УСТОЗ ВАФОТИ

УСТОЗ ВАФОТИ
31 views
03 March 2019 - 16:06

Миллатимиз маънавияти ва маърифатининг виждони эдилар, УСТОЗ….

Ҳар сафар хонадонларига борганимда хонтахта олдида 4-5 та китоб, қайсидир мақолани қоралаб ўтирган бўлардилар. Улар билан тилимизнинг софлиги бузилаётганлиги билан суҳбатлашардик. Ҳатто ТВ, радио, газета ва журнал, китобларда учраётган хатоларни қайд қилиб борадиган ёндафтарчалари ҳам бор эди. Қайси кўрсатув ёки эшиттиришда кўрган, эштган орфоэпик хатоларни кўрсатув ёки эшиттириш номи ва эфир соатигача қайд этиб қўярдилар. Устознинг ёнларида хато гапириб қўйишга қўрқардим, нутқимда жумлани нотўғри қўлласам баъзан дакки ҳам эшитардим. Ҳақиқий маънода МАЪНАВИЙ ОТАМ эдилар… Нотўғри айтдим, МАЪНАВИЙ ОТАМЛАР…

Бундан уч ҳафталарча аввал Абдуназарбахши Поёнов ижодий учрашувидан олдин устоз билан кўришиб анча суҳбатлашган эдик. Домланинг ранглари сал заъфаранроқ кўриниб, “Устоз тузукмисиз?”- деб сўрасам, “Шукур, ҳа, энди бизники қаричилик-де..” деб касалхонага профилактик даволанишга ётомоқчиликларини, шунинг учун бахши билан учрашиб, янги китоб чиқаришларини билдирдилар. Бахшига эса, достонни тезроқ овозли ёзувга ёзса, унинг матнини тушириб, китоб чиқаришларини уқтирдилар ҳамда бу ишни зудлик билан бажариш зарурлигини айтдилар. Хулласи калом, устознинг ЎҚИТУВЧИ нашриёти орқали икки достонни матнли ва аудиокитоб шаклида китоб чиқариш ниятлари бор эди. Бу ишни жадаллик билан ҳоллари келганида ўзлари, бўлмаса рафиқалари Муҳаббат келинойи ёки қизлари Мўътабар опамларга айтиб туриб ёздирибдилар.

“Устоз, касал бўлиш Сизга ярашмас экан, апрель ойи бошида ўтадиган Сурхондарёдаги бахшичилик фестивалида ўзингиз аҳли уламога бош бўлиб турасиз…” десам, “ЭҲ…” дегандилар. Ўша “эҳ”нинг моҳиятини бугун англаб турибман.

Ўзларига келгач, касалхонадан рухсат беришган, аҳволлари тузук экан. Кеча эрталаб устозимни нохуш туш орқали кўргач, зудлик билан уйларига ўтмоқчлигимни айтиб келинойимларга телефон қилсам, об-ҳаво таъсиридан тоблари йўқлликларини билдирдилар. Келгуси ҳафтада ўтишни режалаштириб тургандим…. Нохуш хабар….

Ҳаётларида қандай жилмайиб юрган бўлсалар, шундай нурли бўлиб жилмайиб кетдилар… Бугун охирги кўрган қиёфалари охиратгача шундай бўлиб хотирамда муҳрланиб қолади. Охиратингиз обод бўлсин УСТОЗИМ!!!!

УСТОЗ баҳорни ўрик гуллаган пайтини севардилар. Ҳар баҳорда ўрик гуллаган пайтда бир қанча улфатлари билан Фарғона водийсига ўрик сайлига чиқиб кетишарди.

Айнан ўрик гуллаган пайтда охиратга рихлат эдилар…

Соат 22-00, 2 март, 2019 йил….

Нигора Умар