100 йиллик дарахтларимизни шафқатсиз кесаяпмиз, ҳавомиз ифлосланаётгани бизни ўйлантирмайди

100 йиллик дарахтларимизни шафқатсиз кесаяпмиз, ҳавомиз ифлосланаётгани бизни ўйлантирмайди
28 views
17 March 2019 - 10:19

Ўзбекистонда тунда осмонга қараб юлдузлар аввалгидек ёрқин эмаслигига эътибор берганмисиз?

Сони ҳам кам.

Ёз кунлари тонг отаётган маҳал автомобилда саёҳат қилаётган бўлсангиз, бир кун олдин осмонга кўтарилган чанг-ғубор эрталабгача ҳам тарқалмаганини кўрасиз.

Илгарилари 30-40 километр узоқликдаги тоғ-адирликлар ҳам кўзга кўринарди, бугун эса уларни еру кўкни қоплаган туман тўсади.

Бунинг ягона сабаби ҳавонинг ифлослангани, атмосферага тобора кўп чиқарилаётган карбонат ангидриднинг сўрилмаётганидир.

Мактаб боласи ҳам карбонат ангидридни дарахтларнинг барглари ўзига сўриб олиб, ўрнига тоза кислород чиқаришини билади.

Аммо сўнгги 10 йилда Ўзбекистонда гўёки шаҳарларнинг чиройини янада очиш баҳонасида дарахтлар аёвсиз кесилди ва кесилмоқда, бунга мамлакат парламентида ўрин берилган Экологлар ҳаракати ҳам, асосий вазифаси табиатни ҳимоя қилиш бўлган қўмиталар ҳам норозилик билдиришга журъат этмадилар.

Чинорларнинг гўёки инсонларнинг саломатлигига салбий таъсири тўғрисида илмий исботланмаган важлар ўйлаб топилди, ҳукуматдаги амалдорларга яқин корчалонлар сояси йўқ арча бизнесидан даромад кўрдилар, мебель бизнеси ҳамон гуллаб-яшнаяпти.

Олдин Чўлбайирдан пастга қарасангиз, бутун Сурхондарё кафтингизда тургандек кўринарди. Олдин Чўлбайирдан пастга қарасангиз, бутун Сурхондарё кафтингизда тургандек кўринарди.

Йўлларимиздаги автомобиллар чиқараётган тутун миқдорининг хавотири Шўролар замонида ҳозиргига қараганда кучлироқ эди, дейиш мумкин.

Ўзбекистон ҳавосининг ифослангани қароргоҳи Швейцарияда жойлашган халқаро AirVisual ташкилотининг ҳисоботида ҳам ўз аксини топди.

AirVisualнинг 2018 йилга бағишланган ҳисоботида ўтган йилнинг дастлабки тўрт ойида Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиши қанчани ташкил этгани ҳақида маълумот йўқ.

Шунда ҳам Тошкент ҳавоси 34,3 балл тўплаган ва дунёнинг ҳавоси энг ифлослангани шаҳарлари орасида 309-ўринни олган.

AirVisual харитасида Ўзбекистон ҳавоcининг сифати индекси носоғлом деб кўрсатилади.

AirVisual ҳавонинг сифатини “Яхши”, “Ўрта”, “Таъсирчан ёки сезгир гуруҳлар учун носоғлом”, “Носоғлом”, “Жуда носоғлом” ва “Хатарли” деб бўлиб чиқади.

Air Visual screenshot

Бу йил Ўзбекистондаги барча дарахтлар инвентаризация қилиб чиқилиши ҳақида хабар берилди.

Дарахтлар инвентаризациясини 1 июнгача ўтказиш режаланган.

Ўтган йили “Mening fikrim” порталида дарахтларнинг ноқонуний кесилишига қарши онлайн-петиция 12 мингдан ортиқ имзо тўплаганди.

Toshkent

Олий Мажлис ўз тарихида биринчи марта фуқароларнинг онлайн-петициясини кўриб чиққан, аммо ундаги таклифларнинг аксариятини рад этган.

Жумладан, парламентнинг қуйи палатаси мамлакатда дарахтларнинг кесилишини назорат қилувчи алоҳида ваколатли орган ташкил этишга эҳтиёж йўқлигини айтган.

Қонунчилик палатаси масъул идораларга дарахтларнинг кесилиши устидан назоратни кучайтиришни топширган.

Пойтахт Тошкент ва вилоятларда 2009 йилдан бошланган оммавий дарахт кесишларда табиатга жами қанча зарар етказилгани маълум эмас.

Вилоятларда қанча дарахт кесилганига оид расмий маълумот йўқ.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек