Мансаб ва ижод…

Мансаб ва ижод…
29 views
17 March 2019 - 21:49

ШУҲРАТ РИЗАЕВГА ОЧИҚ ХАТ

Шуҳрат ака, ёдингизда бўлса, Ойбек домланинг ховлиларига, кейин ўзингиз туғилиб ўсган уйга бориб турардим (яқинда қўнғироқ қилсам, танимадингиз). Аввалига ҳайрон бўлдим, кейин гап нимадалигини тушунгандек, ноқулайлик туйдим.

Аслида, бошқаларни билмадиму, мен учун сиз барибир ўша ўзим билган Шуҳрат ака бўлиб қолаверасиз: бу ҳақда ҳатто Шукур Жаббор билан баҳслашиб ҳам олдим, унинг фикрича, сиз ҳам бошқаларга ўхшагансиз, мен билган Шуҳрат ака энди йўқ эмиш.

Тўғри, орадан кўплаб сувлар оқиб ўтди, ўша даврлардаги бизлар билган ажойиб ижодкорларнинг анча-бунчаси ҳозир ҳаёт эмас, борларининг ҳам аксарияти ўзгарган – ижод билан эмас (қани ўша ижод), мансаб билан керилиш русум бўлиб қолган. Мансаб ўз эгасини ижоддан, ижод эса – мансабдан қизғонишини гўёки билишмайди. Икковининг ҳам ўз ички қоидалари бор. Иккови ҳам ўзини баҳшида этмаганни жазоламай ва ёки баҳшида этганни мукофотламай қўймайди…

Камдан-кам одамга насиб этади икковининг ҳам этагини тутиш. Сиз айнан ўша иккинчи тоифага мансубдек таассурот уйғотасиз. Йўқса, мансабдан ортиб ижоднинг ҳам эпини қилаётганингизни қандай изоҳлаш мумкин? (Телевизор ёқилса, бас: ё адабиёт ёки кино ҳақида гапираётган бўласиз). Бир нарсани аниқ биламан: мансабни олиб қўйишлари мумкин. Лекин, дурдона асар яратсангиз, ҳеч ким, ҳеч қачон(…)олиб қўёлмайди. Асил, туғма истеъдод соҳибининг қалбида ва тафаккурида ҳатто валломати даҳл этолмайдиган шундай бир ҳудуд мавжудки, ўша ҳудудда у ҳамиша озод!

Эврилишлар даври, қилар ишини қилди: тегирмонидан жуда озчилик бутун чиқди. Шунисига ҳам шукур, дейман. Барчани каби, (сиртларидан) Вақт кемираётганга ўхшасада, бутун қолганларни, ҳатто қариб-чиришигача ҳеч нарса мавҳ этолмас экан, йиллар чўт эмас бундайлар учун, бир-бировини минг йил кўрмаса ҳам, ҳудди кечагина кўргандек, орада, инсоний муносабатда, ҳеч бир ўзгариш сезилмайди, гўёки уларнинг асил (ички) қиёфаларини, дунёқарашларини яксон эта оладиган нарсанинг ўзи мавжуд эмасдек. Жумладан, ялтур-юлтур ҳаёт, мансабу моддий дунё имтиёзлари ҳам. Ҳайрон бўлдим деганда, шуни назарда тутган эдим. Чунки, ижодиётга эланиб тушунганим шу бўлдики, дунёвий адабиёт – парадокслар майдони: у ерда иерархияни мансаблар эмас, ижодиёт савиясининг даражаси белгилайди. Яъни, қайсидир катта креслони банд қилиб ўтирган тўрака, уч пулга қиммат китоблари учун, (йўлини топиб) давлатнинг маблағ ва қоғозларини увол қилаётган (каламушдек кемираёган) бир пайтда, бошқа бир ҳеч ким билмайдиган ёзувчи шедевр яратиши мумкин!

Катта-катта ижодкорлардан чиққан буқаламунларнинг қанчасини кузатганман. Уйларидаги жавонларини ўз китоблари ва сайланмалари билан тўлдириб ташлашади. Уларни ким ўқийди, деб савол берадиган одамнинг ўзи йўқ! Ўз қалбига, томиридаги лаёқатига (босар-тусаригача эврилиб) орқа ўгирганларнинг аксариятини Ижод парилари энг ноёб туҳфадан маҳрум этиб, чинакамига (шолга ўхшатиб) ёзолмайдиган қилиб қўйганлиги гувоҳи бўлдим. Туғма лаёқати ўтмаслашиб, ижоди табиий тусини, фасоҳатини, малоҳатини йўқотиб, муносиб даражада ёзолмайдиган бўлиб қолиш, ҳақиқий ижодкор учун, басирлик билан баробар эмасми?

Орада ўтган даврда, энг қийналган пайтларимда ҳам, вақтингиз ҳамиша тиғизлигини кўриб, билиб-ми, ортиқча безовта қилмаганман. Балки, шуниси ҳам тўғри бўлгандир, қайсики тақдир ўз синовларидан, адабиёт ва фалсафа олами эса, чиғириғидан истаган ҳолату, силсилалари йўсинида мени ўтказиб олди. Шунақа фикрлашга изн берадиган ижодий поғонага чиқиб олганимга анча бўлган. Фақат, имкониятларим чекланган эди. Шунинг учун, тўйдан олдин ноғора чалмадим. Кутдим. Кутган куним келди. Энди, ўзим хақимда аёнлик беришга қалбим тубларидан садо келаяпти…

Маълум бир давр оммавий ижод фаолиятларидан узоқлашган эсам-да, ҳеч бир пайт дунёвий адабиётдан узоқлашган эмасман. Ҳамиша ўша билан нафас олганман. Ижод кишисининг табиати бошқаларникидан анчайин латиф бўлибгина қолмай, ижодга касб деб қарайдиганлар билан, уни кўнгил ришталарига ҳамоҳанг биладиганлари ҳам бир-бировидан фарқ қилар экан. Зотан, адабиётга мутлақо алоқаси бўлмаган юмушлар билан ҳаётимда кўп ўралашиб қолган бўлсам ҳам, адабиётнинг ичида юрганларнинг бирортасидан кам ўзлаштирганим йўқ, илмини ҳам , ижодини ҳам…

Хозир, чин маънодаги, ижодга қайтишдек бир ҳодисотни бошимдан кечираётирман. Турли мавзу, соҳа ва йўналишларни қамраб оладиган қизиқарли китоб чоп этишни режа қилиб юрибман. Сизнинг билдирадиган фикрингиз мен учун муҳим эди. Дуч келган мутахассисга кўрсатадиган манбааларимнинг ўзи йўқ. Сизни ёшлигимдан билганим учун, кўнглимга яқин оламан, шунинг учун, энг беғубор ҳаётим ёлқинларини ёдимга солиб турадиган бир акамга мурожаат қилаётгандек ёндошаётирман…

Бир куни, йўқлаб Дўрмонга борганимда, ховлидаги ижодкорлар гурунгидан кейин, сиз ухлагани кириб кетиб, мен Шукур ака (Холмирзаев) билан тонгни қаршилаганман. Эрталаб ошхонада Найим ака, сиз ва мен учовимиз биргаликда нонушта қилаётганимизда, ичкаридан – ошпазлар бўлмасидан Абдулла ака чиқиб келиб, столимизга ўтирган ва тасодифий ўтиб кетаётган студент болани тўхтатиб: ”Мени танияпсанми?”- деган. Шўринг қурғур студент талмовсираб: ”Сизни ким танимайди?”- деса, Абдулла ака: ”Бор, – дея орқамиздаги барга ишора қилган, – битта ароқ олиб кел!”…Қизиғи шунда эдики, эндигина ҳаж сафаридан қайтган, оппоқ ҳожилар либосига ўралиб олган салафимиз, пиёладаги заққумни симириб, учовимизга Муқаддас Қуръон ва пайғамбаримиз ҳақида ваъз ўқий кетганларида, ўшал жирканч манзарани хазм этолмасдан, бетларига шартта кўнглимдагини гапириб юбориб, Наим ака икковингларни ноқулай вазиятга солиб қўйганман. Балки, орадан йигирма йил ўтгандир, бироқ…мен, ҳали-ҳануз ўшаман. Бир туки ўзгармади қарашларимнинг. Нима бўлганда ҳам, барча-барчаси қайтадан, теранроқ ва бетакрор қилиб ёзишим учун, менга ҳаёт ва қисмат томонидан берилаётган имкониятга ўхшаяпти.

Бебаҳо вақтингиздан жиндагини қийиб, эътиборни лозим топсангиз, кифоядир: бугунга қадар тўғонга айланиб қолган тафаккурим ва қалбим издиҳомида латиф бир туйнук хосил бўлибдики, ҳадемай унга йиғилиб қолган ҳавза тўғонни ёриб, ўзига йўл очишига аминман…

Бахтиёр АҲМЕДОВ

facebook.com