Президент Мирзиёев мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини оширишни буюрди

Президент Мирзиёев мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини оширишни буюрди
29 views
10 March 2019 - 11:17

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга оид чора-тадбирларни тизимлаштириш тўғрисида”ги фармонга имзо чекган.

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот каналида хабар қилмоқда.

Президент фармонига мувофиқ, халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашни мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон ҳукуматида махсус комиссия тузилади.

Ўзбекистон кўплаб устивор халқаро рейтинг ва индексларда ночор ўринларни эгаллаб келмоқда.

Хусусан, коррупция бўйича ҳар йили тузиладиган нуфузли Халқаро Транспаренси индексида Ўзбекистон 2018 йилда 180 давлат ичидан 158-ўринни эгаллаган.

Шунингдек, сиёсий ва диний эркинликлар, ҳамда матбуот эркинлиги ва қонун устиворлигини баҳолайдиган Freedom House ташкилотининг охирги рейтингида Ўзбекистон “Эркин эмас” тамғали давлатлар қаторига киритилган.

Жаҳон Банкининг йиллик “Бизнес қилиш” рейтингида эса Ўзбекистон 74-ўриндадир.

Президент фармонига кўра, Ўзбекистонда халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси тузилиб, унинг асосий вазифаси мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун устувор йўналишларни белгилаш ва амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириб бориш ҳисобланади.

ЎХҲ ахборот бўлими