Билиб-билмай гапириш

Билиб-билмай гапириш
34 views
12 March 2019 - 10:51

«Яхши гумонда бўлаётганлар»га, «Опа киноя қилмоқчи бўлган», «истеҳзо қилмоқчи» бўлган деяётган «оқловчи»ларга саволим бор:

Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Медиа марказида Бош мутахассис бўлган;

айни дамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикасининг чет элларда ижобий имиджини шакллантириш – PR-марказ вазифаси ижроси, шунингдек, агентликнинг давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш каби вазифалар учун масъул бўлган;

мақоми Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарига тенглаштирилган аёлнинг биттагина масалага ўз фикрини эплаб тушунтиролмаслиги, ўзи ўзбек бўла туриб «русийзабон» экани ва ана шундай савия билан бутун ўзбек матбуотига раҳбарлик қиладиган идорада масъул лавозимда ўтириши қайси қуюшқонга сиғади? Шармандалик эмасми бу?!

Биз оддий ижтимоий тармоқларда битта арзимас пост қўйиш учун, биттагина изоҳ ёзиш учун аллақанча ўйлаб-фикрлаймиз, газета ишидаги эҳтиёткорликни-ку қўяверинг! Бу эҳтиёткорлик – қўрқишдан эмас асло, кўз ўнгимизда шу ёзаётганларимизни ўқийдиган, унга муносабат билдирадиган ХАЛҚнинг, МИЛЛАТнинг андишаси туради! Ҳар бир мақола устида соатлаб ишлаймиз, сўзлардан, иборалардан чиқадиган маъноларни таҳлил қилиб кўрамиз.

Нега бу аёл ҳеч бўлмаса КИМЛАР ҳақида фикр билдираётганига эътибор қилмайди?! Эртага у бутун ўзбек матбуотига нима каромат кўрсатади?! Чет элларда нимани «пиар» қилади?!

Нима десангиз денг, лекин «шаллақи», «сўтак» деган сўзларнинг маъносини биладиган одамнинг ўз фикрини эплаб тушунтиролмайдиган даражада «русийзабон» экани ишонарсиз нарса! Агар ростдан ҳам эплаб гапиролмаса, жим тургани маъқул эди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

– Банда билиб-билмай бир сўзни айтади ва у туфайли дўзахнинг мағриб билан машриқ орасидан ҳам чуқур жойига тушади» (Аҳмад, Бухорий, Муслим ривоятлари).

Эътибор беряпсизми, ҳадисда «билиб-билмай» дейилган. Икки олам сарвари ҳақида эса билиб-билмай гапириш умуман мумкин эмас! Бу аёл КИМ ҳақида гапираётганини яхши билган! Ва умуман, гапни эътиборсизлик қилиб, бузиб гапириш ҳам тилнинг энг катта офатларидан эканини барча уламолар таъкидлаганлар. Мана, битта офатини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз.

Дилфуза Комил

facebook.com