Покистон Ўзбеклари

Покистон Ўзбеклари
29 views
08 March 2019 - 10:33

Покистонда минглаб ўзбеклар яшайди. Уларни икки гуруҳга бўлиш мумкин. 20-аср ўрталарида қарийб 5000 оила Ҳиндистондан Покистонга ўтган. Уларнинг деярли барчаси кейинчалик Туркияга муҳожир бўлиб жўнаб кетган. Покистонда яшовчи ўзбеклардан бўлган ижтимоий фаол Аъзам Ҳошимийнинг саъй-ҳаракатлари билан улар Туркия ҳукумати томонидан қабул қилинган.

Аъзам Ҳошимийнинг ўғли Ўғуз Ҳошимий бугунги кунда Покистоннинг Равалпинди шаҳрида истиқомат қилади. 71 ёшли отахон Покистонга ўтган аср ўрталаридан борган ўзбеклардан фақат 20 оила қолганини, бошқалари Туркияга кўчиб кетганини айтади.

“Енг охирги марта отам Туркия элчиси билан гаплашиб, 10 нафар туркистонлик муҳожирларни Туркияга жўнатдилар. 1972-йили отам мен билан гаплашаётган чоғи Туркияга кетишимизни айтган эди. Ҳеч бўлмаса тилимиз йўқолмайди, деганди. Лекин орадан 6-7 ой ўтиб дадам вафот этдилар. Ҳозир 20 оила ўзбек қолган (20-аср ўрталарида борган ўзбеклардан), улар тилларини умуман унутганлар. Ўзимни айтадиган бўлсам, болаларим ўзбек тилини билмайди”, – дейди Ўғуз Ҳошимий.

Суҳбатдош Туркияга борганида ўша ўзбек оилалар билан учрашган. Аъзам Ҳошимийнинг вафотидан сўнг қолган ўзбеклар, жумладан унинг оиласи ҳам Покистонда қолиб кетади. Бу давлат фуқаролигини олгани сабаб барча ҳуқуқлардан баҳраманд.

Лекин 1980-йилларда Афғонистоннинг турли вилоятларидан Покистонга борган ўзбеклар оғир аҳволда яшайди. Мир Муҳаммад Улус Афғонистонинг Бағлон вилоятидан борган, ҳозир 39 ёшда. У Покистонда ҳатто мактабга қатнаш насиб қилмаганини айтади.

Суҳбатдошга кўра, муҳожир ўзбекларнинг аксарияти Кветта шаҳрида яшайди.

“Ҳаёт ҳаммага бир баравар эмас. Афғонистоннинг Бағлон вилояти, Ҳасантол ҳудудидан келганмиз. Муҳожир бўлишимизга уруш сабабчи бўлган. Руслар Афғонистонга бостириб кирганида ҳукумат тарқалиб, одамлар ҳар ёққа қочишган”, – дейди у.

Покистонда яшаётган ўзбекларнинг кўпчилиги мардикорлик қилиб кун кечиради. Урф-одатларни сақлаб қолиш қийинлашган, дейди Мир Муҳаммад. Покистон Бош вазири Имрон Хон бу ерда туғилган Афғонистонлик муҳожирларга паспорт берилишини ваъда қилган эди. Ҳозиргача ҳеч ким бундай ҳужжатни қўлга киритмаган.

“Тижорат қиладиганларнинг тирикчилиги анча яхши. Мардикорчилик билан машғул одамларнинг аҳволи анча оғир. Бир кун топса, икки куни топа олмайди”, – дейди Мир Муҳаммад.

Покистон халқи муҳожирлар билан яхши муомалада. Нур Муҳаммад исмли яна бир суҳбатдош Покистонда туғилган, 33 ёшда. Унинг айтишича, одамларнинг ойлик даромади 100-150 долларни ташкил қилади, яшашга етарли эмас. Муҳожирлар болалари ўқишга кира олмайди. Ҳукумат мактаблари улар учун ёпиқ, хусусий мактабларга беришга оилаларнинг қурби етмайди.

“Болаларни хусусий мактабга ўқишга қўйиш учун ҳар ойда 45-50 доллар керак”, – дейди суҳбатдош.

“Бир одам ойида жуда кўп ишласа 150 доллар топади. Бугун топамиз, бугун еймиз”, – дейди Нур Муҳаммад.

Кветтадаги ўзбек оилалар гуруҳ-гуруҳ бўлиб яшайди. Уларнинг Покистондан бошқа жойга кўчишга имконияти йўқ.

©Абдулбасир İлғор

facebook.com