Фарғонада шубҳали кимёвий модда юттирилган ўқувчи ҳалок бўлди

Фарғонада шубҳали кимёвий модда юттирилган ўқувчи ҳалок бўлди
33 views
02 March 2019 - 18:43

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 17-сонли мактабда 9-синф ўқувчиси унга шубҳали кимёвий модда юттирилиши оқибатида ўлган. 

Ўзбекистон туманининг Ўқчи қишлоғида 16 феврал куни содир бўлган бу воқеа ҳақида Озодлик 2 март куни хабар топди.

Озодлик суҳбатлашган марҳумнинг мактабдошлари болага синфдошлари карбид экани гумон қилинаётган кимёвий моддани мажбурлаб юттиришганини айтишди.

Оқибатда бола шишиб ўлган.

– Ўзи ювош бола эди. Шўх бойватчаларни болалари қандайдир моддани бунга мажбурлаб юттиришган. Бола уйига бориб сув ичганидан кейин, вой-дод, деб бақир-чақир қилган. Болани касалхонага олиб кетишди ва шу куни касалхонада бола жон берган, – деди марҳумнинг исми сир қолишини сўраган қариндоши.

Боланинг ўлими юзасидан жиноят иши очилгани маълум эмас.

Ўзбекистон тумани Ички ишлар бўлими ходими Озодлик билан суҳбатда бу воқеадан хабарсиз эканини айтиш билан чекланди.

Озодлик болага синфдошлари кимёвий моддани мажбурлаб юттиргани ҳақидаги иддаолар юзасидан Ўқчи қишлоғидаги 17-сонли мактабнинг директори уяли телефонига қўнғироқ қилди.

Мулоқот бошида ўзини мактабнинг вақтинча директори вазифасини бажарувчи эканини тасдиқлаган мулозим Озодлик мухбири саволларини эшитгач, “мен Дилшод акани укасиман”, – деб телефонни қўйиб қўйди.

Кейин у одамга қайиб боғланиб бўлмади.

Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармасининг Озодлик суҳбатлашган ходими Ўқчи қишлоғидаги 17-сонли мактабдаги воқеадан хабарсиз экани, холатни ўрганиб, кейин маълумот беришини айтди.

Марҳум ўқувчининг ота-оналари Озодликка гапиришга истак билдиришмади.

17-сонли мактабнинг исми сир қолишини истаган ўқитувчиси Озодликка мактаб раҳбарияти “воқеани бости-бости қилишга уринмоқда”, деб айтди.

Боланинг Озодлик суҳбатлашган қўшниси ҳам ишни бости-бости қилишга уриниш бўлаётганини айтди.

– Бола ҳам ўлимидан олдин дадасига “ҳеч нарсани ковламанг”, деб айтибди. Бир болани исмини айтибди. Қолган болаларнинг исми номаълум, – деди марҳумнинг қўшниси.

Фарғонада яшовчи ёзувчи Нурулло Отахон ҳам ўзининг Facebook саҳифасида Ўқчи қишлоғидаги воқеадан ларзага келгани ҳақида ёзди.

Дунёда нималар бўляпти?! Одамлар нимага бунақа ваҳшийлашиб кетяпти?! Уч-тўрт кун бурун биздан сал нарироқдаги қишлоқда 8-синфда ўқийдиган болалар синфдошларини қўлини қайириб туриб, оғзидан карбидми ё шунга ўхшаш бошқа нарсани тиқиб юборибди!

Ичини ёндириб, сув ичса, портлаб, бола ўлибди! Эшитганимдан бери унутолмаяпман, ўзимга келолмаяпман. 

Ёш болачалар-а!

Қаёққа қараб кетяпмиз!”, – деб ёзди ёзувчи.

Манба: ozodlik.org