“Ҳўккиз туғибди” дейишса ишонаман, лекин….

“Ҳўккиз туғибди” дейишса ишонаман, лекин….
29 views
03 March 2019 - 10:28

Бу дунёда энг қимматли нарса ишонч.
Уни пулга ҳам сотиб олиб бўлмайди одатда…
Ўша ишонч деганлари одам боласида умид уйғотади ва айнан ўша умид туйғуси бу оламда одамни “ушлаб” турадиган, тутиб турадиган устун вазифасини ўтайди….

1991 йилда туғилган ёш навоийшунос олим Акром Малик 2017 йилнинг 13 январ куни энг оғир айбловлар билан 5 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди: 159-, 244-моддалар….

Гоҳида Халқаро ҳамжамият билан бўлган учрашувларда “Мана, сизларда инсон ҳақлари кафолатланган. Мамлакатингизда Акмал Саидов бор, омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев бор, улар ўз ҳисоботларида юзлаб ноҳақликларни бартараф этишганларини фахр билан эътироф этишади” деб қолишади…

Аслида, ходим ўзини ўзи кўкка кўтармаслиги керак. Ҳар бир амалдорнинг ишига халқ баҳо берсин, аҳоли эътироф этсин…

“Яхши, майли, баски, ўша юзлаб адолатсизликларни бартараф этишга қурби етган омбудсманга мурожаат қилиб кўрайликчи, қандай хотима топаркин” деган ўйда Муҳаммадиевга Акром Маликка қўлланилган ҳақсизлик ҳақида ёзиб, кўмак сўрагандим…..

Муҳаммадиев одатига кўра мурожаатимни Бош прокуратурага копток қилган экан. Ўз навбатида Бош прокуратура мурожаатимни Тошкент вилоят прокуратурасига “ошириб” юборган чамаси-да.
Оқибатда арз ҳолимиз айланиб-айланиб шу кеча кундузда қўлимизга жавоб шаклида қайтиб келди.
Тошкент вилоят прокурори ўринбосари, адлия катта маслаҳатчиси Караев имзолаган мазкур жавоб хатида “Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ” деган мазмун шундоққина уфириб турибди…

Акром Малик “… ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб… Акром Маликга …жазо … қонун доирасида тайинланган… Бош прокуратурага тақдимнома киритишга асос аниқланма”ганмиш….

Одатда ўша “иқрорлик” қандай йўллар билан олинишини барчамиз яхши биламиз….

Бирор бир қонун идораси ходими ёш иқтидорларни “дело”сини ҳафсала билан қайта урганайлик, хато бўлса, тузатайлик демас экан-да ҳеч….

Очиғи, “ҳўкиз туғибди” дейишса, ишонаману, бироқ “Бизда, қонун идораларида ўзгаришлар бўлмоқда” деган гапни эшитсам, бовар қилмайдиган бўлиб қолганман….

Қараевнинг қарашларидан Мирзиёевга ёзган мурожаатимизу, Акром Маликни озод этиш мақсадида уюштирган петициямизнинг тақдири ҳам равшандек кўринди менга…

Мабодо “Ички тартибни бузган”лиги учун яна 3 йил қўшиб беришмаса, Акромнинг “до звонок” ўтириши аниқ бўлиб қолди, адашмасам…

Начора, бир олим ўғлимизнинг панжара ортида ўтириши ортидан мамлакатимизнинг хавфсизлиги таъминланса, биз бунингдек кўргуликка ҳам розимиз….

Малоҳат Эшонқулова
Мустақил журналист, ҳуқуқбон

facebook.com