Туркманистон Ўзбекистонга маҳсулот олиб ўтишни тақиқлади

Туркманистон Ўзбекистонга маҳсулот олиб ўтишни тақиқлади
33 views
18 March 2019 - 10:43

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Туркманистон Чегара хизмати Дашўғуз вилояти аҳолисига Ўзбекистонга маҳсулот олиб ўтишни тақиқлаган.

«Хроника Туркменистана» нашрининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, бунга қадар Россия паспортига ёки ўзбек визасига эга бўлган туркманистонликларга Ўзбекистонга 10 килограммгача бўлган миқдорда маҳсулот олиб киришга рухсат берилар эди.

“Асосан улар қўшни давлатга туркман текстилини олиб ўтишар эди. Уни сотгач, Туркманистонда қиммат ёки камёб бўлган товарлар, масалан, сигаретларни сотиб олишар эди. Лекин 10 мартдан бошлаб Туркманистоннинг “Дашўғуз автодорожний” чегара пунктидаги чегарачилар 10 кило маҳсулот олиб ўтишга рухсат йўқлигини айтмоқдалар. Ўзбекистон томони эса товар олиб чиқиб кетишни тақиқламаган”, дейилади хабарда.

Озодлик радиоси туркман хизмати эса Дашўғуз вилоятининг Кёнеургенч туманидаги божхонада Ўзбекистонга рангли метал олиб ўтмоқчи бўлган 8 нафар юк автомашинаси ҳайдовчиси қўлга олинганини маълум қилди.

Қўлга олинган ҳайдовчиларнинг барчаси Туркманистон фуқароларидир. Қўлга олинганлар юк қонуний асосларда расмийлаштирилганини ва барча ҳужжатлар мавжудлигини айтмоқдалар.

Хабарда айтилиишча, ҳайдовчилар юкни Ўзбекистон орқали Қозоғистонга етказишлари керак бўлган. Бироқ туркман томони ҳайдовчиларни рангли метал билан ноқонуний савдо қилганликда айбламоқда. Уларнинг барчаси ҳибсда сақланмоқда.

ЎХҲ ахборот бўлими