Боласоғуний юбилейи Ўзбекистонда нега унутилди?

Боласоғуний юбилейи Ўзбекистонда нега унутилди?
52 views
27 February 2019 - 16:12

2019 йил Юсуф Хос Ҳожибнинг 1000 йиллиги, «Қутадғу билиг»нинг 950 йиллиги Қозоғистон ва Туркия ташаббуси билан ЮНЕСКО томонидан дунёда кенг нишонланмоқда.

Ўзбекистонда эса жим-житлик. Ёзувчилар уюшмаси шу сана муносабати билан тадбирлар ишлаб чиқиб, ҳукуматга тақдим этган. Лекин ҳозиргача бунга оид ўзбек ҳукумати қарори чиқмади.

«Қутадғу Билиг» китоби ҳам сўнгги бор Қозоғистонда, 2016 йилнинг 21 январида, Тарих ва маданият йилига қарата қилинган илк тадбир доирасида чоп этилди.

Бундан аввал «Қутадғу билиг»нинг 900 йиллиги муносабати билан 1972 йилда Қаюм Каримов нашрга тайёрлаган, асл матн ва насрий табдил ЎзССР Фанлар академиясининг «Фан» нашриёти томонидан атиги 3 минг нусхада нашр этилган эди.

Шундан кейин бу асарга Ўзбекистон мутасаддилари деярли эътибор беришмади.

Гарчи Тошкентда совет даврларидаёқ ўзбек адабиёти дарсликларига киритилган буюк адиб Юсуф Хос Ҳожиб номига қўйилган машҳур кўча бор. Қирғизистонда эса минг йил бурун туркийда асарлар яратган буюк адиб суврати минг сўмлик пул бирликларида акс этди.

Туркиялик татар олими профессор Рашид Аратлининг «Қутадғу Билиг»нинг тарихий учта нусхасини қиёслаб тайёрлаган, 6645 байтдан иборат асил матни ҳозирча дунёда асосий манбаа бўлиб турибди. Озарбайжонда эса бу матн тўла озарбайжон тилига шеърий таржима қилиб нашр қилинган.

Ўзбек Интернет нашрларида хусусан, Хуршид Давроннинг интернет кутубхонасида «Қутадғу Билиг»нинг Эмин Усмон ўзбекчага ўгирган шакли бор.

1070 йили Қошғарда оламдан ўтган ва кўпчилик Юсуф Баласоғуний дея биладиган Юсуф Хос Ҳожиб 1015 йили Боласоғун (Хозирги Тўқмоқ шаҳри) шаҳрида туғилди. Унинг ижоди гуллаган пайт Қорахонийлар давлатида кечди.

У яратган «Қутадғу билиг» асари туркиу дунëдаги энг муҳим адабиëт сифатида қадрланади. Фалсафий ва сиëсий трактат тарзидаги бу асарда “Кун тўлди” адолат, “Ой тўлди” бахт рамзи ўлароқ келади.

Муаллифнинг бизгача етиб келган бу ягона асари, хижрий 462 (1069-70)да ёзиб тугалланган «Қутадғу билиг» («Бахтлиланиш билими») бўлиб, муаллиф уни 18 ойда ёзиб тугатган. Асардаги тўрт рамзий қаҳрамон Кунтуғди (адолат), Ойтўлди (давлат), Ўгдулмиш (ақл) ва Ўзғурмиш (қаноат) тимсоллари орқали Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг ижтимоий-сиёсий, адабий-фалсафий қарашларини ифода қилган.

Асар бизгача уч нусхада етиб келган бўлиб, биринчиси сақланиш ўрнига кўра «Вена нусхаси» деган ном билан юритилса ҳам, аслида Ҳиротда 1439 йилнинг 17 июнида котиб Ҳасан Қора Сойил Шамс томонидан уйғур ёзувида кўчирилиб тугатилган. Иккинчи нусха кўчирилиш ўрни, топилиши ва сақланишига кўра «Қоҳира нусхаси» (Қоҳирадаги Ҳиду кутубхонасида сақланаётгани 1896 йилда маълум бўлган) деб номланади. Учинчи нусха «Наманган нусхаси» номи билан илмга кирган бўлиб, 1923 йили Фитрат томонидан қўлга киритилиб, Тошкентга келтирилган. А. Кононовнинг аниқлашича, ушбу қўлёзма мавжуд нусхалар ичида энг мукаммалидир. У 6329 байтдан иборат, маснавий (арузнинг «мутақориби мусаммани маҳзуф») вазнида ёзилган.

Асардаги илмнинг хосияти, билим бахт калити экани ва тил одоби хусусидаги қисмлардан парчалар келтирилади.

Манба: Eltuz.com