кўришга келган мижозлар бўлиши мумкин” – дедим-у, ёмон гумонларимни сўндирдим.

Лекин орадан бир кун ўтгач, 24 февраль, якшанба куни эрталаб кўчага чиқсам, яна ўша “Damas” ўша жойда турибди. Мен бу машинани яна расмга олдим. Кейин хонадонини ижарага бермоқчи бўлиб юрган қўшнига телефон қилдим ва “Damas”ли бирон мижозларга уйингизни топширдингизми?” – деб сўрадим. У рад жавобини берди. Бу машина эгалари бошқа қўшниларга меҳмонга келдимикан? – деган ҳаёлда қўшниларни саволга тутдим. Уларга ҳам ҳеч ким келмаган экан.

Бир пайт қарасам, “Damas”ни 30-35 ёшлардаги бир киши ўт олдириб, жойидан қўзғалаяпти. Қўлим билан имо қилиб, машинани тўхтатдим. Йўловчи томондаги эшигини очиб, ҳайдовчига юзландим. У менинг саволларимга: “Акамнинг машинаси эди. Бузулиб қолгани учун шу ерга ташлаб кетган экан. Мени юборди. Қора-Қамишдан келдим. Машинамизни уйга ҳайдаб кетяпман. Ичида ҳеч нарса йўқ”, – деб жавоб берди.

Унинг жавобларида мантиқ йўқ эди. Чунки бузилиб қолган машинасини ТЕПАЛИККА олиб чиқишган эди, ҳайдовчи бузилиб қолган машинасининг капотини ҳам очмади, отверка ёки калит билан у ёқ буёғини номига бўлса ҳам бурамади, шартта ўт олдирдиб, ҳайдаган эди. Хуллас, “Damas” бузилган машинага ҳеч ўхшамас эди.

Шунинг учун ҳайдовчининг гапига ишонмасдан: “Ичида нима бор ўзи?” – деб яна бир марта сўрадим-у, юкхона ва салонни ажратиб турган қора пардани қўлиб билан очдим. У ерда таҳминан 1х1 мерлик бир катта ускуна, икки катта аккумулятор, рангбаранг симлар ва тугмалар тўла аппаратура бор эди. Ҳайдовчи қўлимни олишимни ҳам, эшикни ёпишимни ҳам кутмасдан газни босиб, кетиб юборди. “Damas” уйимизни айланиб, кўчада кетаётганини видеога тушуриб улгурдим холос. Ҳайдовчининг юзини на расмга, на видеога туширишга улгурмадим.

Мана шу воқеадан сўнг: “Икки кун мобайнида уйимнинг ёнига қўл ва уй телефонларимни, интернетимни ва ҳаттоки хонадон ичидаги суҳбатларимни тинглайдиган ускуна қўйиб кетишган” – деган шубҳаларим икки ҳисса ортди.

Мен бу ҳолатдан ажиотаж ва паника қилмаяпман. “Қулоқ” ўрнатадиган идоралар учун мен ким бўлибман? Оддий журналист бўлсам. Улар шахсан президентни ва унинг яқинларини тинглашга ҳам журъат эта олишади-ку!

Мирзиёевнинг сиёсатига зимдан қаршилик кўрсатиб, давлат тўнтаришига тайёргарлик кўриб келган фитначиларнинг сирлари “Eltuz” сайтида фош бўлгач, фитначиларнинг “ака”лари ишдан олиниб, қамалгач, ўша мақолаларнинг чиқарилишида аламзадалар мендан ҳам гумон қилишяпти, чоғи.

Шундай гумонда юрган “чекист”ларга айтадиганим шу: “Каримов даврини соғинаётган “каламушлар”! Сизларни Қудрат Бобожоннинг битта ўзи “ясаяпти”. Менинг бу ишларга алоқам йўқ!”

Бобомурод АБДУЛЛА
2019 йил 26 февраль

facebook.com