«Эрк» демократик партияси Марказий Кенгашининг баёноти

«Эрк» демократик партияси Марказий Кенгашининг баёноти
95 views
03 March 2019 - 15:31

«Эрк» демократик партияси Марказий Кенгашининг
БАЁНОТИ

Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, шу йилнинг январ ва феврал ойларида Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик хизмати (ДХХ) гўёки «Эрк» демократик партияси ташкил топганининг юбилейидан аввал ва кейин (2019 йилнинг март ойидан бошлаб, май ойигача) Ўзбекистонда ўз фаолларининг йиғилишини ташкиллаштириш ва оммавий норозилик намойишларини уюштиришни режалаштираётгани ҳақда «ваҳимали» хабарлар тарқата бошлади.

Бу мазмундаги «ҳисобот»лар Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши, президент аппарати ва мамлакат куч ишлатар тизимларига етказилган. Бундай ёлғон хабарларни тарқатиш давом этмоқда.

Шу муносабат билан, «Эрк» демократик партиясининг Марказий Кенгаши баён қиладики, партия раҳбарияти ва унинг фаоллари Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қандай юбилей тадбирлари ёки оммавий норозилик намойишлари ташкиллаштиришни ва амалга оширишни ражалаштираётгани йўқ.

«Эрк» демократик партияси Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизматининг юқорида таъкидланган «ҳисобот»ини «Эрк» партиясини обрўсизлантиришга қаратилган ёлғон хабар, дея ҳисоблайди.

Шунингдек, «Эрк» Марказий Кенгаши хизматнинг бу ҳатти-ҳаракатларини давлат раҳбарияти кўз ўнгида яна бир бор «Эрк» партиясидан душман ва ўзига хос “Олабўжи” яратишга уриниш, деб баҳолайди.

«Эрк» демократик партиясининг Марказий Кенгаши, бундай хабарлар билан ДХХ собиқ раҳбарларининг (шу жумладан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раисининг собиқ биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов) тарафдорлари ўзларининг шу йил баҳорида республика ҳудудларида оммавий тартибсизлик уюштиришга тадорикларини яширишни истаётганликлари эҳтимолдан ҳоли эмас, деб ҳисоблайди.

Муҳаммад Солиҳ
«Эрк» демократик парияси раиси

3 март, 2019 йил