Россияга кетамиз…

Россияга кетамиз…
32 views
27 February 2019 - 16:26

Россияга кетамиз…
(шу кунларнинг гапи)

Мана, кўклам ҳам келди,
Кўчалар исиб қолди.
Ҳордиқ плани тўлди—
Россияга кетамиз!
Ёзда уй солиш керак,
Молу қўй олиш керак,
Кузга тўй қилиш керак,
Россияга кетамиз!
Чўнтаклар қуриб битди,
Қошиқлар оғиз йиртди…
Нархларам ошиб кетди –
Россияга кетамиз!
“Шиқиллатинг туёқни”,
деб хотин ер қулоқни…
(соғиндик русароқни)
Россияга кетамиз!
Онам дер: “Борма, болам!
Қуриб кетсин шу пулам”…
Кўзда кулги, дилда ғам –
Россияга кетамиз…
Қизим унсиз мунғаяр,
Юзин кўзёши чаяр…
Кенжам менсиз улғаяр,
Россияга кетамиз.
“Оқ йўл” тилашиб дўстлар’;
Дер “Тўлар каму кўстлар”,
“Айнитмасин “кўк кўзлар”—
Россияга кетамиз.
Учай десам, кам “соққа”
Пулим етмас учоққа…
Аста ўтиб қозоққа,
Россияга кетамиз!
Шеърим ўқиб, кулсангиз,
Бу қувонч-дард, билсангиз…
Кетдик, бекор бўлсангиз,
Россияга кетамиз!

Муслим Мирзажонов

facebook.com