Ҳижома ҳақида

Ҳижома ҳақида
32 views
08 March 2019 - 10:27

ҲИЖОМА ҲАҚИДА

«Ўзингга раво кўрганни бошқага илинмагунча мусулмон бўлмайсан!»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур ҳадисларига мувофиқ, ўзим фойдасини кўрган муолажани кўпчиликка илингим келди.

Бугунги кунда ҳижома ‒ қон олдиришнинг фойдасини одамларимиз аста тушуниб бормоқда. Лекин ҳали ҳам кўпчилик бундан ҳадиксираб, ўзини эҳтиётлар экан. Тўғри, бу нозик иш, унда тозаликка қаттиқ риоя қилиш керак. Бироқ, бу иложсиз иш эмас, хусусан, бугунги қулайликларда ҳижомани тозалик борасида ҳеч бир хатарсиз бажариш мумкин.

«Ҳижома» ‒ сўриш дегани. Одатда қон олганда қортиқ ё шу каби воситалар орқали қонни баданни сўриб чиқарилгани учун шундай номланган.

Ҳижома жуда узоқ тарихга эга, энг қадимги даволаш усулларидан саналади. Инсонлар унинг фойдаларини 5000 йилдан бери кўриб келадилар. Миср Фиръавнлари, Рум императорлари, қадимги Хитойда ва араб жоҳилиятида ҳам қон олиш билан даволаш мавжуд бўлган. Ислом келгач, бу муолажани қўллаб‑қувватлаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир қатор ҳадисларида ҳижоманинг манфатларини таъкидлаганлар ва қайси кунлари фойдалироқ бўлишин ҳам айтганлар.

Имом Бухорий «Саҳиҳ»да қон олдириш хусусида жумаладан қуйидаги ҳадисларни келтиради:

1. Анас розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қон олдирар эдилар ва ҳеч кимнинг ҳақига зулм қилмас эдилар».

2. Ҳумайд Тавил хабар қилади:
Анас розияллоҳу анҳудан қортиқчининг хизмат ҳақи хусусида сўралди. Шунда у деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қон олдирдилар. Қон олган Абу Тойба эди. Унга икки соъ егулик бердилар ва хожаларига айтган эдилар, ундан (кунлик тўловини) енгиллатишди.
У зот: «Даволанадиган нарсаларингизнинг энг афзали қон олдиришдир», дедилар».

3. Осим ибн Умар ибн Қатода шундай сўзлаб берди:
«Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо Муқаннаъни кўргани борди. Кейин: «Қон олдирмагунингча кетмайман, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, бунда шифо бор», деяётганларини эшитганман», деди».

4. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар даволарингиздан бирортасида яхшилик бўлса, асал ичиш ё қортиқ солиш, ёки ўтда бир жазиллатишдадир. Лекин мен куйдирма босишни суймайман», деяётганларини эшитдим».

Ушбу ҳадисдаги «қортиқ солиш» деб ўгирилган ибора «тиғ билан тилиш»ни билдиради. Ҳа, қон олдиришда айнан тиғ билан тилишнинг фойдаси катта. Игна билан тешиб ёки зулук ёрдамида қон олдирганда бу фойда бўлмайди.

Имом Бухорий «Қайси вақтда қон олдиради?» деган сарлавҳа остида Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг тунда қон олдирганини, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўза ҳолатда қон олдирганаларини нақл қилади.
Имом Теримизий ривоят қилган ҳадисларда қон олдириш учун энг яхши саналган кунлар айтилган:

Анас розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ойнинг 17 ва 19 кунлари қон олдирардилар», дейди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳижома қилдирадиган кунларингизнинг энг яхшилари 17, 19 ва 21 кунларидир», деганлар.

Хуллас, қон олдиришда жуда кўп манфаат бор. Қон босим ошиши, инсульт, инфарк, диабет, бош оғриғи, оёқ увишиши, аллергия, томоғ оғриқ, заифлик ва ички аъзолардаги бир қатор касалликларни қон олдириш билан даволаш мумкин. Ҳатто қон камлигига ҳам қон олдириш фойда қилар экан.

Қон олдирганда қондаги балғам (тўлиқ қонга айлана олмаган суюқлик), шамоллашликлар баратараф бўлади, тумовнинг асоратлари кетади. Жиғилдон қайнаши, ҳазмга доир касалликларни даволашда ҳам яхши натижа беради. Бошдан қон олдирганда кўз равшанлашади, зеҳн ўкирлашади, хотира ва ақлий фаолият кучланади.

Аслида кўп касалликлар қон яхши айланмагандан келиб чиқади. Ҳижома эса айнан қон айланиш тизимини ростлайди, қонни тозалайди. Ахлат қонлар олиб ташлангач, жисм янги қон ишлаб чиқаради. Шунинг ўзи жуда кўп касалликларни аритади.

Очиғини айтганда, бироз шамоллашлик ва ошқозон‑ичак фаолиятидаги айрим муаммолар туфайли бу йил кўп дори қабул қилдим. Олдин камдан‑кам дори ичардим. Дорилар вақтинча фойда бердию, касални бир йўла бартараф этолмади. Қарасам, дорилар адади кўпайиб боряпти, муаммо чуқурлашиб кетяпти, касаллик чекинай демайди. Таваккал қон олдирган эдим, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, шифога сабаб бўлди. Қисқа қилиб айтганда, қон олдириш менга юзта доридан яхши фойда берди. Шифокорларимиз маъқул топганларида беморларига қон олдиришни ҳам тавсия қилиб турсалар бўлар экан. Қонни ювамиз деб шиша‑шиша дори қуйгандан кўра бир шиша қон олдирган фойдали.

Хуллас, соғлом одам ҳам, модомики, тиббий монелик бўлмаса, йилда бир қон олдириб турса, фойда топади. Хусусан, эракалар қон олдириб туриши лозим.

facebook.com